Сенаторлар барини билади: Андижондаги сув, ток, газ, ишсизлик, таъмирталаб йўллар
Кеча, 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси иш бошлаган эди.
Бугун, 29 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси давом эттирилди.
Сенаторлар Андижон вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Андижон вилояти ҳокимининг ҳисоботида қайд этилганидек, вилоятни комплекс ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2017 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмининг ўсиши 106,7 фоизга етган. Тегишли дастурлар доирасида 1,5 триллион сўмдан зиёд инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 3040 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг эвазига 42,3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. 2476 та хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъекти ташкил этилган, тижорат банклари томонидан уларга 1,2 триллион сўмлик кредит ажратилган.
Ўтган йилда 99 та корхона экспорт қилувчи корхоналар сафига қўшилган. Натижада вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт қилинаётган мамлакатлар сони 18 тага етган, экспорт ҳажми қарийб 130 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
130 та ижтимоий соҳа объекти – шифохоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, ичимлик сув иншоотлари фойдаланишга топширилган. 24 та қишлоқ массивида 1165 та арзон уй-жой, шу жумладан профилактика инспекторлари учун 326 та хизмат уйи барпо этилган.
Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш бўйича ишлар бошланган.
Жумладан, жами 497 минг 162 та хонадон (жами хонадонларга нисбатан 93 фоиз) бирма-бир ўрганиб чиқилиб, 200 минг 505 та хонадон эгаларининг 2 триллион 959 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағига хоҳиши борлиги аниқланган. Ушбу хонадонларга биринчи босқичда 800 миллиард сўм маблағ ажратилиб, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун шароит яратилган.
Шу билан бирга, сенаторлар Андижон вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган муаммо ва камчиликлар борлигини, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидладилар. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари лозим даражада кўрилмагани оқибатида 2018 йилнинг биринчи чорагида 251 та кичик бизнес субъекти фаолияти тўхтатилган ва кўплаб иш ўринлари йўқотилган. Аҳоли эҳтиёжларига мос равишда иш ўринлари ташкил этиш, мавжуд иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш масалалари тўлиқ ҳал этилмаяпти.
Вилоятда аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий (суюлтирилган) газ билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш борасида муаммолар мавжуд. Электр тармоқларининг айрим қисмлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Жорий йилда газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича белгиланган режа бажарилмаган. Вилоятнинг ички хўжалик йўллари таъмирталаб аҳволда.
Муҳокама якунлари бўйича мазкур муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий ижро ҳокимияти органлари масъулиятини кучайтиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter