Cаида Мирзиёева: «Болаликка қайтгандек бўлдим» (фото)
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси АВС Design (Латвия) нашриёти билан бирга «Muzey qanday tuzilgan» болалар китобининг ўзбек тилидаги мослаштирилган таҳририни нашрдан чиқардилар.
Шу муносабат билан бугун Тошкент Политехника музейида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур китобда рассом Давид Бём ва матн муаллифлари Одржей Хробак, Ростислав Корычанек ва Мартин Ванеклар ўқувчиларни музейлар тарихи билан таништиради, уларга музейнинг нима эканлиги, қандай ташкил этилгани ва унда кимлар ишлаши, санъат асарлари қайси принципда намойиш этилиши, кўргазмалар қандай режалаштирилиши ҳақида айтиб беради.
— Музейлар тарихи ҳақида болалар учун иллюстрацияларга бой китоб ёш китобхонларни санъат музейлари ва галареялар оламига таклиф этади, — дейди китоб тақдимотидаги нутқида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятни ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгаши раисининг ўринбосари, лойиҳа раҳбари Саида Мирзиёева. — Бу китоб орқали болалар режалаштирилган ёки истамаган ҳолда музейга бормайдилар, балки ўзлари қизиқиб, ўз хоҳишлари билан борадилар. Мен болаларга китоб ўқинг, музейларга боринг, музейларни асранг, дейман. Китоб нафақат болаларни, катталарни ҳам қизиқтиради, фарзандлари билан музейларга ташриф буюришини доимо эслатиб туради. Бугун мен ҳам фарзандларим билан музейга ташриф буюрдим. Бу китобни жуда қизиқиш билан ўқидим, болаликка қайтгандек бўлдим.
— Ҳозир ҳамма нарса автоматлаштирилган, — дейди ўз сўзида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. — Китобни қўлимга олишим билан музейларнинг аҳамияти ҳақида янада катта таассуротларга эга бўлдим. Келажакда ҳамма вазифаларимизни роботлар бажаради. Одамни роботга айланишидан санъат ва маданият қутқаради, мана шундай музейлар қутқаради. Ўғил-қизларимиз ёшлигидан музейларга ташриф буюрса, санъатни, ўтмишни қадрлашни ўрганади, ўз навбатида фарзандларини ҳам музейларга олиб боришади.
Тақдимотда Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаянэ Умерова ҳам ушбу китоб ҳақида олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Қўшимча маълумот учун яна шуни айтиш мумкинки «Muzey qanday tuzilgan» китоби Моравия галереяси (Брно, Чехия)нинг ташаббуси билан биринчи марта нашр этилган. Китобнинг рус тилидаги таҳрири «Гараж» замонавий санъат музейи ва Ad Marginem нашриётининг қўшма босма дастуридир. Ушбу китоб Болоняда ўтказилган халқаро болалар китоби ярмаркасида (Bologna Cildren s Book Fair) ғолиб бўлган.
Тақдимот доирасида Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ва Мактабгача таълим вазири Агреппина Шинга сертификатлар топширилди.
Эътиборлиси, китоб республикамиздаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига маълум миқдорда тарқатилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter