«Ўзбекозиқовқатхолдинг» пиёз эккан фермерларни алдади(ми?) (видео)
Ёдингизда бўлса, бироз вақт аввал «Xabar.uz»да сурхондарёлик фермерларнинг муаммосига бағишланган қатор мақолалалар эълон қилинган эди.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Деҳқон яна куйиб қолмоқда» ва «Сурхондарёда пиёз етиштирганларнинг уйи куймоқда (видео)» номли мақолалардан сўнг «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси мурожаат билан чиқди ва пиёзнинг килосини 1200 сўмдан сотиб олишини эълон қилди.
Бозорда пиёзнинг улгуржи — дала бошидаги нархи 300 сўм экани, пиёзни етиштиришга сарфлаган харажатнинг ярми тугул учдан бирини ҳам ололмаётган, оқибатда уни ҳатто ерда қолдиришга мажбур бўлаётган деҳқон учун, турган гапки, бундан яхши янгилик йўқ эди. Бу хабар яшин тезлигида тарқалди ва нафақат деҳқону фермерларни, балки уларнинг ташвишига шерик барча юртдошларимизни чин дилдан қувонтирди.
Аммо, минг афсуски, бу хурсандчилик узоққа бормади. Орадан кўп ўтмай, таҳририятимиз «Ўзбекозиқовқатхолдинг» деҳқонларга пиёз буюртма бериб, уларнинг маҳсулотини олмаётгани, 1200 сўмлик нарх ҳақидаги ваъдалар бор-йўғи чўпчак экани ҳақидаги мурожаатлардан тўлиб-тошди. Ҳозир қўлимизда сурхондарёлик фермерлардан келган кўплаб мурожаатлар бор ва ушбу масалалар тегишли тартибда ўрганилмоқда.
Бир неча кун олдин «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» кўрсатувида ҳам айни шу мавзу кўтарилди. Сурхондарёлик фермерлар «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясининг ёлғон ваъдаларига ишониб, бугун ҳам пиёз, ҳам пулдан қуруқ қолаётганини рўй-рост айтишди. Аммо мутасаддилар фермерларнинг саволига жавоб беришга ожиз.
Қуйида кўрсатувнинг айнан мана шу мавзуга дахлдор лавҳасини эътиборингизга ҳавола этамиз. «Xabar.uz» ушбу мавзуни ўрганишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter