Туркия кўчаларидаги эркатой ҳайвонлар (фото)
Ҳиндистонлик сиёсатчи, арбоб Маҳатма Гандининг бир гапи бор: «Миллатнинг буюклиги ва маънавий ривожланганлиги, унинг жониворларга бўлган муносабати билан белгиланади».
Ривожланган мамлакатларнинг барчасида ҳайвонларга муносабат ўзгача. Масалан, Америкада карантин пайтида бошпанасиз ҳайвонлар сақланадиган мурувват уйида бирорта кучук қолмаган, одамлар томонидан барчаси боқиб олинган. Англияда кучугига қўпол муносабатда бўлган фуқарога 8 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Германияда эса итларнинг ҳуқуқлари Конституцияда белгилаб қўйилган.
Францияда ҳар бир уй ҳайвонининг бўйнида махсус, йўқолса топиш осон бўлиши учун «чип»лар тақилган.
Финландиядаги эгасиз ҳайвонлар сақланадиган «мурувват» уйларида ҳайвонлар махсус дорили сувларда чўмилтирилади, яхши овқатлантирилади.
Жониворларга мурувватли халқлардан яна бири — туркияликлардир. Туркияга сафаримиз, яъни «Пандемия шароитида туризм» лойиҳасидаги иштирокимиз давомида мушук ва кучуклар, умуман ҳайвонот дунёсига эътибор бизни ўзига тортди.
Қайси бир ҳудудга борманг, у ернинг мушук ва кучуклари эркин, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан юради. Ва уларнинг барчаси сизнинг эркалашингизга ёки меҳмон қилишингизга монелик қилмайди. Бунинг сабабини маҳаллий аҳоли доимо уларга меҳрибонлик кўрсатишида, деб билиш мумкин.
Болаларнинг ҳам ҳайвонларга болаликдан меҳри ошишига ўша эркатой бўлиб юрган ҳайвонларга яратилган муҳит сабаб бўлса керак. Қолаверса, биздан фарқли ўлароқ ота-оналар фарзандларига «ҳайвонга тегма, касаллик юқади» ёки «яқинлашма, тишлаб олади» деган танбеҳларни бермайди. Балки шу учун ҳам у ердаги болажонлар ҳам ҳайвонлардан қўрқмас ва меҳрибондир.
Уларнинг кўча ҳайвонлари, очиғи, биз уйда боқадиган мушук ва итлардан тозароқ, соғломроқ ва махсус боқилгандек. У ердаги ошхоналар ҳатто ҳайвонлар учун маълум бир вақтда очилади ва жониворлар ҳам худди ўргатилгандек бир пайтда тўпланади. Энг ажабланарлиси, улар одамлар қаерда гавжум бўлса, ўша ерда ҳозиру нозир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter