Туризмни табиат билан уйғунликда ривожлантиришга оид ўқув семинари бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари, туман (шаҳар) секторлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар бошланди. Тадбир давлат раҳбарининг 2024 йил 18–20 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқлари, шунингдек, 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилиниши муносабати билан раҳбарлар олдида турган вазифаларни чуқур ўрганишга йўналтирилди.
Семинарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов очиб берди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Экология вазирлиги ва Туризм қўмитаси ходимлари, Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ўқув семинарида биохилма-хилликни асраш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар фаолияти, экотуризмни ривожлантириш ҳамда замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар билан бўлишилди, мавзуга доир қатор тақдимотлар ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш ва янги замонавий хизмат турларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташрифи доирасида «Chorvoq darvozasi» ва «Ugam River» туризм мажмуаларида берган топшириқларига мувофиқ сектор раҳбарларига тақдимот ўтказди ҳамда уларнинг ўз ҳудудларида шунга доир олиб бориши мумкин бўлган ишларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, Бўстонлиқда ташкил этилаётган капсула уйлардан иборат замонавий дам олиш масканига алоҳида тўхталиб ўтилди, зеро бундай масканлар экологик нуқтаи назардан айни муддаодир. Сектор раҳбарлари ҳам ўз ҳудудлари доирасида ушбу йўналишларда амалга ошириш мумкин бўлган ишлар билан бўлишишди.
Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев эса давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, шу жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, рекреация зоналарини ташкил этиш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга тўхталди. Шунингдек, жойлаштириш воситалари ва модулли меҳмонхоналар учун ажратилаётган субсидиялар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Бу субсидиялар туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим бир қисми бўлиб, соҳадаги инфратузилманинг яхшиланишига ва янги инвестициялар тартибини ташкил этишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, семинарда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришдаги янги тенденциялар муҳокама қилинди. Туризмнинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатлардан барқарор ривожланишини таъминлаш учун комплекс чоралар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари Тошкент вилоятининг туристик имкониятлари билан яқиндан танишиш учун Бўстонлиқ туманига бориши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, семинар натижалари Ўзбекистон туризм соҳасининг глобал бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва экотуризм, этнотуризм, экстремал туризм каби йўналишларни янада ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter