Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус омад келтирган Хитой компаниялари

Коронавирус омад келтирган Хитой компаниялари

Фото: «New.mt5.com»

Хитой дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бошқармаси коронавирусга қарши вакциналарни клиник синовдан ўтказишга рухсат бергандан буён Хитойнинг «Chongqing Zhifei Biological Products Co.» фармацевтика магнати акциялари 80 фоизга ошди. Компания раҳбари Цзян Реншэн жорий йилда 14,4 миллиард доллар бойлик орттирди, деб ёзади «Bloomberg».

Йилига 256 фоиз ўсишга эришган «Zhifei» акциялари таркибига инновацион ва юқори технологик компаниялар кирувчи «ChiNext» индексида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди. Реншэннинг бойлиги биргина июлнинг ўзида қарийб икки баравар кўпайиб, 19,4 миллиард долларга етди. У дунёдаги энг бадавлат 500 та одам орасида маблағи энг тез ўсган тадбиркор ҳисобланади.

Унинг компанияси грипп ва менингит каби касалликларга қарши вакциналарни сотади. Корпорациянинг соф даромади 2020 йилнинг дастлабки олти ойи давомида 1,5 миллиард юанни (143 миллион доллар) ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 30 фоиз ортиқ. Ҳатто, «Zhifei»нинг собиқ директори Ву Гуанцзян фирманинг бор-йўғи 8 фоиз акцияларига эгалик қилса-да, маблағини 4,5 миллиард долларгача етказиб олди.

Бу йил коронавирус тарқалгани боис кўпгина дори ишлаб чиқарувчиларнинг акциялари осмонга кўтарилиб кетди. Мисол учун, COVID-19га тести АҚШ дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш бошқармаси томонидан тасдиқланган «Beijing Wantai Biological Pharmacy Enterprise Co.»нинг қимматбаҳо қоғозлари апрель ойида 30 бараварга ошган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг