Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ватандошлар» фонди хориждаги юртдошларга мурожаат қилди

«Ватандошлар» фонди хориждаги юртдошларга мурожаат қилди

«Ватандошлар» жамоат фонди хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.

«Азиз ватандошлар!

Инсоният бугун катта хавф-хатар ва таҳдидлар кучайган шароитда яшаш ва ҳаёт кечиришга мажбур бўлмоқда.

Шарқий Европа минтақасида таранглашаётган сиёсий вазият барчамиздан огоҳлик ва чуқур тафаккур билан иш кўришни талаб этади.

Афсуски, бундай воқеалар аянчли оқибатларга олиб келиши билан бирга, қанчадан-қанча давлатлардаги ривожланиш жараёнларини бир неча йилларга орқага суриб юбориши мумкин.

Бугун дунёнинг турли нуқталарида кўп сонли ватандошларимиз истиқомат қилиб келмоқда.

Бироқ, олиб борилаётган мулоқотлар ва тушунтириш ишларига қарамай, айрим ватандошларимиз турли давлатларнинг манфаатларига хизмат қилувчи баъзи манбаларга таяниб, маълум миқдордаги пул маблағлари, катта ваъдалар, жумладан, турли шартномалар тузиш орқали фуқаролик бериш ва бошқа чақирувларга учиб, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилишлари ортидан хатарли вазиятларга тушиб қолмоқда. Биргина мисол, айрим юртдошларимизнинг билиб-билмай ва чуқур англамаган ҳолда Сурияга бориб, турли жангари гуруҳларга қўшилиб қолганликлари, охир-оқибат Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган «Меҳр» операцияси кўмагида она Ватанга қайтарилгани барчамизга аён. Шу муносабат билан, хориждаги ватандошларимизни қуйидаги тавсияларга амал қилишга чақирамиз:

- бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик;

- ҳар хил чақириқлар ва оқимларнинг алдовларига ишонмаслик;

- ҳеч қандай зиддиятли ва қуролли вазиятларга аралашмаслик;

- ўқотар қуролларни қўлга олмаслик ва улардан фойдаланмаслик (ғайриихтиёрий равишда қотилга айланиб қолмаслик);

- вазиятни чигаллаштирувчи ҳеч қандай шиорларни тарғиб қилмаслик;

- низолашаётган тарафларнинг байроғи, мадҳиялари, рамзлари ва шиорларини ишлатмаслик (Ўзбекистон фуқароларига нисбатан салбий муносабат шаклланиб қолишининг олди олинади).

Юқоридаги ҳолатларга аралашиш белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлишини яна бир бор эслатган ҳолда, бугун дунёда кузатилаётган вазиятда нейтрал позицияни устувор қўйишни тавсия этамиз», — дейилади фонд мурожаатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг