Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Абдулла Орипов» бадиий фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтди

«Абдулла Орипов» бадиий фильмининг махсус намойиши бўлиб ўтди

Киночилар уйида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси томонидан яратилган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси матни муаллифи Абдулла Орипов ҳақидаги бадиий фильмнинг махсус намойиши ўтказилди.

Унда шоирнинг фарзандлари, Агентлик раҳбарияти, ОАВ вакиллари, киноижодкорлар ва мутахассислар иштирок этишди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, «Абдулла Орипов» фильми нафақат шоирнинг оила аъзолари билан балки, ўзбек адабиётининг кўзга кўринган етук намоёндалари, жумладан, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо каби мутахассисларнинг таклиф ва мулоҳазалари остида ишланди. Фильм намойишга келганларда илиқ ва ижобий таассурот қолдирди. Айниқса, тақдимотда қатнашган Абдулла Ориповнинг фарзандлари ва набиралари фильмдан таъсирланиб, кўз ёшларини яшира олишмади. Намойишдан сўнг ўтказилган муҳокамада киношунослар, журналист ва жамоат фаолларининг картина бўйича таҳлилий-танқидий мулоҳазалари ҳамда турли таклиф ва тавсиялари билдирилди.

Тақдимотда шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоеванинг Ўзбекистон Республикаси Президентига ва фильм яралишида ўз ҳиссасини қўшган барчага йўлланган ташаккурномаси ўқиб эшиттирилди:

Мен Абдулла ака ҳақида бадиий фильм суратга олиниши ҳақидаги қарорни ўқиганимдан буён кўнглимда кечаётган туйғуларим(ҳаяжон, изтироб, фахр ва миннатдорлик)ни сўз билан ифодалай олмайман. Бутун умрингизни қайта кўриш ҳаяжони, соғинч ва дийдор изтироби, камдан-кам одамга насиб этадиган эътибор, ғурур, ҳеч бир ганж билан узиб бўлмайдиган миннатдорлик ҳисси ўртамоқда қалбимни. Бунинг учун Президентимизга ва шу ишда бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги раҳбариятига, фильмни саҳналаштиришда сидқидилдан меҳнат қилган ижодий жамоага, барча ижрочи актёр ва актрисаларга оиламиз номидан миннатдорлик изҳор қиламиз. Мен фильмни тасвирга олиш жараёнида шахсан иштирок этдим. Фильм тайёр бўлгач, унинг илк томошабини ҳам бизнинг оиламиз бўлди ва у барчамизга маъқул келди. Фильмдаги воқеалар шоирнинг болалиги, талабалик йиллари, тўй ва бошқа ижодий жараёнлар, Абдулла аканинг сўнгги йиллари ҳақидаги саҳналар бўлган воқеалар асосида, оила аъзоларимиз билан бамаслаҳат ҳолда акс эттирилган. 

Фильмда Абдулла Ориповнинг Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида ўтган ва ижодга илк қадам қўйган болалик йиллари, Тошкент шаҳрида ўтказган талабалик даврлари, ижод намуналарининг илк нашри, унинг шоир бўлиб шаклланишидаги ҳиссиётлари ва туйғулари, шоирга хос севгиси, машҳурликнинг келиши ва Америкада ўтган сўнгги йиллари очиб берилади. 

— Хабарингиз бор кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий кинематографияни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Йилдан-йилга миллий кино маҳсулотларимиз сони ва сифати ҳам ортиб бормоқда. 2017 йилда агентлик буюртмасига биноан 23 та фильм яратилган бўлса, 2022 йил давомида 158 та бадиий ва ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқарилди. Айни пайтда тарихий ва замонавий мавзуларда ўнлаб фильмлар ишлаб чиқариш жараёнида турибди. Яна бир йирик лойиҳа, Абдулла Ориповдек ўзбек адабиётининг етук намоёндаси ҳақида бадиий фильм яратиш ҳам улкан фахр, ҳам катта масъулиятдир. Киноижодкорларга яратилаётган шароитлар ҳамда мана шундай масъулиятли ва йирик лойиҳаларни ишониб топшираётгани учун ҳурматли Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, — деди Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Намойишда сўзга чиққан шоирнинг қизи Шоира Орипова отаси ҳақидаги фильм оила аъзолари билан биргаликда маслаҳат қилиб ишлангани уни хурсанд қилганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, сўзга чиққан бошқа киноижодкорлар ҳам фильм ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.

 — Ҳурматли Президентимиз ўтган йил Қашқадарёга қилган ташрифи давомида «Фильм самимий бўлсин. Абдулла аканинг Тошкентга боргани, қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай ижодидан чекинмагани кўрсатиб берилиши керак» деган фикрни илгари сурган эдилар, - деди фильм режиссёри Музаффархон Эркинов. – Бу биз учун фильмнинг йўналишини аниқ белгилаб берувчи ғоялар эди. Фильмда Абдулла Ориповнинг салмоқли ҳаёти ва ижоди, болалик, ўсмирлик, қарилик даврлари гавдаланган. Фильмни кўрган томошабин шоир ҳақида кўп нарсани билиб олиши мумкин. Президентимиз томонидан берилган топшириқни имкон даражасида халқимизга манзур бўладиган кинокартина сифатида яратишга ҳаракат қилдик. Абдулла Ориповнинг адабий ва маданий меросини янада мустаҳкамлаш йўлида олдинда яна бир қатор мақсадларимиз бор. Жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Абдулла Орипов ҳақида миллий киносериал яратишни ҳам режалаштирганмиз.

Фильмнинг тасвирга олиш ишлари Қашқардарё вилоятининг Некўз қишлоғида, Тошкент шаҳрида, Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳарчасида ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Хюстон, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида олиб борилди.

Фильмда бош ролларни «Дўстлик» ордени соҳиби, Абдулла Ориповнинг шогирди, шоир Шодмонқул Салом ва маҳоратли актриса Райҳон Асадова ижро қилган. Шунингдек, Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилган.

Фильм постановкачи режиссёри Музаффархон Эркинов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов, фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг