Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тежалган арматуралар, унутилган ҳимояқатламлар, сифатсиз хомашёлар — Навоий ва Бухоро пресс-тури қайдлари

Тежалган арматуралар, унутилган ҳимояқатламлар, сифатсиз хомашёлар  — Навоий ва Бухоро пресс-тури қайдлари

Бухоро шаҳрида  қурилаётган янги бино қулаб тушганда гумбирлаган садо анча нариларгача эшитилган. Воқеа Т. Фароғий кўчасида, 31 октябрь соат 16 ларда содир бўлганди. Бир нафар ишчи жароҳат олган. Қурилишда ишлаётган яна 5 нафар  қурувчи зарар кўрмаган деб айтилади. Ваҳоланки, якун янада оғриқлироқ бўлиши ҳам мумкин эди. Иккинчи қаватни ёпган улкан бетон плита иморатни вайронага айлантириб  қулаб тушишини ўзингиз тасаввур қилинг. Яхшиям,  пастда ҳеч ким бўлмаган. (Жароҳат олган ишчи юқорида бўлган, ўша ердан йиқилган)

Бухоро вилоят қурилиш-назорат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Баҳодир Тошевга кўра, мазкур объект қурилишига  «Когон қурувчи монтаж» МЧЖ корхонаси масъул. «Ўз мустаҳкамлигини етарлича олмаган регилларга, яъни, юк кўратувчи тўсинларга  ора ёпма плита монтаж қилинган ва устига ортиқча юк чиқарилган. Ана шу сабаб узилиш содир бўлган» дейди Тошев.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ҳар қандай бетон қоришма 28 кунда ўз мустаҳкамлигини олади. Ҳалокат содир бўлган объектда эса релиз қўйилгани ўн иккинчи кунида унинг устида ора плита қўйилган, юк ортилган. Воқеада техника хавфсизлигини  таъминламаган корхона қаторида ишни тўғри ташкил қилмаган назорат бўғинлари ҳам бирдек жавобгарликка тортилади. 

Эслатиш жоиз: қурилаётган 3 қаватли бинонинг биринчи қавати савдо маиший хизмат мажмуаси ва юқори қаватлари меҳмонхона учун мўлжалланган. Қурилиш бугунда белгиланган тартибда тўхтатилган.

Аслида Қурилиш вазирлиги ташкил этган пресс-турда Навоий ва Бухоро вилоятидаги «Янги Ўзбекистон» тураржой қўрғонларида қурилиш ишлари билан яқиндан танишиш режалаштирилган эди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун тур «қулаган бино» манзарасида ўтаётгани  бир тасодиф эди.

Бир қарашда қулаган бино ва бошқа ҳудудда, бошқа ширкатлар бошқараётган уй-жойлар қурилиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқдек. Аммо, объектлардаги умумий жиҳат – лойиҳада белгиланган  оддий қурилиш нормаларининг бажарилмагани эди...

***

Навоийнинг Карманасида, 21 гектарлик яйдоқ майдонда “Янги Ўзбекистон” номи билан қад кўтараётган беш қаватли уйлар узоқдан кўзга ташланади. Қурилиш майдонига кираверишда катта тахтада «Қурилиш паспорти» ёзуви остида рақамлар қайд этилган. «Қурилиш бошланиши  25 апрель, тугалланиши 20 декабрь» деган муҳлат эътиборни тортади. Шу давр орасида 420 хонадонли 18 та уй эгаларига топширилиши режалаштирилган. Лекин, бу сифатсиз иш эвазига амалга ошмаслиги муҳим!

Зеро, ўтган ойлар ичида бу ердаги 11-уй пойдевор армокаркаслари ҳимоя қатлами 50 мм фиксаторлар билан таъминланмасдан, амалда турли хил ўлчамдаги табиий тошлардан фойдаланилган ҳолда каркас ўрнатилгани ўринли эътирозга сабаб бўлган. Ҳужжатларда қайд этилишича, бундан ташқари, ташқи пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилгани, девор юза қатламларида нотекислик,  девор бурчакларида бир тўғри чизиқлик таъминланмагани аниқланган. Натижада,  Навоий вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси уч марта МЖтК нинг 99-моддасига асосан иш ҳужжатларини судга оширган. Иш давом этаётган ҳудудни оралаймиз. Қурилиш Вазирлиги тасарруфидаги мутахассислари  айрим уй-жойларнинг девор монолитлари нотекис терилгани, қурилиш майдони ҳудуди чиқиндилардан тозаланмаганига эътибор қаратдилар.

Бундан ташқари, ички ва ташқи пардозлаш ишларида айрим жойларда сифатсиз бажарилгани аниқланди. Базал қопламаси лойиҳа бўйича 160 зичлигида қопланиши керак. Аммо Карманада пресс тур иштирокчилари бўлган қурилиш майдонидаги уйларга 140 зичлигидаги базал қўйилаётгани маълум бўлди. Газаблоклар ўрнатишда угольниклар занглашига қарши ҳимоя ишлари амалга оширилмаган. Қатор ҳолатларда блок чоклари тўлиқ тўлдирилмаган.

Йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни тугатиш бўйича фикрлар ва кўрсатмалар айтилди.

***

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Барака» МФЙ да пишиқ ғиштлар қурилаётган «Янги Ўзбекистон» қўрғонига кириб борар эканмиз, Қурилиш вазирлиги назорат инспекцияси мутахассиси Шерзод Худойбергановдан орқага қолмасликка ҳаракат қиламан. Улар қурувчиларга, мутасаддиларга камчиликларни кўрсатиб боради. «Мана, кўринг, парадеворлар угольниклари бирламчи бўёқланмасдан, грунтовка ишларисиз монтаж қилинган» дейди у хонадонни бўлакларга ажратадиган девор қисмларини кўрсатиб.

Шунингдек, лойиҳа бўйича  парадеворлар мустаҳкамлигини ошириш мақсадида ММ1 махсус деталлар қўйилиши керак бўлганда, айрим жойларда қўйилмаганига гувоҳ бўлдик.. Мутахассис зиналардаги арматура миқдорига эътиборни қаратди. Стандарт бўйича 6 талик арматура ўрнатилиши лозим бўлганда, амалда 4 та арматура ўрнатилган эди. Камчилик маълум бўлгандан сўнг, қурилиш мутасаддилари бу зина бузилиб қайтадан қурилишини маълум қилдилар  «Плиталарни монтаж қилишда бюстиклар қўйилмасдан  ўрнатилгани шу ҳолатда бетон ишларига тайёргарлик кўрилгани аниқланиб, бетон ишлари тўхтатилди. Шунингдек, колонналарда ўрнатилган армакаркасларда ҳимоя воситаларисиз бетон ишлари амалга оширилган» деди Шерзод Худойберганов.

Шерзод Худойберганов (ўртада) журналистлар билан. 

Ғиштларнинг ўзи сифатсиз экани устига уларни теришда ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилгани кўзга яққол ташланадиган ҳолат эди. Ғиштларнинг чоклари етарлича  тўлдирилмаган, ўта нотекис ва лойиҳа бўйича, бешлик  арматўрлари (армасетка)  қўйилиши керак бўлганда, учлик арматўрлари қўйилган. Нотўғри жойлаштирилгани сабаб арматуралар ташқарига чиқиб қолган ҳолларга ҳам гувоҳ бўлдик. Бир бинода зина икки қаватгача қурилган, ишчилар эса тўртинчи қаватда ишлаётган эди. Вазирлик масъуллари бу нормага тўғри келмаслигини таъкидлашди. Ертўлаларда ҳимоя ишларига умуман қўл урилмаган эди.

 

Бундан ташқари, энг муҳим қисмлари бўлмаган ва стандарт нормаларга жавоб бермайдиган кўп бўшлиқли плиталар қабул қилиб олинган (Аслида қурилиш майдони назорат постидан киритилиши ҳам мумкин бўлмаган).  Мазкур камчиликлар бартараф этилиши таъкидланди ва ҳолат назоратда бўлиши огоҳлантирилди.

Ғиждувонда пресс тур иштирокчилари бўлган мавзеда 24 та 5 қаватли уй қурилишига асос солинган. Қурувчилар янги йилгача бўлмаганда 12 та уйни топширмоқчи.

Карманада ҳам, Ғиждувонда ҳам қурилаётган хонадонларда хоналар кичкина ва айвони (балкони) йўқлиги эътиборимни тортди. 

Бундай массивлардаги уйлар кам таъминланган оилаларга мўлжалланган ва нархнинг маълум даражада пастлиги таъкидланади.

Президентнинг  «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони 2021 йил 9 декабрда имзоланган.

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг