Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Табиат томон бир қадам – «Сурхон» давлат қўриқхонасига сафар

Табиат томон бир қадам – «Сурхон» давлат қўриқхонасига сафар

Қўриқхоналарнинг вазифаси ва табиат хилма-хиллигини сақлашдаги аҳамияти жуда муҳим. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Қўриқхона – табиатдаги мувозанатни лоақал ҳозирги даражада сақлаб қолиш учун инсон томонидан содир этилаётган салмоқли уриниш. Энг қизиғи – қўриқхонада ўсимликлар ва ҳайвонларни инсондан инсоннинг ўзи муҳофаза қилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ҳафта аввалида мана шундай масканлардан бири - Сурхон давлат қўриқхонасига журналистлар учун сафар ташкил қилинди.

Қўриқхона бизга кўҳна юртимизнинг бетакрор гўзаллигини эслатиб турадиган қадрли маскан, табиатнинг соф манзаралари сақланиб қолган манзил. «Сурхон» давлат қўриқхонасидаги жонли табиат манзараси билан юзма-юз келибоқ, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Қўриқхона Кўҳитанг тоғларининг шарқий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 850 метрдан 3137 метргача баландлик сари гўзаллашиб, юксалиб, хилма-хиллашиб бораверади. Шеробод туманига қарайдиган бу ҳудуд Туркманистон Республикасининг давлат чегарасигача қадар чўзилиб кетган.

Қўриқхона 1986 йилда ташкил топган бўлиб, 23406.4 гектарлик майдонда ястаниб ётади. Шундан 12109,2 гектари ўрмонлар билан қопланган. Қўриқхона ҳудуди қулайлик нуқтаи назаридан 7 бўлим, 10 айланма ва 14 кварталга ажратилган. Ҳар бир бўлим ўз ичига муайян айланма ва кварталларни олади.

Қўриқхонада 807 турдаги ўсимлик асралади, шулардан 47 хили Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган.

Қўриқхонада ҳозиргача умуртқали ҳайвонлардан 26 тур сут эмизувчилар, 137 тур қушлар, 24 тур судралиб юрувчилар, 2 тур сувда ва қуруқликда яшовчи, 5 тур балиқлар , жами 194 тур ҳайвонот дунёси вакиллари учраши аниқланган. 25 тур ҳайвонот дунёси вакиллари Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган.

Қўриқхонадаги муҳофазага олинган ҳайвонлардан 18 тур ҳайвон Ҳалқаро ТМҚИ «Қизил китоб» ига киритилган бўлиб, мазкур ноёб турларидан морхўр ёки бурама шохли эчки, бухоро тоғ қўйи муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳайвонлар ҳисобланади.

Маълумот ўрнида қўриқхонада ҳайвонларнинг саноғини юритиш, уларни браконерлардан ҳимоялаш ва яшаш ареалларини аниқлаш мақсадида қўриқхонага 22 та махсус фотоқопқонлар ўрнатилган. Кунора ана шу фотоқопқонларга мухрланган тасвирлар олинади.

Қўриқхонадаги ҳайвонлар табиий йўсинда озиқланиб, кўпайиб, лоақал азим юртимизнинг кичик бир ҳудудида табиат микротизимини ташкил этиб, ривожлантиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг