Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди
Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазири милиция генерал-майори Улан Ниязбеков бошчилигидаги делегация 22-23 март кунлари Ўзбекистон Республикасида амалий ташриф билан бўлди. Бу хақда ИИВ Ахборот хизмати хабар қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вазирининг мамлакатимизга ташрифи Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг шу йил 11-12 март кунлари Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи якунлари бўйича икки томонлама келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
23 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг қирғизистонлик ҳамкасби билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида томонлар икки томонлама идоралараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, жумладан, жиноятчиликка қарши кураш, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган шахсларни қидириб топиш, чегараолди ҳамкорлик, касбий тажриба алмашишни фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Қирғизистонлик меҳмон ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, тизим фаолиятига ахборот технологияларни жорий этилишининг ижобий натижалари, шунингдек, жиноятчиликни камайтириш ҳамда унинг олдини олиш борасидаги ишларни маҳаллабай амалга
оширишнинг йўналишлари бўйича батафсил таништирилди.
Шу билан бирга, учрашувда ҳамкорликнинг амалдаги ҳуқуқий базасини янгилаш масаласи диққат марказда бўлди.
Конструктив мулоқот натижалари бўйича томонлар ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражада амалга ошириш учун бир қатор кечиктириб бўлмайдиган, шунингдек тизимли ва узоқ муддатли чораларни кўришга келишиб олдилар.
Ташриф давомида қирғизистонлик ҳамкасблар Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга жамоат тартиби ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, профилактика инспекторларининг бу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишларни ташкил этишнинг механизми ҳамда йўллардаги хавфсизликни таъминлашнинг комплекс тизими ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Бундан ташқари, Қирғизистон ИИВ делегацияси томонидан Наманган ҳамда Фарғона вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг фаолияти ўрганиб чиқилиши режалаштирилганлиги маълум қилинган хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter