Яна 36 давлат фуқароларининг АҚШга киришига чеклов ўрнатилиши мумкин

Трамп маъмурияти яна 36 та давлат фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини тақиқлашни ёки қисман чеклашни режалаштирмоқда.
Reuters агентлиги маълумотига кўра, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио томонидан имзоланган ички телеграммада, ушбу мамлакатлар билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар баён қилиниб, уларни бартараф этиш чораларини кўришга чақирилган.
«Давлат департаменти 36 та хавотирли давлатни аниқлади, мазкур мамлакатлар фуқаролари 60 кун ичида белгиланган мезонлар ва талабларга жавоб бермаса, АҚШга киришлари қисман ёки тўлиқ тақиқланиши мумкин»,– дейилади ҳужжатда.
Тўлиқ ёки қисман тақиққа дуч келиши мумкин бўлган давлатлар асосан Африка ва Океанияда жойлашган. Осиё давлатлари орасида эса Бутан, Камбоджа, Қирғизистон ва Сурия бор.
Шунингдек, телеграммада Давлат департаменти томонидан билдирилган муаммолар орасида баъзи мамлакатларда шахсни тасдиқловчи ишончли маълумотларни тақдим эта оладиган ваколатли ҳукуматнинг йўқлиги тилга олинади.
Бундан ташқари, баъзи давлатлар депортация қилинган фуқароларининг АҚШдан қайтишига ёрдам беришда ҳамкорлик қилмаганликлари ҳам қайд этилган.
Мазкур хавотирлар орасига мамлакат фуқароларининг террорчилик ҳаракатларига алоқадорлиги ёки «антисемитик» ва «америкага қарши» фаолиятлар ҳам келтирилади. Ҳужжатда бу сабабларнинг барчаси ҳам рўйхатда келтирилган ҳар бир давлатга тегишли эмаслиги таъкидланган.
«Биз америкаликларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва хорижий фуқаролар томонидан қонунларимизга риоя қилинишига қаратилган сиёсатни доимий равишда кўриб чиқамиз. Давлат департаменти мамлакатимизни ва унинг фуқароларини ҳимоя қилишга, миллий ва жамоат хавфсизлигининг энг юқори стандартларини қўллаб-қувватлашга содиқдир», – деган агентликка берган интервьюсида юқори лавозимли расмий.
Агентликнинг ёзишича, бу жорий ой бошида эълон қилинган тақиқ бўйича рўйхатнинг сезиларли даражада кенгайиши бўлади. Ўшанда мазкур рўйхатга киритилган давлатлар орасида Афғонистон, Мяньма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Яман ва яна еттита давлат бор эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter