Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Орол денгизининг суви кўпайди — Қозоғистон экология вазирлиги

Орол денгизининг суви кўпайди — Қозоғистон экология вазирлиги

Фото: «Zakon.kz»

Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги Орол денгизининг шимолий қисмини сақлаб қолишга қаратилган «Аср лойиҳаси»нинг биринчи босқичи якунлари бўйича ҳисобот берди.

Шимолий Орол денгизи тўғони (Кўкорол), Айтек иншоотлар мажмуаси, Сирдарё ҳимоя тўғонлари, Қизилўрда шаҳри, Казалинск гидроузеллари, Шардара ва Арнасой сув омборлари тўғонларида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари бажарилди. Натижада Орол денгизининг шимолий қисмига оқиб тушадиган сув ҳажми ошди, Оролбўйининг кўплаб биологик турлари тикланди, қишлоқ хўжалиги ерларининг суғорма сувлар билан таъминланиши яхшиланди, дейилади хабарда.

Сирдарё ўзанининг сув ўтказувчанлиги 350 дан 700 м³/с.гача ошган. Орол денгизининг шимолий қисми географик иқлим ҳосил қилувчи объект сифатида сақлаб қолинишига эришилган. Суғориш тизимлари ва кўлларни сув билан таъминлаш кўпайган.

Оролбўйининг Қозоғистон қисмида биохилма-хиллик тиклангани айтилмоқда: маҳаллий балиқ турларининг ривожланиши ва осётрсимон балиқ турларини кўпайтириш учун қулай шароитлар яратилган. Балиқ тутиш ҳажми 0,4 минг тоннадан 6,0 минг тоннага кўпайган ва келгусида 11,0 минг тоннага етказиш кутилмоқда.

«Кўлларнинг тикланиши балиқчиликни ривожлантириш имконини берди. Илгари Орол денгизида йўқолиб кетган 13 турдаги балиқ тикланди, балиқ овлаш ҳажми 400 минг килограммдан 7 минг тоннага кўпайди», — дейилади Қозоғистон экология вазирлиги ҳисоботида.

Маълум қилинишича, айни пайтда Қозоғистон президенти топшириғига кўра, «Орол денгизининг шимолий қисмини қайта тиклаш» иккинчи босқич лойиҳаси тайёрланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг