Британия музейи ва Эрмитажда сақланаётган «Амударё хазинаси» тарихи
Ёзнинг айни жазирама иссиғида карвондаги туя ва итлар нимадандир сесканиб, типирчилаб қолишди. Таҳлика бежиз эмас экан. Кўп ўтмай, бир гуруҳ қуролланган отлиқлар савдогарларга ҳужум қилиб, карвондаги бор молларни талаб кетишди. Жабрдийдалар молларини қайтариб олишга ҳаракат қилдилар, чунки карвондаги моллар ноёб хазина эди...
1877 йили Бухородан Ҳиндистон томон йўлга чиққан уч савдогар – Ғулом Муҳаммад, Шукурали ва Вазиуддинларнинг Кобул шаҳридан жануброқда қароқчиларга дуч келиши катта кулфат эди. Чунки улар Амударёдан ўтишда қабодиёнликлардан милоддан олдинги даврга тегишли буюмларни харид қилишган ва қароқчилар айнан ўша юкни олиб кетишганди. Бу буюмлар Амударёнинг ўнг соҳилидаги Вахш ва Панж дарёлари туташган ердаги қадимий Тахтиқубод шаҳри харобларидан топилганди.
Ана шундай қадимий мол-мулкни қайтариш учун учала савдогар тезда Дезина водийсидаги инглиз чегара соқчилари бошлиғи, капитан Ф.Бартонга мурожаат қилиб, мадад сўрадилар. Воқеани эшитган капитан аскарларни олиб, қароқчиларнинг изидан тушди ва уларни тоғдаги бир ғор ичидан топди. Икки ўртада кечган жангдан кейин қароқчилар жон қайғусида талаган ўлжаларни ташлаб қочиб қолишди.
Буюмларини инглиз аскарлари ёрдами билан қайтариб олган бухоролик савдогарлар капитан Ф.Бортонга миннатдорлик билдириб, хизмати эвазига битта қуйма олтин билагузук ҳам ҳадя этдилар.
Уларнинг олтин билагузукни капитанга берганича бор эди. Зеро, Ф.Бартон ёрдамида қароқчилардан қайтариб олинган бойлик ҳисобида милоддан аввалги 4-3 асрларга мансуб 179 дона олтин, 7 дона кумуш ва бир қанча қимматбаҳо тош, олтин, кумуш, мисдан зарб этилган 1500 та қадимий танга бўлган. Яна кўплаб тилла тақинчоқлар, турли ҳайвонларнинг қуйма олтин ва кумуш ҳайкалчалари, тўртта от қўшилган икки ғилдиракли жанг аравасининг иккита олтин модели ҳамда кўплаб бошқа қимматбаҳо буюмларни кўриш мумкин эди.
Савдогарлар шу тахлит бор буюмларини олиб йўлга тушдилар. 1878 йилда улар шимолий Ҳиндистондаги Равалпинди шаҳрига етиб боришди. Ғулом Муҳаммад, Шукурали ва Вазиуддин Равалпиндидаги осори атиқалар бозорида ана шу буюмларни очиқ савдога қўйишди. Амударё бўйларидан топилган бу ноёб буюмлар тезда кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди ва молларга ҳам харидорлар кўпайди.
Бухоролик савдогарлар келтирган қадимий олтин ва кумуш тангаларни Ҳиндистондаги инглиз муҳандиси, давлат темир йўллари директори А.Грант, олтин ва кумушдан ишланган зебу зийнат буюмларини эса инглиз археология ишлари бошлиғи, генерал-майор А.Каннингэм ҳамда Британия музейининг ходими О.Фрэнкс биргаликда сотиб олишди. Шунингдек, ҳиндистонлик маҳаллий антикварлардан Лакхми Дас ва Чанда Мал ҳам бухоролик савдогарлар молларини харид қилдилар.
Буюмлар харидоргир бўлганича бор эди. Зеро, олтин ва кумушдан зарб қилинган тангалар аҳамонийлар даврида Эрон ва Юнонистоннинг Афина, Византия шаҳарларида милоддан аввалги 5-4 асрларда зарб қилинганди. Шунингдек, бухоролик савдогарлар буюмлари орасида Александр Македонский, салавкийлар даври ҳукмдорлари, Юнон-Бақтрия подшолари Евтидем, Диодотлар чиқарган олтин, кумуш тангалар ҳам бор эди.
Ана шундай қимматбаҳо тангалар ҳамда турли буюмларни, гарчанд Ҳиндистондаги амалдорлар ва маҳаллий коллекциячилар олган бўлишса-да, вақт ўтиб, улар Буюк Британия музейларидан жой эгаллади. 1894 йилда генерал Канингэмнинг, 1897 йили эса О.Фрэнкснинг вафотидан кейин, уларнинг васиятига кўра, осори атиқалар Британия музейига топширилди. Ҳинд коллекциячилари Чанда Малл ва Лакхми Даслар ҳам 1878–1883 йиллар давомида бухороликлардан олган буюмларни Британия музейига, бир донасини эса Эрмитажга сотишди. Шунингдек, Эрмитаж музейи маъмурияти бухороликлардан олтин ва кумуш тангалар сотиб олган инглиз муҳандиси А.Грантнинг коллекциясини ҳам харид қилганди.
Қароқчилардан савдогарлар мулкини тортиб олиб берган ва хизмати эвазига билагузукли бўлган капитан Ф.Бартон ҳам ўша ҳадяни 1884 йилда Британия музейига сотиб юборди. Шу тахлит, 1877 йили қароқчиларга таланиб бўлса-да, бухоролик савдогарлар Амударё бўйларидан Ҳиндистонга олиб кетган, фанда «Амударё хазинаси» номи билан машҳур осори атиқалар Британия музейи ва Эрмитаждан жой олган.
Умид БЕКИММЕТОВ,
тадқиқотчи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter