Ўзбекистонлик ҳарбийлар Россия армияси жанговар тайёргарлиги жараёнини кузатишди
Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Россия Федерациясининг Челябинск шаҳри яқинидаги Чебаркуль полигонида армия авиацияси ҳамда артиллерия ҳамкорлигида ўтказилган танк бўлинмаларининг тактик машғулотларини кузатишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Машғулот жараёнида шартли душман авиация ҳужуми ва оммавий қирғин қуролларидан фойдаланганида асосий кучнинг ҳаракатлари амалда кўрсатилди.
Машғулотнинг сўнгги босқичида ҳарбий хизматчилар «Т-72Б» танклари ҳамда «БМП-2» пиёдалар жанговар машиналаридан шартли душманнинг имитация қилинган зирҳли ва жонли кучларига қарата ўт очди. Бунда ҳаводан «Ми-24» авиация вертолётлари ёрдам кўрсатиб турди.
Тажриба алмашиш жараёнида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар россиялик танкчилар бўлинмаларининг жанговар тайёргарлиги жараёнлари, шунингдек, кечаю кундуз учувчисиз учиш қурилмалари ва шартли диверсион-разведка гуруҳларига қарши курашишнинг янгича усуллари билан танишди.
Тактик машғулотларга мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 200 га яқин ҳарбий техника, хусусан, «Мcта-Б» гаубицаси, «Град» залп ўт очиш реактив тизими ҳамда бешинчи авлод алоқа техникаси жалб этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter