Ўзбек тилига мафтун турк қизи: Burcu Yilmaz билан суҳбат
Туркиялик қизнинг илм йўлида Ўзбекистонга ташрифи ва ўзбек тилига муҳаббатидан ҳайратланиб, у билан суҳбат қуришга ошиқдик. Суҳбатни рамзий маънода Абдулла Қодирий уй музейида ташкил этиб, Қодирий юрган йўллар аро ўткан кунларимизни бирга хотирладик... Айниқса, Burcu «Ўткан кунлар»дан парча ўқиганида, унга меҳрим товланиб кетди... Бу, миллатнинг ўткан кунлари ёди билан яшаётган, ўз она тилига ишқи ва ҳурмати баланд ҳар бир ўзбек учун фахр! Burcu Yilmaz Истанбул университети, Туркология тақдқиқотлар институти докторанти.
– Burcu, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Бу Сизнинг Ўзбекистонга илк ташрифингиз-а? Таассуротларингиз қандай?
– Бу менинг Ўзбекистонга биринчи келишим эмас. Илк бор 2018 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтган Халқаро симпозиумда маъруза қилиш учун бир ҳафтага келиб, Тошкент ва Самарқандда бўлгандим. Бу сафар Ўзбекистонга 1 ой муддатга келдим. Икки шаҳар ҳам менга жуда манзур бўлиб, гўзал таассуротлар қолдирганди. Уч йилдан сўнг гувоҳи бўлиб турибманки, Тошкент анча ўзгариб, ривожланган, чиройига чирой қўшилган. Тошкентни сеҳрли шаҳар сифатида кўраман, у мени одамлари, кўчалари, ҳавоси, тарих шукуҳи таралиб тургувчи муҳити билан мафтун этган.
– Ўзбекистонга ташрифингиз сабаби, илмий ишингиз мавзуси – ўзбек тили билан боғлиқ бўлганлиги ҳақида илк учрашувимизда айтиб ўтгандингиз. Нима учун айнан, ўзбек тилини илмий ишингиз учун мавзу қилиб олдингиз? Умуман, туркиялик ёшлар илмий иш учун мавзу танлаётганда, нималарга кўпроқ аҳамият қаратишади?
– Ёзаётган диссертация ишимнинг мавзуси ўзбек тили билан боғлиқлиги сабабининг ўз тарихи бор: Туркиянинг Мармара университетида турк тили ва адабиёти бўйича таҳсил олганман. Тил дарсларига қизиқардим. Магистрлик даражасини турк тиллари бўйича олишни ўйлардим. Лекин қайси туркий тилга ихтисослашиш борасида қарор қилмагандим. Бизга ўша вақтда ўзбек тили дарси ўтиларди. Ўқитувчимиз Дониёр исмли ўзбек йигити бизга бу халқнинг маданияти, Ўзбекистон ҳақида гапириб берди ва Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» шеърини ўқиди. Бу шеърдан жуда таъсирландим. Ўша кун илмий изланишларим ихтисослашувини ўзбек тили билан боғлашга қарор қилдим. Кейин эса магистрлик диссертациямда шу тилда Маҳмуд Ҳасаний томонидан ўзбекчадан туркчага таржима қилинган Ҳусайн ибн Иброҳим Муҳаммад ат-Тафлисийнинг «Камилут-таъбир» – «Мукаммал туш таъбирномаси»ни (транскрипция)га кўра тил хусусиятлари ҳақида ишладим. Ҳозирда эса докторлик диссертациямни «Чиғатой тилидан замонавий ўзбек тилига ўтишда иборалар ва ибораларда юзага келган ўзгаришлар” мавзуида ёзаяпман. Илмий иш мавзуимни танлар эканман, туркология ва соҳамга фойдали бўлиши мумкин бўлган мавзуни танлашга эътибор қаратдим.
– Маълумки, ўзбек ва турк тилларининг мазмунан яқинлиги сабаби – икки тилнинг ҳам тарихий келиб чиқиши туркий тиллар туркумига мансублиги билан боғлиқлигидадир. Шу нуқтаи назардан, ўзбек ва турк адабиёти тили кайфиятида қандай уйғунликлар кўрасиз?
– Ўзбеклар ва турклар мисоли битта дарахнинг икки хил шохлари... Дарахтнинг шохлари мутлақо бир хил бўлмаса-да, илдизлари бирдир! Шу сабаб, икки тил – якдил! Ўзбек тили билан турк тилининг синтаксиси, сўзлари, идиома (ибора) ва мақоллари жуда ўхшаш. Масалан, идиомаларни ўрганиш асносида ўзбек тилидаги идиомаларни турк тилидаги идиомалар билан солиштираман ва уларнинг кўпчилиги бир хил ёки ўхшаш эканлигини кўраман. Бу бизга икки халқнинг маданияти, урф-одатлари, яшаш тарзининг яқинлигидан далолат беради. Чунки ибораларни халқ маданияти ва ҳаётидан мустақил равишда тасаввур қила олмаймиз. Яна ўйлайманки, адабиётимиздаги ҳис-туйғу кайфияти, риторика, ватанпарварлик мавзулари ҳам эгиздек худди. Масалан, Мустақиллик урушидан сўнг, Mehmet Akif Ersoyнинг «İstiklal Marşı» шеъри ва Абдулла Ориповнинг Ўзбекистон мадҳияси учун ёзган шеъридаги ватанпарварик туйғулари қалбан яқин. Бу муштаракликлар икки халқ адабиётининг мавзуси ва муаллифлари услубларида акс этади.
– Ўзбек адабиётининг илк романи – Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асари тили ва унда қўлланилган иборалар Сизда қандай фикрлар уйғотган? Умуман, Абдулла Қодирий ижоди ва айнан «Ўткан кунлар» сизга қай жиҳатлари ила қадрли?
–«Ўткан кунлар»даги ибораларни ҳали илмий нуқтаи назардан таҳлил қилишга улгурмадим. Диссертациямнинг кейинги қисмларида бунга тўхталиш ниятим бор, албатта. Туркияда айни мавзу 2001 йили Şeref Yılmaz томонидан магистрлик диссертацияси (Abdullah Kadri'nin (Ötgen Künler) romanında geçen deyimlerin incelenmesi)да ўрганилди. Роман тили анча равон ва содда. Ўқиш ва тушуниш осон. Осон тил ва услубга эга эканлиги асарни бир нафасда тушунишмизга имкон беради. “Ўткан кунлар» романи мени Ўзбекистоннинг маданияти ва анъаналари илдизлари билан яқиндан таништиргани билан қадрлидир. Роман ўз ичига олган мавзулар ила универсаллик хусусияти касб этиб, бу унинг абадийликка дахлдор мақомини белгилайди. Абдулла Қодирийнинг ютуғи шундаки, у сизни роман ичига олиб кира олади ва қаҳрамонлар ўрнида ўзингизни тасаввур этиб, масалан, Кумушни туйғуларини бевосита сиз ҳам ҳис қиласиз. Ёзувчи ҳаётийлик омили орқали қаҳрамони оламига китобхонни шерик қила олиши, бу юксак маҳорат.
– Ўзбек ёзувчиси, адабиётшунос олими – Улуғбек Ҳамдамнинг Абдулла Қодирий ҳақида ёзган бир мақоласини ўзбек тилига таржима қилганингиз ҳақида хабарим бор. Шу таржима жараёни қандай кечди ва бу мақола қай жиҳатлари ила қизиқиш уйғотганди?
–Улуғбек Ҳамдамнинг «Абдулла Қодирий ва Эркин Воҳидов» номли мақоласини таржима қилиш жараёни яхши кечди, чунки мен учун мақолаларни таржима қилиш бадиий матн тилига қараганда, бирмунча қулайроқ. Бунинг сабаби, мақоладаги сўз ва жумлалар қисқа ва лўнда, аниқ ифодаланашида. Одатда, менга яқин бўлган соҳалар доирасида бадиий матнлар эмас, балки илмий матнлар устида ишлайман. Мақолада эътиборимни тортган жиҳат биринчи навбатда, Абдулла Қодирийнинг ўзбек адабиётидаги ўрнини кўриш бўлди. Шунингдек, Абдулла Қодирий ўзбек адабиётига нафақат ўз асарлари ила, балки ўзидан кейинги номлар ижодига берган илҳоми билан ҳам маънан таъсир қилгани, ворислик ришталарига эҳтиром мақоланинг моҳиятини ташкил этади. Қодирий асарлари мени дунёимга таъсир қилиб, қалбимда чуқур из қолдирган. Мақола муаллифи Абдулла Қодирийнинг ўзбек адабиёти умумий оқимига катта таъсири борлигини нозик англаб, уни ўз кузатувлари асосида рамзий боғлиқларни келтириб, ифода этган. Ўз ўрнида хос кузатув диди ва изчил таҳлил билан ёзилган бу мақола мени Қодирий шахсига яна бир қадам яқинлаштирди. Бу гўзал мақолани имкон қадар Туркиянинг илм оламига олиб киришга ҳаракат қилдим.
– Абдулла Қаҳҳорнинг «Даҳшат» ҳикоясини турк тилига таржима қилганингизни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Мазкур асарни таржима жараёни ҳақида гапириб беринг. Таржима учун Абдулла Қаҳҳорнинг нега айнан шу ҳикоясини танлаган эдингиз?
– «Турк тили ва адабиёти» журналининг ўзбек-туркча сонига ҳикоя таржима қилиш таклифи тушганди ва мен таржима учун қандай асар олсам экан, деб ўйлай бошладим. Асосан, ўзбек тили билан шуғулланганим боис, ўзбек адабиёти бўйича изланувчи дўстим Ҳамза Ўзтуркчудан таржима учун асар тавсияси борасида маслаҳат сўрадим. Истагим, ўзбек адабиётидан ўзбеклар маданияти изларини ўзида мужассам этган ва бизнинг ҳам халқимиз билан туташиб кетгувчи муштарак жиҳатларга эга ҳикоя топиш эди. Дўстим, Абдулла Қаҳҳорнинг «Даҳшат» ҳикоясини тавсия этди. Бу айнан, мен излаган ҳикоя бўлиб чиқди. Асарни таржима жараёни мен учун ҳам қизиқарли, ҳам завқли кечди. Мен тўсатдан ўзимни ажойиб ҳикояда топдим. Ҳикоя орқали ўзбекларнинг тарихи, маданияти, анъаналари, одат ва яшаш тарзи тасвирларида бизнинг ҳам маданиятга яқин элементларни кўриш, ўрганиш имконига эга бўлдим. Шундай қилиб, ўтмишдаги ҳаётни кузатиш, менинг эътиборимни тортган асосий жиҳатлардан бирига айланди. Ҳикояни таржима қилар эканман, воқеалар туйғуси ичида гоҳ адашиб, гоҳ исён қилиб, гоҳ кулиб, гоҳ эса ўйланиб қолган пайтларим бўлди. Бу муаллифнинг ҳикояга шахсни қанчалик моҳирлик билан киритганлиги маҳоратидан далолатдир.
– Мана, бир неча кундирки, Ўзбекистонда меҳмонсиз. Илмий ишингиз юзасидан изланишларингиз сабаб, кўпгина ўзбек ёшлари билан дўстлашдингиз. Айтингчи, уларнинг оғзаки нутқида ўзбек адабий тили қандай жаранг сочаяпти? Шунга ҳеч қизиқдингизми? Ўзбек тилига меҳр қўйган инсон сифатида соф ўзбекча сўзлашни шакллантириш борасида нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?
– Ўзбек тилини ўрганишим туфайли Ўзбекистон ва ўзбекистонлик ёшлар билан яқин мулоқотда бўлдим. Кўплаб жуда яхши дўстлар орттирдим. Албатта, Туркияда бўлганимда ҳам, бу ерда ҳам дўстларимнинг суҳбатларини кузатаман. Кўриб турганимдек, ўзбек ёшлари ўз она тилини яхши кўради, лекин унинг ҳимояси, улуғланиши тилга бўлган амалдаги ҳурмат билан ўлчанади. Мисол учун, бир дўстим билан кечки овқатни тановвул қилиш учун емакхонага ташриф буюрдик. Дўстим емакхона хизматчисидан вилка (санчқи) сўради. Мен табиий равишда унга савол бердим: «Нега ўз тилингда санчқи сўзи бўла туриб, вилка дейсан?...» У ўйланиб қолиб, сиз ҳақсиз, деди. Кейин биз бу сўз ҳақида бироз суҳбатлашдик. Мен унга «санчқи» сўзининг нақадар маъноли экани, сўзнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида билганларимни илиндим. Ота-боболар тилида гўзал сўз бўла туриб, бошқа тиллардан сўз олиш маъносиз, дедим. Албатта, бугун ҳам соф ўзбекча гапириш, бу тилни асраб-авайлаш зарурати бор. Тил бу, бизга асрлар давомида ишониб топширилган хазинадир. Бу хазинани асраб-авайлаш ўзбек ёшларининг ҳам, биз, ўзбек тили мутахассисларининг ҳам бурчимиздир. Бу йўлда қилинажак ишлар бисёр, аввалоси, бу мавзунинг моҳиятини англашдир. Зероки, тил бу – миллатнинг юзи!
– Зулфияхоним шеъриятига ҳам қизиқишингизни эшитиб, сизга нисбатан янада меҳрим ва ҳурматим ошди. Зулфияхоним шеъриятининг Сизни ўзига мафтун этган жиҳати нима эди?
– Аёл ботини кучининг ўрни ва кучли аёллар мени доим ҳайратда қолдиради. Бир куни Зулфия исмли таниқли ўзбек шоираси борлигини эшитиб, унинг ижодига қизиқиб қолдим. Кейин унинг китобини сотиб олдим ва ўқиш жараёнида шоира шеърларидаги туйғу менга қаттиқ таъсир қилди. Шоира шеърияти мени ғурурлантирди. Унинг ижодидан энг севиб ўқийдиган шеърим бу – «Баҳор келди сени сўроқлаб».
– Келгусидаги режаларингиз?
– Турк ва ўзбек тилига фойдаси тегадиган олима бўлишни хоҳлайман. Бундай қудратли маданиятнинг тилини асраб-авайлаш ва юксалтириш Алишер Навоийдан кейин туркологияга юракни берган туркологларга юкланган, деб ўйлайман. Ва мен ҳам улардан бириман, деб фахр қиламан. Шунинг учун туркий тилни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, менинг асосий мақсадим. Ўзбек тилини дунёда кенг қўлланиладиган тил сифатидаги мавқеини ошириш йўлида илмий изланишлар олиб бориб, соҳа ривожига муносиб ҳиссамни қўшсам, дейман.
– Burcu, ўзбек тилига мафтун инсоннинг ўзбекча исми ҳам бўлиши керак, назаримда. Ҳар ҳолда бу мени сизга ҳурматим рамзи. Сиз билан илк бор ойнинг ўн бешида ва ой чиққан маҳал дийдорлашгандик. Чеҳрангиз ҳам нурли ой каби гўзал экан. Шу сабаб, мен сизни ўзбекча исм ила Ойгул деб атагим келди.
– Мен буни мамнуният билан қарши оламан. Менга ўзбекча исм таклифини беришингиз билан боғлиқ кечган тасодифлар ва фикрларимизнинг уйғун келиши манзур бўлди. Гўзал ўзбекча исм ва меҳмондўстлигингиз учун сизга катта раҳмат!
Лобар Қобилова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter