Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» раҳбарига Латвиядан маслаҳатчи тайинланди

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» раҳбарига Латвиядан маслаҳатчи тайинланди

Суратда ўртада

Фото: «Преступности.НЕТ»

Латвиянинг сутни қайта ишловчи машҳур «HANSA Food Comodities» компаниясининг етакчи мутахассиси Янис Скварновичс «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК бошқарув раиси Тоҳиржон Жалиловнинг сутни қайта ишлаш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Янис Скварновичс Жиззах вилоятида барпо этилаётган қаттиқ турдаги пишлоқ ва бошқа сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик корхонанинг қурилишида бевосита иштирок этиш билан бир қаторда, сут саноати соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналар учун семинар ва тренинглар ўтказади.

Юртимизга европалик мутахассиснинг жалб этилиши билан сутни қайта ишловчи корхоналарда Ғарб тажрибаси кенг миқёсда таништирилади, маҳсулот сифати, ҳажмини ошириш ва унинг экспортини йўлга қўйиш бўйича маслаҳатлар берилади.

Маълумот учун, 58 ёшли Янис Скварновичс олий маълумотли агроном — ишлаб чиқаришни бошқариш ва ташкиллаштириш мутахассиси ҳисобланади.

1993 йилдан «Tukuma Piens» (Тукумсдаги сут корхонаси) акциядорлик жамиятига бошқарув раиси этиб сайланган. Ушбу корхона йилига 25-30 минг тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга сифатли сут маҳсулотлари ишлаб чиқаради.

1999 – 2001 йиллар давомида сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар манфаатини давлат олдида ҳимоя қилувчи Латвия сут иттифоқи бошқарув раиси лавозимида фаолият олиб бориш билан бир қаторда айнан шу соҳада Европа Иттифоқи стандартларини жалб қилиш бўйича меҳнат қилган.

2001 – 2006 йилларда Латвиянинг сутни қайта ишлаш бўйича етакчи ҳисобланадиган «Rīgas piena kombināts» (Рига сут комбинати) акционерлик уюшмаси бошқарув раиси бўлган.

2010 – 2014 йилларда «Eiroholdings» МЧЖ лойиҳалар департаменти директори, Озарбайжонда 500 бош соғин сигирга мўлжалланган корхонани барпо этишда маслаҳатчи бўлиб фаолият олиб борди. Украинада болалар озуқаси бўйича Балтика сут-консерва комбинатини фаоллаштиришда иштирок этди. Шунингдек, Россиянинг Тверь, Липецк ва Смоленск шаҳарларида жойлашган сутни ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналарга маслаҳатчилик қилган.

Янис Скварновичснинг ушбу соҳадаги асосий ютуқларидан бири инвестициянинг умумий ҳажми 30 млн. евро бўлган Рига сут комбинатини қайта қуришда катта рол ўйнагани бўлди. Натижада ушбу корхонада кунига 20 тонна тайёр пишлоқ ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Россиянинг Новгород шаҳридаги маҳаллий сутни қайта ишловчи корхонанинг ишга туширилишида ўз тажрибаси ва маслаҳатлари билан катта ёрдам берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг