Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оппоқ гуллаган ўрик: болалик хотиралар

Оппоқ гуллаган ўрик: болалик хотиралар

фото: xabar.uz

 
Яқиндагина бир танишимни учратиб қолдим. Шамолга қарши юраётган одамдек қаддини бироз букканча тез-тез одимлаб борарди. Салом берсам индамай ўтиб кетди-да, кейин ортга қараб, бу сизмисиз, дея кўришди.
– Қаерга ўт кетди, бунча шошмасангиз, дея ҳазиллашган бўлдим.
– Э, нимасини айтасиз, ҳеч ишларимга улгура олмаяпман, бу юрганим камлик қиляпти. Энди югураман чоғи...
– Сўзимдан ранжимангу, учсангиз ҳам улгуролмайсиз, дедим ярми ҳазил, ярми чин қилиб.
– Нега, ҳайратланди танишим.
– Ўрик гуллаганини кўрдингизми?
– Вой, ҳали энди бодом гуллаяпти-ку! Нигоҳимдан неларнидир ўқиди чоғи, ҳижолат бўлиб ерга қаради. – Уйдан ишга, ишдан уйга югураман, боғ айланиб юришга вақти бор дейсизми, ўзини оқлаган бўлди. Қўярда қўймай шу яқиндаги ўриндиққа бошладим. Аммо ишларига улгуролмаслигини айтиб шошганча йўлида давом этди. Айтмоқчи бўлган сўзларим дилимдан тилимга кўчмай сабога айландию унинг ортидан эргашди...
Ҳаво майинлашганини, табиат яшараётганини сезмаяпсизми, қушларнинг овозини эшитмаяпсизми? Унда, саҳар туриб ишга ёки ўқишга ошиқманг. Бир зум деразани очинг. Атрофга назар солинг. Баҳорий насимлар ўрик гулларининг ифорини олиб келади. Кайфиятингиз кўтарилиб, беихтиёр қўшиқ хиргойи қила бошлайсиз:
Деразамнинг ортида бир туп,
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.
Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар,
Олиб кетти гулнинг тотини...
Хаёл қишлоққа, ҳовли этагида ўсган бир жуфт ўриклар томон бошлайди. Бу йил ҳам ўзини «еб» гуллагандир?! Ҳар баҳор қийғос гулларига келган ариларнинг овози ҳовлини тутиб кетарди. Ифорга маст бу ҳашаротлар гуллар довча бўлмагунча кетай демасди...
Қишлоқ кўчалари кўклам келгандан болалар қийқириғига тўлиб кетади. Толлар барг чиқариши билан қизалоқлар толпопук тақишга ошиқади. Қирқкокил қилиб ўриб қўйилган сочларига толнинг ёш новдаларидан толпопук қилиб беришгандаги қувончини кузатганмисиз? Болаларнинг толчўпдан от минганини-чи? Кимнинг попуклари кўп бўлса, узун бўлса ҳамманинг ҳаваси келарди. Мойчечаклардан чамбарак ясаганингиз-чи! Бошимизга қандай ярашиб турарди-я. Биз дугонам билан мойчечак тергани бедазорга борардик. (Бедалар орасида ўсганларининг банди узун-узун бўлади-да!). Эгаси ювошгина амаки эди-ю, бедапоясига оралаганни ҳушламасди. Доим бир гапни такрорларди:
Ҳаттоки шоҳлар ҳам кўклам келиши билан юрушларини тўхтатган. Ҳеч қаерга лашкар тортиб бормаган. Чунки бу вақтда ер уйғона бошлайди. Майсалар унади, қурт-қумурсқалар ғимирлайди. Табиат жонланади. Уларга озор бермаслик учун шундай қудратли шоҳлар уруш қилмаган, сен жужуқчалар бедаларимни босиб юришларинг нимаси?! Койирди-ю, жаҳл қилмасди. Ҳалимлик билан койирди. Биз ҳам оёғимизни бир жойга қўйиб туриб, қўлларимизни чўзиб-чўзиб узиб олардик. Ана бобо, уйғонаётган майсаларни босмадик, дердик... Эҳ сизларни деб бобо синиққина жилмайиб қўярди...
Негадир ҳар баҳорда шу хотиралар жонланаверади. Бу фаслда нафақат табиат, балки кўнгиллар ҳам, хотиралар ҳам уйғонади чоғи... Кимларнидир ранжитганингиз хаёлингизга келади, узр сўрамоққа чоғланасиз. Кўнглингизга берилган озорларни унутгингиз, хафаликларга кўз юмгингиз келади. Бу вақтда тупроқ эриган қор сувларига, ёмғирларга тўйиниб роса етилади. Юмшоқ ердан юмалаб, қаттиқ ердан қаталаб кўклар униб келаверади. Аммо юракнинг юмшаши... Тушунолмайсиз. Алланечук туйғулар қуршовида қоласиз. Барг чиқарган дарахтларга термулиб, анча йиллар аввал шундай дарахтлар остида кутиб-кутиб, кутишдан чарчаб, автобусга жимгина чиқиб кетган бир "туйғу” хаёлингизда гавдаланади. Афсус, у дарахтлар кесилиб кетди... Тоғдан атай келтирган лолангизни беролмаганингиз (олишга ийманганингиз)ни эслаб жилмайиб қўясиз. Эҳ, шу кунлар қайтганда эди! Баҳор қайтади, аммо...
Шундай вақтда ҳаммадан ҳам кўпроқ она меҳрини қўмсайсиз. Ёш боладек этагини тутиб йиғласнгиз, вой сенга нима бўлди деб даст кўтариб бағрига босса. Кўксига бош қўйганча юрагининг овозию ширин сўзларининг сеҳрига алланиб ухлаб қолсангиз. Уларнинг қаҳри ҳам кўклам ҳавосига ўхшайди. Булутланиб, чақмоқ чақсада бир зумда қуёш чиқади. Ёмғирлари ҳам меҳрли, илиқ. Одатда оналар фарзандини қаттиқроқ койиса туни билан ўйланиб чиқади. Уларнинг меҳрида тилсим бор, гўё. Ривоятларга кўра биз севиб пиширадиган сумалакнинг яратилишига ҳам она меҳри сабаб бўлган экан. Оч қолган болаларини тўйдириш учун кўклам чоғи унган буғдой донлари ва бир ҳовуч ундан тайёрланган бу таомнинг ширин бўлишига асосий сабаб она меҳри эмасми?! Шунданми, сумалак бошида доим момоларимиз туришади. Хола-ю, аммалар уларга ёрдамчи. Сизнинг бувингиз ҳам ҳеч ким пиширган сумалак оналариникига ўхшамаслигини айтадиларми? Онам эса бувимкникини мақтайдилар. Аслику, бу таом кўпчилик билан ширин. Лекин буғдой ундиришда кўп гап бор дейишади. Бу юмушни момоларга ишонишади. Момолар буғдойларга сув сепар экан, пичирлашади: менинг қўлим эмас, онамнинг қўли...
Кеча ва кундуз тенглашишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу кун нафақат кун билан тун, балки катта билан кичиклар ҳам тенглашиб кетади. Сумалак пишириш баҳонасида йиғилганларга бир қарангга. Момолар каттаман демайди, ўн саккиз яшар қиздек тинмайди... Болалар тилак тоши теришдек масъулиятли иш билан оввора. Етти авлод дийдорлашадиган Наврўзи олам шоидёнасида юракдаги тилаклар тилга кўчади.
Илк бор сумалак ковлаганда нимани ният қилгинингизни эслай оласизми? Кўк узиб келганингизда бувингизинг айтганларини-чи. Ҳа, менинг бувим ҳам кўзларига суртиб,
Омонлик – сомонлик,
Ҳеч кўрмайлик ёмонлик,
Келаси йил шу кунларга,
Ўйнаб кулиб етайлик, деган эдилар.
Етганимиз рост бўлсин! Етқизганига шукур! Хонангиз деразасини бирозгина очиб, гулафшон фасл келганини ҳис этган бўлсангиз, кўнглингиз деразаларини ҳам очиб қўйинг, баҳорий насимлар қонингизга, ҳар бир ҳужайрангизга етиб борсин!!!
Биламан, ҳозир сиз ҳам қаергадир шошаяпсиз. Аммо шу лаҳзалардан завқ олиш эсингиздан чиқмасин, бодом ва ўрикнинг оппоқ гулларига қараб яна бир бор болалик хотираларингизни ёдга олиш имконини бой берманг. 
Чарос ЁҚУБОВА
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг