Бухорода коронавирусга қарши тиббий маслаҳат ҳамда аналитик марказлар иш бошлади
Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб, Бухоро ҳокимлигида коронавирус инфекциясининг кириб келиши олдини олиш бўйича махсус штаб тузилиб, турли соҳа вакилларидан иборат мутахассислар жалб этилган. Бироқ, фуқаролар ўртасида касаллик билан боғлиқ масалалар юзасидан уларнинг ўз мурожаатларига етарли даражада жавоб олишмаётгани, беморлар сони кўпайиб, ҳудудда ўлим ҳолатлари ҳам сезиларли даражада кўтарила бошлагани махсус штаб қўшимча маслаҳат марказларини ташкил этиш заруратини туғдирди.
Шу нуқтайи назардан, жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Бухоро давлат Тиббиёт институти томонидан Тиббий маслаҳат ишчи гуруҳи тузилган. Мазкур ишчи гуруҳ томонидан фуқароларга касалликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича зарурий тиббий маслаҳатлар берилган.
10 июндан пандемия вазияти яна издан чиқиб, карантин қоидалари янада қатъийлаштирилгач, мазкур Тиббий маслаҳат ишчи гуруҳидан ташқари, Аналитик марказ ҳам ўз фаолияти йўлга қўйилди.
Беморларнинг сон жиҳатдан ошаётгани, ташхис учун талаблар кучаётгани лаборатория марказларидаги мавжуд аппаратлар қувватининг етишмаслиги, яъни зўриқишига (нагрузка) сабаб бўлмоқда.
- Ҳозир аҳоли ўртасида касаллик ташхисини ўз вақтида ололмаганлик бўйича норозиликлар кўпайган,-дейди Нилуфар Аҳмедова,- беморлар сонининг ортаётгани, улардан ташхис олиш ва натижаларини чиқаришда қийинчиликлар юзага келаётганини инобатга олиб, поликлиникалар олдида мослаштирилган тиббиёт машиналари хизматини йўлга қўйиш таклифини бердик. Ўша жойнинг ўзида бемор кўрикдан ўтказилади ва ташхис натижасига қараб, даво чоралари белгиланади.
Айтиш жоизки, карантинга олинган ва симптом аломати аниқланмаган фуқаролар бугунги кунда уйда ётиб даволанаяпти. Беморнинг аҳволи енгил кўринишда қайд этилган бўлса ҳам потранажлар хизмати йўлга қўйилиши керак. Бироқ, мурожаатларга кўра, потранаж хизматининг қониқарли йўлга қўйилмагани, уларнинг ўзини ҳимояловчи махсус кийим-бошлар билан таъминланмагани муаммоларнинг кейинги кўринишларидан бири бўлиб қолмоқда.
ССВ давлат хусусий шериклик тиббиёт туризмни ривожлантириш бош бошқармаси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Улуғбек Қораевга кўра, COVID-19га чалинганлар ҳамда касалликнинг аломатсиз шакли ва енгил формаси билан касалланганлар сонининг кўпаяётгани потранаж хизматининг манзилларга бироз кечикиб боришига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, 1 нафар потранажнинг бир кунда 8 та хонадонга хизмат кўрсатиши мўлжалланган, бироқ айни жараёнларда бир ҳамширанинг 13 та хонадондан 20 тагача хонадонга хизмат кўрсатишига тўғри келмоқда.
- Вилоят бўйича бир кунда 714 нафар шифокор ва 2446 нафар ҳамшира 31034 та хонадонда бўлиб, 136 269 нафар аҳоли билан суҳбатда бўлган. Бу мавсум бошидан буён ҳозирга қадар 1 368 588 нафар аҳоли ҳолидан хабар олинганини кўрсатади,-дейди Улуғбек Қораев.
Маълумотга кўра, айни пайтда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология диспансери, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Когон шаҳар туғруқ комплекси ҳамда Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси беморларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter