Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро ҳокими нега Тошкентда даволанмоқда?

Бухоро ҳокими нега Тошкентда даволанмоқда?

Карим Камолов.

Кейинги кунларда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг касалликка чалиниб, айни пайтда Тошкентдаги шифохонада муолажа олаётганлиги ижтимоий тармоқларда турли мунозаларга сабаб бўлмоқда, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда жорий йилнинг 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Шу кундан бошлаб вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт Бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида. Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт Бош бошқармасининг талабига кўра Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилган.

Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда. Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг