Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида «Кўкаламзорлаштириш ойлиги» эълон қилинди

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида «Кўкаламзорлаштириш ойлиги» эълон қилинди

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда «Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!» шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ташкил этиш белгиланди.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад корхона-ташкилотлар жойлашган ҳудуд экологик ҳолатини янада яхшилашга кўмаклашиш ҳамда атроф-муҳитни манзарали дарахтлар билан бойитиш ҳисобланади. Лойиҳа доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги тармоқ корхона ва ташкилотлар томонидан дарахт ва манзарали кўчатлар экиш белгиланган.

2020 йил «Кўкаламзорлаштириш ойлиги» давомида биринчи марта ўтказилган лойиҳа доирасида жамият тизимидаги корхона-ташкилотлар томонидан 62500 дона манзарали дарахтлар, 1200га яқин мевали дарахтлар ва 81000дан ортиқ манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилди.

Навбатдаги кўчат экиш тадбири жорий йилнинг 26 март куни Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри жойлашган «Жиззах пластмасса» АЖ да ўтказилди. 1972 йилда ишга туширилган ушбу корхона асосан пластмасса махсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Хозирги кунда «Жиззах пластмасса» АЖда ва жамият негизида ташкил этилган корхоналарда 220 дан ортиқ ишчи ходимлар фаолият юритиб уларнинг 35-40 фоизини ёшлар ташкил қилади.

Лойиҳа давомида корхона томонидан 550 дона дарахт ва 600га яқин манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилди. Тадбирда корхона тизимида фаолият юритаётган ходимлар, ёшлар, «Ўзкимёсаноат» АЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида 2020-2022 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат Қўмитаси билан келишилди.

Унга кўра, тармоқ корхоналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбааларидан намуналар олиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар автоматик кузатиш постлари билан босқичма-босқич жиҳозлаш, сув тозалаш иншоотларини ва технологик жараёнларни реконструкция хамда модернизация қилиш ишларини олиб бориш натижасида атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли ташланмалар, суюқ ва қаттиқ чиқиндиларни 20% камайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан юқорида санаб ўтилган амалий ишлар билан бир қаторда келажак авлодга экологик жиҳатдан соф табиатни қолдириш, атроф-муҳит ҳимоячиси бўлган яшил ҳудудларни янада кенгайтиришга қаратилган март ойи давомида ўтказиладиган «Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!» шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.

Дунё миқёсида кузатилаётган глобал исиш сабабларидан бири тропик ўрмонларни йўқ қилиш орқали яратилган ортиқча иссиқхона газлари ҳисобланади. Карбонат ангидрид эса (CО2) асосий иссиқхона газларидан саналанади. Дарахтлар фотосинтез жараёнида ушбу зарарли CО2ни кислород айлантиради. Маълумотларга кўра, бир йил давомида 4047 кв. м. ҳудудга экилган катта дарахтлар 42000 км масофани босиб ўтган автомобиль томонидан ҳосил бўладиган CО2 миқдорини зарарсизлантиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг