Олис тоғлар ортида: «Ҳисор» давлат қўриқхонасига саёҳат
Қашқадарё вилоятида жойлашган «Ҳисор» давлат қўриқхонаси Ўзбекистоннинг энг гўзал ва муҳим табиат гўшаларидан саналади.
Экология, атроф-муҳитни муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти давлат муассасаси ташаббуси билан соҳадаги масъуллар ва ОАВ иштирокида ушбу қўриқхонага сафар уюштирилди.
Дастлаб Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган семинар-тренингда қўриқхона бўйича маълумотлар тақдим этилди.
«Ҳисор» давлат қўриқхонаси 1983 йилда ташкил этилган. Умумий майдони қарийб 81 минг гектарни ташкил этади.
Ўзбекистоннинг жанубий-шарқий қисмида, Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида, денгиз сатхидан 1750 м дан 4366 м гача баландликда жойлашган.
Қўриқхона жанубий-шарқда Сурхондарё вилояти, шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош.
Ҳудудда Қизил китобга киритилган 34 та ўсимлик ўсади, 250 дан ошиқ доривор ўтлар аниқланган. Қўриқхонада 276 турдаги ҳайвонлар аниқланган, жумладан қор қоплони, силовсин, айиқ каби ноёб ҳайвонлар бор. Эътиборли томони, сўнгги йилларда ноёб қор қоплони кўпайгани қайд этилди, уларнинг сони қарийб 30 донага етади. Ўтган асрда уларнинг сони атиги 4 донага тушиб қолганди.
2000 гектар экотуризм учун ажратилган қўриқланма зона ҳисобланади. Қўриқхона 4 та бўлимга булинган:
- Ғелон бўлими ер майдони - 18838,1 га.
- Мираки бўлими, ер майдони - 11821,0 га.
- Танхоздарё бўлими ер майдони - 20233,0 га.
- Қизилсув бўлими ер майдони - 30094,0 га.
Тадбир давомида иштирокчилар қўриқхона ҳудудидаги Сувтушар шаршараси ва унинг атрофида амалга оширилган ишлар билан ҳам танишдилар. Ушбу шаршара негизида 1,2 млрд. сўм маблағ эвазига экотуризм маскани барпо этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter