Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамазон ҳайити куни атрофидаги хабарларга муносабат билдирилди

Рамазон ҳайити куни атрофидаги хабарларга муносабат билдирилди

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази Рамазон ҳайити куни атрофидаги хабарларга муносабат билдирилди.

Айни кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Рамазон ҳайити кунини белгилаш атрофидаги маълумотлар турлича талқин этилмоқда. Аввал хабар берганимиздек,  Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун Ишчи гуруҳ шуғулланмоқда.

Уламолар ва малакали мутахассислардан иборат мазкур ишчи гуруҳ Рамазон ҳайити куни – янги Шаввол ҳилолини астрономик таҳлиллар ҳамда хорижий давлатлардаги мутахассислар билан ҳамкорликда кузатиб бормоқда. Ҳатто Ишчи гуруҳи вакиллари АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Россия минтақаларида ҳам кузатиш ишларини олиб бормоқда.

Хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астраномия институтидан олинган маълумотларга кўра, 2023 йил Рамазон ҳайити куни, яъни Шавволнинг янги ой фазаси шу йил 20  апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да, Саудия Арабистони вақти билан эса 07:12 да содир бўлади. Астраном олимлар хулосасига кўра, шу куни Шаввол ойи ҳилоли Ўзбекистон ҳудудида кўринмасада, лекин дунёнинг айрим минтақаларида кўриш мумкин бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Ҳанафий фиқҳи манбаларида бир маконда янги ҳилол кўрилиши дунёдаги жами мусулмонларга Рамазон ҳайитини нишонлашни жоиз қилади. Бунга ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламолар иттифоқ қилишган.

Шаръий масалалар ва астрономик ҳисоб-китобларга таянган ҳолда 1444 ҳижрий йил Шаввол ойи ҳилоли милодий 2023 йил 20 апрель куни Ер юзининг айрим ҳудудларда кузатилади. Шу боис, Рамазон ҳайити куни 2023 йил 21 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда. Айтиш мумкинки, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатлар томонидан жорий йил 21 апрель, жума кунини Рамазон ҳайити, деб эълон қилинди.

Фалакий ҳисоб бўйича ҳайит куни маълум бўлса-да, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар», деган ҳадиси шарифларига асосан мазкур Ишчи гуруҳининг АҚШ, Туркия ва Ғарб давлатлардаги вакилларининг ҳилолни кузатиш тўғрисидаги охирги маълумотлари олингандан кейин 2023 йил 20 апрель куни якуний хулосалар тақдим этилади, инша Аллоҳ.

Қайд этиш керакки, ибодат масаласида доим эҳтиёт бўлиш лозим. Рамазон рўзасининг бошланиши ва тугаши фақат юрт муфтийси томонидан эълон қилинади, мўмин-мусулмонлар эса шу фатвога эргашишлари шарт бўлади.

Демак, интернет сайтлари юритувчилари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан ушбу масалада турли хабарларни тарқатиш орқали халқимизни асл вазиятдан чалғитмасликни илтимос қиламиз.

Шу кунларда Ўзбекистонда Рамазон ҳайити куни расмий манбаларда эълон қилинади, дейилади муносабатда.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг