Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент китоб ўқинг дейди, валломатлар эса...

Президент китоб ўқинг дейди, валломатлар эса...

Фото: «Xabar.uz»

– Опа, кутубхонангиз тақдири нима бўлди? Таъмирлашадими ёки янгисини қуриб беришадими?..

Фарғона вилоят илмий-тиббий кутубхонаси тақдири ҳақида қайғураверганимдан ҳамкасбларимнинг «кутубхонангиз» дейишларига ҳам кўникиб кетганман. Бу ҳақида «Хаbаr.uz»нинг ўзида бир эмас, икки бор мақола чиқди.


Мавзуга оид: 127 йиллик кутубхонани ким қутқаради?


«Экстренний» ҳудудига янги бино қуриб берилсагина муаммо тўғри ечимини топади», – дейман уларга қисқагина қилиб. Турган гапки, орзуга айб йўқ, деган жавоб оламан. Шифокорлар нима дейди денг: «Хаbаr» кутубхонани сақлаб қолди. Журналистлар бонг урмаганда, кутубхонадан асар ҳам қолмасди (сабаби, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида китобларни бир қанча кутубхоналарга тарқатиб берилиши масаласи ҳам кўрилган экан). Шу ҳеч кимга кераги йўқ, чакка ўтадиган, қурилганидан буён таъмирланмаган учинчи қават ҳам қайда эди!»

Фото: «Xabar.uz»

Муҳими, одамлар кутубхонага бефарқ эмаслар. Китобга ошно қалб борки, бу масаланинг одилона ҳал қилинишидан умидвор.


Мавзуга оид: «Кимлигимни биласанми, мен ҳокимман!»


Кутубхона директори Элмира Ибрагимовнага вазият қандайлигини сўраб қўнғироқ қилганимда, у «Хаbаr» муҳарририга илтимоснома ёзиб қўйганини, ўзи ҳам менга боғланай деб турганини маълум қилди. Қуйида ана шу мактубни ҳавола этамиз:

«Кутубхонамиз умумдавлат ахборот мулки ҳисобланади. 1891 йилдан буёнги тарихий-тиббий ҳужжатлар ва адабиётлар асраб-авайлаб келинаётган беқиёс хазинамиздир. Биз вилоят тиббий-илмий методик марказ сифатида ҳам талай мувофиқлаштирувчилик ишларини бажарамиз. Ҳозирги замонда тиббиёт илм-фани жадал ривожланишда. Тиббиёт, соғлиқни сақлаш сифати юқори даражада бўлиши учун тиббий-илмий кутубхоналар, айниқса, электрон кутубхоналар нечоғли муҳим эканлигини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Аммо биз кўчганимиздан буён ишимиздан қониқмаймиз. Сабаби, бу ерда ишлаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Ҳарбий хизматга чақирилувчилар поликлиникасининг учинчи қавати ёзда қайнаб ётади, қишда чакка ўтади. Поликлиниканинг биринчи қаватидан юриб, учинчи қаватга кўтариламиз. Муаммоларнинг охири кўринмайди, бизнинг олдинги биномиз қайда эдию бу бино қайда! Тенг ярмича ҳам келмайди. Мазкур муассаса билан иш тартибимиз ҳам мутлақо мос келмайди. Ўқув ва компютер заллари, ходимлар учун иш жойлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Энг ёмони, асосий ўқувчиларимиздан узоқда жойлашганимиз. Оқибатда илмий ишлар билан шуғулланувчи бутун водийлик шифокорлар, Фарғона тиббиёт академияси ўқитувчилари, талабаларию амалиётчилари ҳамда тиббиёт коллежлари ўқувчилари  фондимиздан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишди. 1998 йилдан буён вилоят шифохонаси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилоят бўлимига тегишли еттита бино шахсий қўлларга бериб юборилди. Демоқчиманки, ҳалиям кеч эмас, ҳудудда кутубхона учун янги бино қурилиши фаолиятимизни тубдан яхшилашга олиб келади, ўқувчиларимизнинг ҳам тарихий ва бой илмий манбалардан ўз вақтида баҳраманд бўлишлари таъминланади.

Вилоят прокуратураси томонидан Фарғона шаҳар ҳокимлигининг 2018 йилда кутубхона жойлашган бинони бузиш билан боғлиқ қарорлари текширилганда қонунлар бузилганлиги аниқланган ва шаҳар ҳокимлигига бу қонун бузилиш ҳолларини бартараф этиш ҳақида тақдимнома чиқарилган.

Ҳурматли муҳаррир, 1976 йилда илк марта ажратилган жойда янги бино қурилишини қўллаб-қувватлашингизни ўтиниб илтимос қиламан.

Имзо: Э.И.Доброва».

Кутубхонага ким бино қуриб беради?

Вилоят прокуратурасидан директорга ана шу мазмунда келган хатга ҳам анча вақт бўлибди. Бироқ натижадан дарак йўқ. Масалага аниқлик киритайлик. Хуллас, Корея давлатининг «Listem» рақамли рентген аппаратлари ишлаб чиқарадиган заводи билан «МДМ Юлдашев» хусусий клиникаси ўртасида тузилган шартномага асосан, кутубхона жойлашган бино бузилиб ер ажратилган! Қандай қолипларга сиғадики, хусусий тиббиёт сектори соҳасини такомиллаштириш учун айнан кутубхона биноси жойлашган ер керак бўлса. Худди бошқа жой йўқдек. Клиника ўзи жойлашган ҳудудни кенгайтириб олди, унга шу қулай-да! Кутубхона қисмати нима бўлса бўлаверсин. Кўчада қолдиришмас. Кутубхоналар кўчиши китоблар учун, аслида одамлар учун қанчалар фожиа саналиши, китоблар йиртилиши, титилиши, сифатига тузатиб бўлмас шикастланишлар китобларни адойи тамом қилиши, ноёб китобларнинг йўқликка юз тутиши билан клиниканинг нима иши бор! Ажабки, худди шу инсон — илмий ишларга ҳам жаҳд қилган Ф.Юлдашев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти бўлими директорлиги даврида кутубхонани реконструкция қилдирган ва тантана билан очилиш маросимини ҳам ўтказган эди. Кореялик ҳамкорлар аниқки, кутубхона шундай сарсонгарчилик ва лоқайдлик қурбонига айланаётганидан бехабар бўлганлар. Акс ҳолда бундай нохолис, адолатсизлик, маънавиятсизлик асосидаги ҳамкорликдан воз кечардилар албатта! Маърифатсизлик дардию моддий дунё муҳаббати олимларни ҳам маҳф этаётган бўлса, кимдан омонлик сўрайлик, кимларга суянайлик.

Фото: «Xabar.uz»

Президентимиз кутубхонага, китоб мутолаасига, китобхонлик маданиятини оширишга, яъни-ки, маънавиятни юксалтиришга давлат даражасида аҳамият бераётганда бу ерда кутубхонага ортиқча бош оғриқдай қаралмоқда. Яна қандай кутубхонага денг, бундан роппа-роса 128 йил аввал шифокорлар уюшмаси аъзолари ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этган, ўз китобларини васият қилиб қолдириш анъанага айланган, ҳозирги кунда 76 минг китоб фондига, 35283 ахборот манбаига, 85655 картотекага эга олтин хазина – кутубхонага!

Ўйлаб ўйингга етолмайсан. Бу кечириб бўлмас муносабатга ким чек қўя олади?! Ким кутубхонага янги бино қуриб беради? Фарғоналик шифокорлар ўзлари бунёд этган кутубхонани бойитишга, сақлаб қолишга интилмоқдалар. Лекин бу ҳам самарасиз қолмоқда. Балки кутубхона бузилишидан манфаатдор валломатлар ўзлари йўл қўйган хатони ўзлари тузатарлар?! 2 ёки 3 қаватли бино қурилса, учинчи қаватида вилоят тиббиёт тарихи музейи ташкил этилса... Қанчалар буюк иш бўларди-я!

Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги-чи? Улардан қандай ёрдам бўлади?!

Ҳафиза Саляҳова, 
«Хаbаr»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг