Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўр заводида оғир меҳнат қилган, ёшини катта кўрсатиб, урушга кетган, 83 ёшида йиқилиб ўзига келмаган адиб Одил Ёқубов

Бўр заводида оғир меҳнат қилган, ёшини катта кўрсатиб, урушга кетган, 83 ёшида йиқилиб ўзига келмаган адиб Одил Ёқубов

Ўзбек адабиётида давр билан ҳамнафас, муносиб ўринга эга бетакрор асарлар муаллифи Одил Ёқубовнинг севимли рафиқаси, ҳаётда, ижодда ҳамнафас кўмакчиси, маслаҳатгўйи бўлган Марямхон ая Ёқубовани зиёрат қилиш ва суҳбатларини олиш мақсадида хонадонига бордик. Кичик жуссали оқ юзидан нур ёғилиб турган, 86 ёшни қоралаган бўлса-да, чеҳрасини гўзаллик тарк этмаган фариштамисол ая... Худди энг яқин инсонизни кўргандек, Марямхон аянинг меҳр тўла сўзларига қулоқ тутдик.

– Болалигим уруш йилларига тўғри келган, – деб бошлади Марямхон ая. – Уруш бошланганида 3-4 ёшларда эдим. Отам, амакиларим, қариндошларимизни урушга кузатганимизни эслайман. Биз амакиларим билан бир ҳовлида яшардик, икки ака-ука қуда бўлишган эди. Ота-онам 4–5 фарзанд кўришгану улар вафот этиб, фақат мен қолган эканман. Онам отамнинг урушдан қайтишларини жуда интиқлик билан кутганлар. Отам келганлару бошқага уйланиб, уйдан чиқиб кетганлар. Биз онам ва отамнинг ота-оналари билан бир ҳовлида яшаб қолаверганмиз...

Қоратошда 59-мактабда ўқидим, университетнинг филология факультетида таҳсил олдим. Ёшлигимда ёзги таътилда пионер лагерига йўлланма олиб берардилар, мен эса лагерга бормасдан катталар билан бирга боболарим юрти бўлган Туркистоннинг Қарноқ қишлоғига кетар ва ёзни шу қиш­лоқда ўтказардим.

 – Устоз Одил Ёқубов ҳам Қарноқда туғилиб ўсганлар-а?

– Ҳа, у киши билан шу қишлоқда танишганмиз. 1951 йилда Одил Ёқубовнинг «Тенгдошлар» қиссаси собиқ «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетасининг қатор сонларида босилиб чиққан. Мен унинг ҳар бир сонини катта қизиқиш билан ўқиб чиққанман. Бу қисса қаҳрамонларининг ҳаёти мени буткул ўзига ром этган эди.

1952 йили онам билан Қарноққа бордик. У пайтларда газета-журналларга қизиқиш жуда кучли эди. Боришим билан амакимнинг қизи Каромат саволга тутди: «Тенгдош­лар»ни ўқидингми? Жуда зўр асар-а? Шу асарни ёзган ёзувчи бизнинг қиш­лоқдан».

Кароматнинг бу гапидан кейин менда ёзувчини кўриш истаги туғилди. Бирон нарса бўлса харид қилармиз, деган мақсадда қишлоқ дўконига кирдик. Каромат қорачадан келган, ўрта бўйли, юзлари қизғиш, қалин сочли, кенг пешонали йигитни кўрсатиб, қулоғимга пичирлади: «Мана, шу йигит «Тенгдошлар»ни ёзган ёзувчи бўлади. У вақтинча опасининг ўрнида ишлаяпти». Истараси иссиққина йигит бизга қараб кулимсираб турарди. Мен анчадан бери излаб юрган ўзимга ёққан пальтони олишимни айт­дим. У менга синчковлик билан қараб, кулимсираб, пальтони олиб берди-да: »Жуда ярашди, очилиб кетдингиз... Аслида сиз пальтони очиб юбордингиз шекилли... Худди ўн беш кунлик ойдек...» деди.

Сотувчи жуда секинлик билан пальтони тахлаб қўлимга тутқазди. Кейинчалик пулни қайта-қайта санашларию пальтони секинлик билан тахлашларини «Буларнинг ҳаммасини сен ёнимдан тез кетиб қолмаслигинг учун қилгандим», деб эслардилар кулиб. Мен эса Одил ака билан танишувимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, «Пальто баҳона мен бу сотувчи йигитнинг харидорига айланиб қолдим», дердим. Одил ака: «бу қиз дўкондаги молимизга қўшиб, кўнг­лиму оромимни ҳам олиб кетган», дердилар.

– Устоз Одил Ёқубовнинг болалиги ва оиласи ҳақида нималарни биласиз?

– Отаси Эгамберди Ёқубов партия тизимида, юқори лавозимларда фаолият юритганлар. Аммо Одил ака 10 ёшга кирганларида отасини «халқ душмани» деган тамға билан қамаб юборишган ва у киши шу бўйи­­ча қайтмаганлар. Кичик фарзанди 4 ёшида ўлгач, қайнонам Гулшан ая 4 нафар фарзанди билан қолаверган. Жуда оғир ва машаққатли ҳаёт зарбасини еганлар. Бўр заводида оғир меҳнатда тинимсиз ишлаб, бўрни эритиб, қолипларга қуйиб, ёйиб, қуритиб, болаларини боққанлар. Одил ака икки нафар опасидан кейинги биринчи ўғил бўлиб, оила масъулиятини жуда эрта зиммасига олган.

– Одил Ёқубов ёш бўлишига қарамай, ёшини катта кўрсатиб, урушга кетган эканлар. Бу ҳақида гапирармидилар?

– Ҳа-а, Одил ака жуда ориятли йигит бўлган. Одамларнинг таъна-дашномларидан орланиб, ўсмирлик пайти «халқ душманининг боласи», деган тамғани кўтара олмаганлари учун урушга кетиб, отасининг номларини оқлаш ниятида бўлганлар. Ўзлари жуда нимжон бўлган эканлар. 1927 йил бўлсалар ҳам 1926 йилда туғилганман деб, ўзини катта кўрсатиб, урушга кетганлар. Жуда нозик ва нимжон йигит бўлганлари учун елкасига осган қуроли ерга тегиб юрар экан...

Урушдан 6 йил деганда қишлоғига қайтиб келган. Кейинчалик замонлар ўзгариб, қайнотамнинг номи оқлангач, бошини баланд кўтариб юрдилар. 

– Янги келин-куёвнинг ҳаётга қарашлари, орзулари ҳам гўзал бўлиши табиий. Ўша пайтда сизларнинг турмуш тарзингиз, яшаш шароитингиз қандай эди? Айни уруш, ундан кейинги тикланиш йиллари...

– Нимасини айтасиз... 1-курсни тугатгач, уйимизга совчилар келишган. Аммо боболарим мени Одил ака билан турмуш қуришимга тиш-тирноғи билан қарши бўлишган. Чунки улар диний уламолар эди, буларнинг оталари эса қишлоқ бойларига қарши курашган »коммунист». Қолаверса, Одил ака мендан 11 ёш катта эди. Яқинларим нуқул китоб ёзиб, оила тебратиб бўлмаслигини, ижара уйда умрим ўтишини, тенгдошларимни кўрганимда афсусланишимни айтишарди. Аммо Одил акани тенгдошларим билан солиштирганда улар орасида осмон билан ерча фарқ бор эди. Одил ака мулоҳазали, ақлли, менинг кўнг­лимни оғритмас, гўёки кафтларида гулдек мени асрардилар. Мен уларнинг ёнларида ўзимни бахтли сезардим. Катталарнинг қаршиликлари бизнинг муҳаббатимизни янада мустаҳкамлади. Ҳар куни дарсдан чиқишим билан университет ёнидаги фаввора ёнига – учрашувга чопардим. У ерда мени Одил ака кутардилар. Ишқилиб, уйимиздагилар ҳеч чорасини тополмагач, тўйга розилик беришди. Биз Тошкентда яшаймиз, улар Туркистонда. Мени келин қилиб, Қарноққа олиб кетишди. Тўйдан кейин 2 хонали ижара уй олиб, ҳаммамиз Тошкентга кўчиб келдик. Бир хона бизга, бир хонада қайнонам, қайнопамнинг 2 нафар етим боласи, қайним, жиянлари билан бирга яшадик.

– Янги хонадоннинг йўқчилиги сизни қийнаб қўймадими?

– Йўқ, десам хато бўлар. Лекин мен ҳам, Одил ака ҳам олдиндан ўртамиёнагина оилада улғайганмиз. Бунинг устига не машаққатлар билан оила қурганимиз учунми, иқтисодий қийинчиликлардан чўчимаганман. Одил ака хижолат бўлиб: «Мар, жоним, бир оз сабр қилгин, ҳадемай ўзимизнинг уйи­миз бўлади, кейин оёғимизни узатиб ётамиз, сенинг олдингда хижолатдаман-да», дердилар. Мен эса ҳеч эътирозсиз бу ҳаётга кўниб кетганман. Қайнонам жуда оилапарвар, раҳмдил аёл эдилар. Бир бурда нонни тенг тақсимлаганлар.

Одил ака университетнинг охирги курсида ўқиш билан бирга, Ёзувчилар уюшмасида ишлардилар. 1955 йил охирида ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида у кишининг «Чин муҳаб­бат» номли илк драмаси қўйилди ва вилоятлар театрларида ҳам саҳналаштирилди. Бу драма оиламизни моддий жиҳатдан тиклашимизга сабабчи бўлди. Кейин «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим», «Олма гуллаганда» каби қатор асарлари саҳналаштирилди. Турмуш ўртоғим: «Ўзимнинг қут-баракали Марямим, сен ҳаётимга кириб келишинг билан ижодимга ҳам, топиш-тутишимга ҳам барака кирди», дердилар қувониб. Бир йилдан кейин қувонч билан кириб келдилар: «Мар, жоним, суюнчи! Энди бизнинг ўз уйимиз – ўлан тўшагимиз бор. Майли бироз тор-ку, лекин ўзимизники-да». Ўшанда бизга Амир Темур хиёбони ёнидаги Ёзувчилар уюшмаси тасарруфидаги бинодан бир хонали уй беришган эди...

– Устоз Одил Ёқубов ўзбек адабиётининг улуғ намояндаларидан бири, аммо шу даражага етиш учун қанчалик меҳнат қилганларию машаққатли йўлни босиб ўтганларини ҳаммадан кўра сиз яхши биласиз, тўғрими?

– Тўғри, ижодкорда ҳаловат бўлмайди. Ижод – машаққат дегани. У киши ҳар доим беҳаловат эдилар. Ўз оламида яшар, қаҳрамонлари билан мулоқот қилаётганини сезар эдим. Кечаси ижод қилиб, тонгда чиройли ҳуснихат билан оқ қоғозга кўчирар эдилар. Одил ака ижод қилиш учун ҳеч қачон шароит танламасдилар. Қаерда, қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар ёзиб кетаверардилар. Қиш­лоққа дам олишга борсалар ҳам, сафарда ҳам, поезд ёки самолётда ҳам ёзаверардилар. Эрталаб тонг саҳар бир хил вақтда туриб, қўл­ёзмаларини оққа кўчирардилар. Иш столим бўлсин демасдилар. Битта столимиз бор эди, шунда ижод қилардилар, меҳмон келса мен дарров шу столга дастурхон ҳам ёзардим.

– У кишининг оиладаги ўрни қандай эди?

– Оилада онанинг, қайнонанинг роли катта экан. Бу кишининг оталари бўлмагани учунми, оиланинг бош эркаги, боқувчиси бўлганигами, қайнонам уларни ҳаммадан олдин тутардилар. Турмуш ўртоғим рашк­­чи эдилар, мен бунга ҳам кўндим. Қайнона ойижоним оиламизни йўлга қўйишда бизга кўп ёрдамлари теккан. Университетнинг 2-курсида ўқиганим боис катта ўғлимиз Муроджон бувисининг бағрида улғайди. Қиш­лоққа кетсалар ҳам бирга олиб кетардилар. Муроджоннинг фарзандли бўлганини ҳам кўрдилар. Бошқа ўғилларимизни ҳам ёзги таътил бошланиши билан Қарноққа жўнатиб юборардик.

Одил ака болаларига ота сифатида қаттиққўл бўлмаганлар. Болаларни дўстим, деб чақирар эдилар. Бирон нотўғри иш қилишса, тартибга чақиришларини сўрасам, «Қани, дўстим, келинг-чи», деб олдига чақириб, гаплашардилар. Эрта тонгдан болаларини уйғотиб, «Қани, дўстим, туринг-чи, ҳовлида қаймоқдай ҳаво, яхши дам олиб, бадантарбия қилинглар», дердилар. Болалар ҳам бир-бирига «кетдик қаймоққа», деб ҳазиллашишарди. Оиламизда қаттиқ сўз бўлмас эди. Ўғил болаларга ота тарбия­­си муҳим экан. Улар бўлмаганда мен ўғил болаларни қандай тарбиялар эканман, дейман. 

– Устозни таниганлар очик чеҳрали, хушчақчақ, тўғри сўзли инсон, мансаб учун катталарга мулозамат килишни ёқтирмасди деб хотирлашади.

– Жуда тўғри таърифлашибди. Ҳеч кимни аяб ўтирмасдилар, қўрқмасдан фикрини дангал айтардилар. Жуда тўғрисўз ва кўнгилчан одам эдилар. Меҳмонни жуда яхши кўрардилар. Санъатдан мумтоз мусиқаларни ёқтирардилар. Овқат танламасдилар-у, таом дастурхонга тортилгач, оғизларига ширин туюлса, дарров кимнидир чақирардилар. Албатта, мен аёллигимга бориб, норозилик билдирардим. Меҳмон чақирмоқчи экансиз, эртароқ айтмайсизми, энди яна овқат пиширишим керак, дердим. Албатта, алоҳида тайёргарлик қилиб, қўй сўйиб, меҳмон кутмасдилар, кўпинча, кутилмаганда, айниқса, хамир овқат пишган куни еб ўтирган таоми дўстларисиз томоғидан ўтмай қоларди. Дўстлари эса қўни-қўшни ёки турли касб эгалари бўларди. Дўстни мансаби ёки касбига қараб танламасдилар.

Уйимизга одамлар ҳамиша бирон юмуш билан келишарди. Кимдир бемор, кимдир бошқа эҳтиёж билан, дегандай. Уларни шифокорга олиб бориб кўрсатардилар, оиладан озгина пул орттириб, «борим шу эди», деб дори-дармонига берардилар. Аслида оиламиздан пул ортмасди.

Бошқа пайтлари саҳарги ошларга боришга ёки қишлоқдан келадиган гурас-гурас меҳмонлар билан соатлаб гаплашиб ўтиришга доимо вақтини қизғанардилар... Бироз ўтиргач, узрини айтиб, ишига кетардилар ёки ижодга шўнғирдилар. Меҳмонлар менга қоларди.

– Оила, рўзғор бўлгач, эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши, деганларидек, албатта, келишмовчиликлар бўлиши табиий.

– Уларнинг менга асосий талаби – кўчага кўп чиқмаслигим эди. Ўзларининг иши билан чиқишим мумкин эди: масалан, қўл­ёзмаларини машинкада тердиришга, тайёр бўлгач, устидан кўриб, редакция ёки нашриётларга беришга боришим мумкин эди. Аммо ўшанда ҳам тиззамдан ўтадиган ниҳоятда қалин ва қоп-қора сочимни «ёмон кўз»лардан беркитишим, яъни ўриб, ташлаб қўймаслигим, фақат турмаклаб кўчага чиқишим мумкин эди. Кундалик бозорни ўзим қилар эдим. Оила бюджетини менга ишонардилар. Бирон нарсани беўрин харид қилмас эдим. Оилада қайнонаойим, қайинукам, онам, буларнинг жиянлари, овсиним яшардик. Улардан ортса янги кўйлак кийишим мумкин эди. Аммо бирон жойга кетсалар, менга совғасиз қайтмас эдилар. Айниқса, Фарғонага борсалар, албатта, атлас олиб келардилар. Мен эса бувижонимдан ўрганганимдек бичиб, тикиб, кийиб олардим. Иккаламиз ҳам адабиёт кишиси бўлганимиз учун ҳам бир-биримизни яхши тушунардик. Жанжаллашган кунимизни эслолмайман. Турмуш ўртоғим нима деса, ўзимга ёқмаса ҳам «хўп», дердим. Чунки тарбиям бошқача муомалага йўл қўймас эди.

– Талабалик йилларингиздан бошлаб, ҳатто ундан ҳам аввалроқдан Одил Ёқубовнинг биринчи таҳрирчиси, тақризчиси ва қўлёзмаларининг биринчи ўқувчиси бўлган экансиз. Буни сиз ва ўғлингиз Искандар Ёқубов ҳамкорлигида чоп этилган «Улуғ ва садоқатли муҳаббат» китобидаги устоз билан бир-бирингизга йўллаган мактубларингизни ўқиган ҳар бир китобхон англаши мумкин.

– Ҳа, у киши гоҳида ёритмоқчи бўлган ҳар бир воқеа тафсилотларигача мен билан маслаҳатлашар эдилар. Чунки Одил Ёқубов рус филологиясини, мен ўзбек филологиясини тугатган эдик. Баъзи сўзларнинг, гапларнинг маъносини тўғри ишлатиш учун мендан фойдаланарди. Ҳамиша менга қараб: «Яхшиям ҳаётимда сен борсан, Марям! Борингга шукр!» дердилар. Бу гап орқали бутун меҳри ва севгисини ифодалар эдилар.

– Сиз устоз асарларининг қайси бирини энг яхши асар сифатида эътироф этасиз?

– Она ўз болаларини яхши-ёмонга ажратиши мумкинми?! Менда ҳам шундай. Ҳар бир асарнинг илк сўзидан сўнг­­ги қўйилажак нуқтагача ёзувчи билан ҳамнафас тўлғонардим: бу гапни нотўғри ишлатибсиз, ўрнига мана буни ишлатинг... каби. Мен учун уларнинг қадри бири-биридан аъло.

– Оиладаги энг гўзал, қувончли кунларни қайси воқеалар билан боғлайсиз?

– Шукр қилган етар муродга, деганларидек, биз ҳам шукр билан муродга етганларданмиз. Уйсиз одам бошпанани, боласиз инсон фарзандни орзу қилади. Секинлик билан ижара уйдаги ҳаётимиз бир ва икки хонали уйга, кейин ҳовлига айланди. Кетма-кет ўғилларимиз туғилди. Мурод, Искандар... Мен қиз кўришни орзу қилганман. Шунчалар хоҳлаганман-ки, кичик ўғлим туғилганида бир соат йиғлаб ўтирганман... Аммо келин олганимда билдимки, келинлар қиз каби меҳрибон бўлар экан.

– Устоз ўз асарларида ўша даврнинг, таъбир жоиз бўлса бугунги куннинг ҳам энг долзарб муаммоларини ёритганлар. Аммо турғунлик йилларида ёзувчининг ўз фикрини дадил айта олиши ҳам қаҳрамонлик эди, десак муболага бўлмайди. Тайзиқлар бўлганини эслай оласизми?

– Бундай нарсаларни бизга айтмасдилар. Кўнгилхираликларни уйга кўтариб келмас эдилар. У киши ўз асарини, ўз фикрини қаттиқ ҳимоя қила оладиган киши эдилар. Йиғилишлар, тақдимотларда мен ҳам қатнашардим. Ўзларинининг ҳақли эканини исботлай олардилар. Бировнинг ёрдамига муҳтож одам эмас эдилар. Ишлаганда ҳам астойдил меҳнат қилардилар. Айниқса, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ишлаганларида шундай мавзулар ёритилардики, газетанинг ҳар сони барча адабиёт ихлосмандлари орасида қўлма-қўл бўлиб кетарди. Чекка қишлоқлардан ҳам келувчилар, мактуб йўлловчилар, ижодкорларнинг кети узилмасди.

– Ҳаёт оқ ва қора ранглардан иборат. Ҳаётингиздаги қора ранглар, яъни, қайғули, оғир кунлар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Мен энг оғир кунлар деганда моддий бойлик камлиги ёки шунга ўхшаш нарсаларни тушунмайман. Энг оғир кун деб фақат йўқотишларни тушунаман, халос. Одил аканинг 70 ёшга кирганларида мазалари бўлмай қолди. Даволандилар, оёққа турдилар, худога шукр, ижодларини давом эттирдилар. Аммо 83 ёшларида йиқилиб, оёқлари синдию қайта ўзига келмадилар. Бир ой ҳушсиз ётдилар ва бу оламни тарк этдилар... Бу оиламиздаги, ҳаётимиздаги ҳақиқий йўқотиш, менинг энг қора куним бўлди...

– Сизнинг уйингиздан ҳамиша устознинг ҳамкасблари, шогирдларининг оёғи узилмаган. Келган меҳмонни бир чойнак чой ва бир коса овқатсиз жўнатмас экансиз. Бунга қандай улгурар эдингиз?

– Одил ака ижодининг мухлислари респуб­ликамиз барча вилоятларидан, ҳатто чет давлатлардан ҳам келишарди. Баъзилари эшикдан киришлари билан Одил акани мақтаб кетишарди, бу эса ўз-ўзидан у кишига ёқмасди, чой олиб киришим билан сабрсизланаётганини, вақтини қизғанаётганини юз-кўзларидан илғаб олардим: «Овқатни тезлаштир», дердилар. У пайтларда ҳозиргидек ярим тайёр овқатлар бўлмагани учун овқат тайёр бўлгунича бир-бир ярим соат вақт ўтарди. Шунинг учун йил сайин тажрибам ортиб, бўш вақтим бўлди, дегунча майда чучвара тугиб, музлатиб қўядиган бўлдим. Нориннинг хамирини ҳам, гўштини ҳам кесиб, ярим тайёр ҳолатга келтириб қўярдим. Меҳмон келиши билан чойдан кейин дастурхонга чучвара ва норин тортадиган бўлдим. Хонадонимизга азиз меҳмонлар, ёзувчи ва шоирлар ҳам кўп келишарди. Саид Аҳмад шундай пайт­ларда: «Аслида сизни кўргани эмас, Марямхоннинг «фирменний» чучвараларини соғиниб келдик», дея ҳазиллашардилар.

Ҳовлимизга Чингиз Айтматов ҳам бир неча бор ташриф буюрганлар. Келишлари билан ёнғоқ дарахтидан 5-6 та ёнғоқ терар:  «Адил, бу дейман, ёнғоқларинг жуда кўп ҳосил берибди-ку! Бир оғайнигарчилик қилиб, бир-икки қоп ёнғоқ юбораркансан-да», дердилар кулиб.

Кейинги гал турмуш ўртоғи Майрамхонни ҳам меҳмонга олиб келган эдилар. Майрамхон жуда ширинсухан, дилбар ва гўзал аёл эди. Унда ҳам эндигина гуллаб турган ёнғоққ қараб: «Эҳ, Майрамхон, сен бу ёнғоқни емадинг – бу дунёга келмадинг... Жуда зўр ёнғоқ. Лекин ҳосил пишса Адил бир қоп ёнғоқ юборади Шундайми, Адил?» деганди Чингиз ака. Қизиғи шуки, рус тилида гаплашиш икки адиб учун қулай бўлса ҳам, улар қирғиз тилида гаплашишарди.

1998 йилги ташрифида Айтматов: «Адил! Кечроқ бўлса ҳам «Муқаддас»ни ўқидим. Менинг «Жамила»м ва «Сарвқомат дилбарим» рус тилида чиқди. Аслида сенинг «Муқаддас»инг аввалроқ чиққанида сен мендан ҳам машҳур бўлиб кетардинг. Лекин «Улуғбек»инг нафақат ўзбекнинг, балки барча туркий халқлар адабиёти, ҳатто жаҳон адабиётининг хазинасидан жой олди, деганида ҳамма меҳмонлар қарсак чалиб юборишган эди.

– Ёзувчи қаҳрамонларини қандай танларди?

– Қаҳрамонларини ҳаётдан олардилар. Уйдами, йўлдами, қишлоқдами, одамларни кузатишни, уларнинг суҳбатини олишни яхши кўрардилар. Қайси асарини ўқисам, мен ўша одамни танийман, кўргандай бўламан, қариндошлар, яқинлар бўлиб чиқади.

– Овқат кечикса, сизга қарашиб юборармиди?

– Йў-ўқ, ҳатто пичоқ ушласалар лабларини тишлаб турардилар, ҳатто тухум қовуриб, чой дамлаш қўлларидан келмасди.

– Ижодкор борки, ҳамиша қалби муҳаббатга ошно бўлади, дейишади. Устознинг севгисини нималарда ҳис қилардингиз-у бирон марта хиёнатини сезганмисиз?

– Йўқ, сезмаганман. Умрлари якунида «Мен сизни жонимдан ортиқ севдим, ҳаммадан қизғондим, сизни ишлатмадим, рози бўлинг. Аммо ҳеч қачон сизга хиёнат қилмадим», дедилар ва мен бу гапга ишондим... Урушга кетишларидан олдин қишлоғида севган қизи бўлган. Аммо 6 йил урушга кетганида ота-онаси бошқа йигитга узатиб юборишган экан. «Тилла узук» асарини ўқиган ўқувчи буни яққол тушунади.

– Фарзандлар камоли, бахти, уларнинг отасига ўхшаш томонлари... Устознинг ҳаёти асарларида давом этяпти ва яшайверади. Оилада устоз билан боғлиқ қандай қадриятлар сақланиб қолган?

– Болаларни боғча бермоқчи бўлиб, боғча мудирининг олдига бордим. Аммо у турмуш ўртоғимнинг Ёзувчилар союзида ишлашини эшитиб, «Менга союзпечатнинг боласи керакмас», деди. Шу бўйича болаларим боғча юзини кўришмади. Одил ака эса ўз манфаати учун югурадиган инсон эмасдилар. Уларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлсин, деб тўрталасини ҳам 99-сонли ўзбек тилига ихтисослашган мактабда ўқитдик. Улар ҳам бугун ўғил-қизларига, невараларига ўзбекона билим ва тарбия бераяптилар. Невараларим келишса, қўлларини кўксига қўйиб сўрашишади, нима юмушим бўлса, сўзсиз бажаришади. Ана шундай қадриятлар ҳукм сураётганидан қувонаман: 4 нафар ўғилларимизнинг ҳаммаси ўзлари севган соҳаларда билим олишди. Илмий изланишлар қилишди, профессорлик даражасига етишишди. Келинларим, невараларим ҳам Одил ака истаганларидек илм йўлидан боришди. Ҳаётда ўз ўринларини топишди. Ўғилларимга отасидан хайру саховатлилик, силаи раҳм, меҳрибонлик, масъулиятлилик, илмга чанқоқлик каби ҳамма яхши хислатлари ўтди. Уларга қараб, Аллоҳга шукрона айтаман...

Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашди.

(«Adolat» газетасидан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг