«Темир дафтар»га кириш бору, чиқиш йўқми?
Халқимиз азалдан ориятли бўлган, энг муҳтож вақтида ҳам «ноним йўқ», дейишга тортинган. «Темир дафтар» мавзусини ёритиш асносида бундай ҳолатларга кўп дуч келдик. «Мени «Темир дафтар»дан чиқаринглар, ишлаб ўзим пул топаман» деганлар ҳар бир гўшада топилади. Аммо биласиз, шоли курмаксиз бўлмайди.
Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида истиқомат қиладиган Э.Н.нинг оиласига туман ҳокимлиги ва маҳалла томонидан эътибор жуда кучли. Боиси, Э.Н. аввалдан бир кунлик ишларда юрган ва доимий даромадга эга бўлмаган. Оиласи эса кичик эмас, турмуш ўртоғи, тўрт фарзанди ва ногирон отаси бор. Оилада ҳеч ким доимий иш ўрнига эга эмас. Шу боис ҳокимлик томонидан кам таъминланганларга ажратилган уйлардан бири Э.Н. оиласига берилди. Карантин вақтида оиланинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан етказилди. Яна 4 нафар фарзандига 500 минг сўмдан, жами 2 миллион сўм ҳам берилади.
Аммо «ётиб ейиш» учун бу пул камлик қилади, албатта. Маҳалла ва ҳокимлик томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари эса Э.Н.га маъқул келмаяпти. Ҳатто стипендияси бор ўқиш ҳам.
Чироқчида малакасиз фуқароларни касбга йўналтириш учун махсус курслар ташкил этилган бўлиб, «темир дафтар»дагилар пайвандловчи ва мебел усталигига ўқитилади. «Юксалиш» ҳаракати томонидан икки ойлик курс давомида 500-600 минг сўмдан стипендия ҳам жорий этилган. Э.Н. мана шу курсда ўқиб, малакали уста бўлиб, яхши жойларда ишлаши мумкин эди. Аммо уни қарангки, чироқчилик йигитга бу ҳам маъқул бўлмай турибди. «Мен ўқисам, ишласам ногирон отамга ким қарайди?» дея савол қўяди у ҳокимлик вакилининг таклифига жавобан.
Бу саволга жавоб беришга «Xabar.uz» мухбири ҳам ожизлик қилди.
Модомики ҳамюртимизнинг ўзи изланмаса, ҳаракат қилмаса, бошқаларнинг ҳиммати билан қаергача бориш мумкин? Маҳалла фаоли Хосият Соатованинг айтишича, бу оила «Темир дафтар»дан чиқарилмайди. Токи ёрдам керак экан, берилаверади. Ҳа, бошқачасига илож йўқ шекилли.
Э.Н. хонадонидан чиқиб кетар эканмиз, унчалик ҳам хурсанд эмас эдик. Балки кунни тўлиқ шундай кайфиятда ўтказган бўлардик, агарда Элмирзаева Насиба опанинг уйига бормаганимизда.
Насиба опа 25 ёшида турмуш ўртоғидан ажраб қолган. Ўшанда ўғли 6 ёш, қизи эса 3 ёшда эди. Қўлидаги чақалоғи эса энди 7 ойлик бўлганди. Опа ёлғиз ўзи уларни катта қилди, оёққа қўйди. Бундайроқ бўлса ҳам уй-жой қурди, фарзандларини ҳалол меҳнат билан боқди. Аммо пандемия вақтида ўзи ҳам, 19 ёшли ўғли ҳам ишсиз қолгани учун ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Оила «Темир дафтар»га киритилди. Барака топишсин, заминимиз саҳоватли инсонларга тўла, Насиба опага ойма-ой озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди ва энг муҳими — учта қўй олиб берилди.
Энди опанинг фақат битта илтимоси бор — қаердан бўлса ҳам, қанақа бўлса ҳам битта иш топиб беришса бўлгани. У тезроқ «Темир дафтар»дан чиқиб кетишни истайди, ҳолос. Бир умр ўзи пул топиб ўрганган аёл бошқаларнинг қўлига қараб ўтиришни истамаяпти. Агар ҳокимлик мурувват қилса ва совун ишлаб чиқарадиган ускуна сотиб олиш учун 30 миллион сўм кредит олишда ёрдам берса, нур устига аъло нур бўларди. Ҳозирда ўғли совун ишлаб чиқаришни яхшилаб ўрганиш учун Наманганга бориб, бир ой ишлаб келишга тайёрланмоқда. Унга ҳеч қанақа курс ҳам, стипендия ҳам керак эмас. Ўз ҳисобидан бориб, иш ўрганиб келади.
Халқимизда «яхши ният, ярим давлат» деган нақл бор. Насиба опа ҳозирча ўша ярим давлатга эга, бу ёғига озгина қўллаб юборилса, қолгани ҳам бўлади, насиб...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter