Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев коммунал хўжалик соҳасидаги сусткашликни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев коммунал хўжалик соҳасидаги сусткашликни танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш юзасидан тақдимот билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Халқаро экспертларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд аэропортларни модернизация қилиш учун ўртача 800 миллион доллар талаб этилади. Шу муносабат билан, Жаҳон банки билан биргаликда Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларини “пакет принципи” (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.  

Коммунал хўжалик соҳасидаги лойиҳалар ҳам синчиклаб кўриб чиқилди. Тармоқда ислоҳотлар деярли кўринмаётгани, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирги кунда 31 та йирик ва ўрта шаҳарлар, 156 та туман марказларининг канализация тизимини қуриш ҳамда модернизация қилиш вазифаси турибди. Канализация тизими Қаршида 45 фоиз, Андижонда 37, Нукусда 30, Наманганда 10 фоизга таъминланган.

Фақат 18 та йирик ва ўрта шаҳар учун халқаро молия ташкилотларининг 912 миллион доллари жалб қилинган. Ҳисоб-китобга кўра, барча канализация лойиҳалари учун 2 миллиард 600 миллион доллар талаб қилинади. Хусусий шериклар билан биргаликдаги шаҳар канализацияси модернизацияси ҳам бюджетга енгиллик бўлади, ҳам хизмат сифати яхшиланади.

Ундан ташқари, Бухоро, Наманган ва Нукус шаҳарлари иссиқлик таъминотини шерикликка бериш моделлари бўйича таклифлар киритилади.

Бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров ва Сардор Умурзоқовларга ҳар чоракда давлат-хусусий шерикликдаги барча лойиҳаларнинг ижросини муҳокама қилиб, зарур чораларни белгилаб бориш вазифаси юклатилди.

Кескин танқидий руҳда ўтган тақдимот якунида мутасаддиларга муҳокама қилинган ишларни ташкил этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ масалалар Президентимизнинг шахсий назоратида бўлиши қайд этилди.

Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг бориши хусусида яқин кунларда масъуллар давлатимиз раҳбари ҳузурида танқидий-таҳлилий ҳисобот беришлари белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг