«Яшил Тошкент» picnic party – тадбирмисан тадбир бўлди (видео)
Тошкент ботаника боғида «Яшил Тошкент» picnic party бўлиб ўтди. Экологлар, биологлар, журналистлар, блогерлар, ёзувчи ва шоирлар, умуман, халқимизнинг зиёли қатламининг 500 нафардан зиёд вакиллари иштирок этган бу тадбир бошқача бўлди-да ўзиям.
Нимагадир экология, табиат билан боғлиқ тадбирларга креатив ёндашилади. Кўраяпмизки, барча ОАВда айни пайтда референдум тарғиботи авж олган. Кимлардир бир пайтлар эзилганини, яна кимлардир ҳуқуқлари поймол бўлганини, яъни ушбу референдумдан умиди катталигини баралла айтаяпти. Баъзан бир-бирига ўхшаган тадбирларни кўриб очиғи зерикасан. Ўзи тарғибот тадбири қандай бўлиши керак, деган саволга дуч келасан. Айниқса, энтикиб, ҳаяжонланиб референдум ҳақида гапираётган одамларни кўриб ҳамма бахтли, ҳаммаси жойида, юртимизда бирорта муаммо йўқ экан-да, деган фикрга борасан. Бир хилликдан зерикдик, дейсан бўғилиб. Аммо кечаги тадбир ўзгача руҳда бўлди.
Ҳар доимгидек бирор соҳанинг раҳбари чиқиб статистикани қаторлаштириб ташламади, қоғозга қараб бизга қизиқ бўлмаган ҳисоботни ўқиб бермади. Тадбир ташкилотчилари бир гуруҳ волонтёрлар. Ҳар ҳолда бюджетдан миллиардлаб маблағ ажратиладиган тадбирлардан ўтса ўтдики, қолишмади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 49-моддаси мазмун-моҳиятини аҳолига теран очиб бериш мақсад қилинган мазкур театрлаштирилган томошада таниқли экожурналист, «Ekolog» жамоат бирлашмаси директори, ekolog.uz сайти бош муҳаррири Наргис Қосимова дунё миқёсида тобора глобал муаммо касб этаётган сувсизлик, қурғоқчилик масалалари тўғрисида гапирди:
– Биз ичаётган бир финжон қаҳва учун 750 литр сув кетади. Биз буни виртуал сув, деб атаймиз. Биз тоза ичимлик суви, шўр сув, музлаган сув, техник сув, лойқа сув, дарё суви, денгиз суви, чучук сув ҳақида эшитганмиз. Аммо виртуал сув тушунчаси ҳақида-чи? Виртуал сув масалан, сиз устингизда кийиб турган кийимни ишлаб чиқариш, буғдой, ўсимликларни етиштириш ва жамики биз фойдаланадиган нарсаларни бунёд қилиш учун кетадиган сув.
Шу куни кўпчилик иштирокчилар виртуал сув нималагини билиб олишди.
Айтгандек, болаларнинг боргани жуда ажойиб бўлди. Қанчадан-қанча болакайлар табиатнинг бир бўлаги эканлигини шу тадбир орқали теранроқ англаб етди.
Экофаол, биолог Ақидахоним Моҳирова эса чиқинди ва уни қайта ишлаш муаммоси ҳақида сўзлаб берди. Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар соҳани янада тараққий топтиришига ишонч билдирди.
– Агар инсоният она табиатга нисбатан муносабатини бугун ўзгартирмаса, эртага кеч бўлади, биз сувни исроф қилаётганимиз, ҳавони булғаётганимиз, ерни заҳарга тўйинтираётганимиз орқали ўзимиз «она» деб сифатлайдиган табиатни ўлдираяпмиз, – деди журналист Ҳасан Тошхўжаев. – Янги таҳрирдаги Конституция мазкур муаммоларнинг ҳуқуқий ечими бўлишига ишонаман.
Барчани тадбирга чорлаган журналист Шоира Рауфбоева экология муаммоси фақатгина театрлаштирилган томоша эмас, балки келгусида ҳаракатга айланишини ва барча журналист, блогерлар бу йўлда бирлашиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
«Менга қаранглар, дарахтларни қўйнига жойлашиб, ботаника боғига келиб томоша кўраяпсизларми? Ана боринглар, саройларга, театрларга менга зарар етказаяпсизлар». – Она табиат ролини ўйнаган таниқли актриса Шаҳло Зоирова ушбу монологи орқали бизга ҳақиқий табиатнинг оҳини эшиттирди.
Айниқса, Дилшода Рустамжонова ижросидаги «Болаларнинг катталарга мурожаати» кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Ахир Дилшода бу мурожаатни кўз ёшлари юзларини ювиб айтди, она табиатнинг нидосини ич-ичидан ҳис қилиб мурожаат қилди: «Бизнинг кўзимизга келажакда қандай қарайсиз?»…
Куй-кўшиқ ва махус театрлаштирилган томошаларга бой кечган мазкур томоша Озодбек Назарбеков ҳамда Гулсанам Мамазоитова ижросидаги «Она табиат» қўшиғи билан якунига етди.
Бу тадбирдан чиқарган хулосаларим: тадбир табиат қўйнида, жуда эркин руҳда ўтказилди. Унга ҳақиқий кўнгиллилар, ҳақиқий соҳа фидойилари таклиф этилди. Спикерлар эркин, тушунарли, жўн гапирди, қоғозга қаралмади, рақамлардан иборат статистика келтирилмади. Театрлаштирилгани учун Конституцияга киритилаётган янги модданинг мазмуни аниқ, равшан англашилди. Қафасдаги қушлар боққа қўйиб юборилди. Қушларнинг озодлигини ҳис қилиш завқи бир умр ёдда қоладиган бўлди.
Ҳеч ким Конституция бизники демади, лекин янги 49-модда туфайли она табиат бизники эканлигини барча бирдек англади.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter