Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўз уйингда ижарага турмайсан...»

«Ўз уйингда ижарага турмайсан...»

Халқимизда бир чиройли нақл бор- Ери семизнинг — эли семиз. Ҳа, бу нақл бежиз айтилмаган. Бугун юртимизда кечаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар ерга эгалик қилиш соҳасини ҳам четлаб ўтмади.

Яқиндагина давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳам айнан ушбу соҳадаги муносабатларни ойдинлаштиришга хизмат қилади. Аввало, ушбу қонун бизга нима беради, деган саволга тўхталсак. Бугунги кунда аҳоли нуфузи кун сайин ошиб бораётгани ва урбанизация жараёнининг шиддат билан ўсиб боришининг ўзи мазкур қонунни қабул қилишни тақозо қилди. Қолаверса, ернинг хусусий мулкка айланиши маънавий томондан фуқарога катта ишонч беради. Хусусий ерга инсоннинг меҳри бошқача бўлади. Ер эгаси ўзини оёқда маҳкам тургандек ҳис қилади, узоқ келажакка доир режалар тузади ва истиқболини аниқроқ кўра бошлайди. Айниқса, ўзини ўз уйида ижарада тургандек ҳис қилмайди. Сабаби авваллари, айрим ҳолларда “Ер сеники эмас, ер давлатники. Исталган вақта кўч-кўронингни йиғиштириб бу ердан кетасан…” дейиларди. Табиийки, бундай вазиятда ҳар бир инсон маънавий тушкунлик ҳолатига тушиб қолади, унда эртанги кунга нисбатан бўлган ишончи йўқолади.

Мазкур қонун эса, фуқароларимизга янада қулайликлар яратаяпти, ўзларини ватан ичида ватансиздек ҳис қилимасликларини таъминлаяпти. Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундки, авваллари фуқаролар ўз уйларига “Ҳоким қарори”ни чиқартириш учун ойлаб, керак бўлса, йиллаб сарсону саргардон бўлишарди. Биргина уйнинг кадастр ҳужжати учун ўнлаб ташкилотларнинг эшигини қоқишарди. Турнақатор навбатлар, мутасадди раҳбарларнинг ўзи истаган вақтда фуқароларни қабул қилиши ҳолатлари, айрим вақтларда мурожатларнинг ҳокимият котибияти иш столи устида ойлаб қолиб кетишларидан тўғриси халқимиз жуда чарчаган эди. Баъзи ҳолатларда эса, уларда давлатга, ўша даврдаги сиёсатга ишонч туйғуси йўқолиб бораётганди. Мазкур қонун эса уларга ушбу ишонч ҳисси қайтарди десак, муболаға бўлмайди. Сабаби эндиликда мазкур қонун билан ортиқча овворагарчиликлар, бюрократия ва коррупция ҳолатларининг олди олинди. Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш тартибида бўлади. Ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотилади. Ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнида қонунийлик; ихтиёрийлик; ҳақ тўлаш; хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги; очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этилади. Аммо, яна бир жиҳат, ушбу қонун барча ер участкаларига ҳам тадбиқ қилинаверилмайди. Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди: тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари; рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари; табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар); хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари; эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

Мазкур қонун орқали Давлат хизматлари агентлигига ҳам бир қанча вазифалар белгиланди. Қонунга мувофиқ, кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Мазкур ариза Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади. Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунда қабул қилинади ва ушбу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин. Яна бир жиҳат, авваллари аукцион ғолиби ҳокимнинг ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорини имзоланишини айрим ҳолларда 3 ойдан 6 ойгача кутар эди. Эндиликда, Элетрон аукцион натижалари бўйича баённома ғолибнинг ерга бўлган ҳуқуқини ҳокимнинг қарорисиз рўйхатдан ўтказишга асос бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур қонун орқали фуқароларимизнинг аввало вақти тежалди. Коррупция ва бюрократиянинг олди олинди. Ерни хусусийлаштирилиши жараёни соддалаштирилиб, шаффофлик, тезкорлик принциплари жорий этилди. Энг муҳими, халқимизнинг, давлатга ва бугунги кунга нисбатан ишончи мустаҳкамлани.

Б.Жамолов,
Давлат хизматлари Агентлиги Бухоро вилоят
бошқармаси бошлиғи ўринбосари 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг