Ўзбекистонда янги орден таъсис этилди
26 май куни «Salomatlik» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Қонун билан «Salomatlik» ордени таъсис этилди ҳамда орден тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, «Salomatlik» ордени билан Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади.
Орден билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
«Salomatlik» ордени икки даражадан иборат бўлади.
Мукофотлаш, қоида тариқасида, қуйидаги тартибда: аввал II даражали орден, орадан камида 3 йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.
- I даражали «Salomatlik» ордени билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 30 баравари миқдорида, II даражали «Salomatlik» ордени билан мукофотланган шахслар БҲМнинг 25 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.
- I ва II даражали «Salomatlik» ордени билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter