Президент собиқ матбуот котиби Асаджон Хўжаев янги ишга ўтди
Ҳукумат қарори билан Асаджон Азатбекович Хўжаев Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур давлат инспекцияси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Бунга қадар у Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директори вазифасида ишлаб келаётган эди.
Асаджон Хўжаев 2017 йил мартидан августига қадар Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби сифатида фаолият юритган. Сўнг Биринчи Президент Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
У, шунингдек, 2011—2012 йилларда Интеллектуал мулк агентлигига, 2012—2017 йилларда эса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига раҳбарлик қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter