Президентнинг овчилик бўйича фармони эълон қилинди
«Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-105-сон, 23.07.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан овчилик хўжалигини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
- ов қилиш фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади ва овчилик хўжаликлари ҳудудидан ташқарида ов қилишни амалга ошириш тақиқланади;
- овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:
1-босқичда – 10 йил муддатга;
- инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:
2-босқичда – 10 йил муддатга;
3- босқичда – 29 йил муддатга.
Бунда, 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил қилинмаса, ижара шартномаси бекор қилинади.
- электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига (овчилик базалари ва питомникларга) туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади.
Экология вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилди:
- овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқлаш;
- овчилик хўжалигини юритишда техник-иқтисодий асоснома материалларининг форматини тасдиқлаш;
- юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш.
2024 йил 1 октябрдан овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.
2024 йил 1 октябрдан овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади, жумладан:
- овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади;
- овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЯИДХП орқали 2 йил муддатга берилади.
2024 йил 1 сентябрдан ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш жойларини, кичик сафари парклар ва ов туризмини ташкил қилган овчилик хўжаликлари 3 йил муддат мобайнида мол-мулк ва ер солиғини 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter