Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ОИТСга чалинган бемор: «Ўз умрининг сўнгги кунларида яшаётганини билиб яшаш — ўлимдан олдин ўлим...» (видео)

ОИТСга чалинган бемор: «Ўз умрининг сўнгги кунларида яшаётганини билиб яшаш — ўлимдан олдин ўлим...» (видео)

Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази. Билдирилишича, марказдаги мослаштирилган хоналарда даволанаётган беморлар доимий муолажада. Марказда беморлар учун ишонч хоналари мавжуд бўлиб, «Дўстлик хонаси» деган атама билан юритилади.

Бу хоналарда беморларнинг исм-шарифлари мутлақо сир тутилиши кафолатланган. Чунки, бу касалликка чалинганлар жамоатчилик томонидан камситилиши мумкин. Марказда беморлар ақл-идрокка, жисмоний ҳаракатларга асосланган машғулотлар ўтказилиб, руҳий ҳолатлари ўрганилар экан.

Ушбу марказга кирар эканмиз, қабулхонада бир шифокорнинг мижозларни қабул қилаётган пайтидаги суҳбати эътиборимизни тортди.

«Сизга ҳақиқатни айтишим керак. Ҳали бу касалликнинг давоси топилмаган. Фақат узоқ ва тинимсиз муолажалар билангина сизга бироз ёрдам бера олишимиз мумкин!»

Шифокорнинг сўзларини эшитиб, икки букилиб, етмиш яшар чолдек букчайиб қолган бемор йигит учун борлиқ зулматга айланди. Таҳлил натижаларидан хабар топган беморнинг онаси эса бошини чангаллаб қолди.

«Унаштириб қўйгандик, дўхтир болам, энди қандай баҳона билан тўйни тўхтатамиз. Бўлажак қуда-андалар олдида нима деган одам бўлдик?!»

Маълум бўлишича, бу йигит хорижга иш қидириб бориб, у ерда дурустгина даромад топган. Ота-она, яқинларидан йироқда юрган йигит ўз билганича яшаган. Оқибатда оғир ва тузалмас дард – ОИТСга чалинган.

«Гарчи ОИВ инфекциясини бартараф қилишга эга бўлган тўла қудратли вакцина ишлаб чиқарилмаган бўлса ҳам бунда касалликни даволаш усуллари ва касалнинг умрини узайтириш йўллари мавжуд. Аммо, касалликка чалинаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётгани кишини ташвишга солади. Уларнинг кўпчилиги ўз умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётганини ҳам билади...»,деди бизга ҳамроҳ бўлган шифокор.

Ўз умрининг сўнгги кунларини билиб яшаш - шунчаки оғриқ эмас, уни ифодалашнинг ўзи қийин... Оғир, вазмин қадамлар билан марказ даҳлизидан юра бошлаймиз. Турли чеҳралар бизни қаршилайди: барининг нигоҳида бир хил саросима, бир хил ҳадик, гўё ҳаёт билан бир хил видолашув...

Даҳлизнинг қарама-қарши томонидан бизга томон эҳтиёткорлик билан зўрға қадам ташлаб кела бошлади. Ёш йигит: кўпчилик қизлар орзулаган қоматдор, учқур нигоҳ.

«Узоғи билан бир ойча умри қолган... » секин шип-шип қўйди ҳамроҳимиз.

«Ўлимдан жуда-жуда қўрқаяпман... »

 «Xabar.uz» мухбири марказга нажот излаб келган илк учратган бемори билан қисқача саломлашувдан сўнг у билан суҳбатлашиш истаги борлигини билдирди. Йигит марказнинг узоқ йиллик бемори Муртазо Ҳабибов (исми-шарифи ўзгартирилган) экан. 

У ҳеч иккиланишларсиз суҳбатдан бош тортмаслигини билдирди. Муртазо билан муолажа хонасида суҳбатлашдик.

«Ёшим 27 да. Бу дарднинг  охири нима билан тугашини ҳамма билади. Гапларимни ёзинглар, одамлар ўқисин. Токи, бошқалар менга ўхшаб бир лаҳзалик кўнгилхушлик, деб ўз умрини ўзи хазон қилмасин. Мен ўламан, ҳа, ўламан! Балки ўн кундан кейин, балки эрта, балки бугун, балки ҳозир сизга интервью бераётган чоғимда. Лекин, ёзинг, менинг қисматим ўзига бино қўйган ва бегона юрт орзу-ҳавасида юрганларга сабоқ бўлсин»,— деди Муртазо ва ўз ҳикоясини бошлади.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра, унинг ота-онаси 19 ёшида автоҳалокат туфайли қазо қилишган. Икки синглиси билан ёлғиз қолган. Ота-онасидан қолган машинани наридан-бери тузатиб, киракашлик қила бошлаган. Ўзи оилага бош бўлиб қолгани учун ҳам сингиллари унинг қарамоғида қолишган. Сингилларининг ҳар иккиси ҳам мактаб ўқувчиси бўлган. Уларнинг ўқиши, еб-ичиши, усти-боши, дегандек... икки йилча оилани бир нави қилиб судраб турган. Кейинчалик икки вояга етмаган синглисини ташлаб, хорижга ишга жўнаб кетган.

«Россияда ҳам киракашлик қилдим. Икки-уч йилча сингилларимга яхши ишлаб, пул жўната бошладим. Шундай кунларнинг бирида машинамга ўтирган икки мижоз қистови билан наркотик моддани ҳидлаб кўрганман. Орадан бир неча кун ўтиб, унинг яна хумори тута бошлади. Ўша мижозларни излаб топдим. Улар билан машинамда бир хонадонга  келдик. Маишат авжида. Қизлар-йигитлар. Қий-чув том қадар. Кайфиятлар аъло. Ҳалигидан яна бир-икки ҳидлатишди. Рус, ўзбек, тожик, корейс қизлари, эҳ-ҳе-е, улар орасидан истаганим билан кўнгилхушликка чоғлашди. Ўзим танимаган, билмаган хориж қизлари билан ишқий муносабатда бўлдим. Қизлар билан кунора учраша бошладим.

Орадан ўн-ўн беш кун ўтмай, иситмалаб, ўзимни батамом лоҳас сеза бошладим. Яна ўша мижозларимни излаб топдим. Топган-тутганларимни қўлларига тутқаздим. Энди мен гиёҳванд моддани шунчаки ҳидлаб туришнимас, балки бора-бора уни томирга игна орқали ўтказиш измига ҳам тушиб қолгандим. Аввалига кунига бир марта билан кифояланганман. Аста-секин икки-уч мартагача «доза» қабул қила бошлаганман. Афсуски, шу орада «СПИД» отли бедаво касалга ҳам йўлиққан эканман.

Инфекцияни юқтирганимни билганимдан сўнг зудлик билан Бухорога қайтдим. Ўз юртимга қайтгач эса хеш-биродарлардан уялибми, касаллигимни ошкор қилишни, шифокор кўригига боришни пайсалга солдим. «Наша»нинг хумори тутганда эса бир-иккита ошна-оғайни орқали уни ҳам топтириб, яна чекишда давом этавердим. Сингилларимнинг жоврашларию, кўз ёшлари мени ортимга қайтара олмади. Уларни уриб-сўкиб, тепкилашдан ҳам тонмасдим. Маҳалламиз оқсоқоли ва қўни-қўшнилар сингилларимга мени уйга йўлатмасликни тайинлабди. Шундай бўлди ҳам... Уйга ҳам келмай қўйдим, сингилларим ҳолидан хабар ҳам олмай қўйдим.

Шу орада бир бойвучча қиз билан кўнгил қўйишдик. Маҳалладан ҳайдалганимни, сингилларим борлиги ҳақида унга мутлақо сўз очмадим. Ўзимни «ғирт» етим кўрсатдим. Унинг ота-онаси учун ҳам «ота-онаси йўқ етим» керак экани аён эди. Ўша мен бўлдим. Ўзига бино қўйган кироллардек мана-ман, деган бойнинг қизига уйландим. Бироқ, ОИТС касаллигига чалинганимни айтмадим. Тўйдан кейин хотиним ҳомиладор бўлгач, ҳаммаси ошкор бўлди. Лекин шунда ҳам хотиним мендан воз кечмади. Афсуски, ота-онаси, қариндошлари мени қувиб солишди. Эшитишимча, хотинимнинг ҳомиласини ҳам олдириб ташлаттиришган экан...

Ҳа, бу бевошлик мени хароб қилди. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Бу қора оғую, бедаво хасталик ҳаётимни заҳарлади. Умримни синдирди. Тўғри, узоқ йилдан буён даволаняпман. Лекин бу вақтинчалик эканлигини, умрим поёнига етаётганини, бугун даволанишни, ҳаётга қайтишни чин дилдан истасам-да, шифокорлар ҳаракати бесамар кетиши аёнлигини аллақачон тушуниб етганман. Чунки ўз вақтида даволанмадим, хасталигимни билиб туриб, яшириб келдим. Эшитишимча, маҳалладошларим бош-қош бўлишиб, сингилларимни бир яхши хонадонга узатишган экан. Шугина мени қувонтиради, холос. Мен эса на акалик, на фарзандлик бурчини адо эта олдим... »,-сўзлади Муртазо.

«Сингилларингиз хасталигингиздан хабардорми?»— сўраймиз.

«Ҳа, кунора хабар олиб кетишяпти... »— деди у.

Ортиқча савол беришни ўзимизга эп кўрмадик. Ўртага оғриқли сукунат чўкди.

«Сизга саволим бор эди»,-деди суҳбатдош бир муддат жимликдан сўнг.

«Бемалол!»-деймиз.

«Сиз нега мендан ўлимдан қўрқмайсизми?»— деб сўрамаяпсиз?»

Унинг бу саволидан юрагимиз қалқиб кетди ва ўз саволига ўзи жавоб берди:

«Биласизми, одамнинг ўз умрининг сўнгги кунларида яшаётганини билиб яшаши – бу ўлимдан олдин ўлим, дегани. Қўрқаман. Ўлимдан жуда-жуда қўрқаяпман. Яшагим келаяпти, яшагим... », — деди Муртазо. У юзларини қўллари билан беркитганча, йиғлаб юборди.

Шифокорнинг имоси билан Муртазонинг хонасидан узоқлашдик.

«Фарзандимни қўлимга соғлом олишим керак... »

Кейинги суҳбатдошимиз марказда муолажа олаётган навниҳол келинчак. У ўзини Нигора Шойимова (исми-шарифи ўзгартирилган), деб таништирди.

«Ҳали коллежни тугатмаган эдим. Қаршилигимга қарамай, мени топармон-тутармон, дея бир бой хонадон соҳибининг ўғлига никоҳлаб қўйишди. Бўлғуси турмуш ўртоғим мендан 7-8 ёш катта эди. Тўйгача у билан тузук танишиб, гаплашиб ҳам ололмаганмиз. Чунки у узоқ йиллардан буён хорижда ишлар, юртига икки-уч йилда бир-икки келиб кетар экан. Орадан кўп ўтмай, отам: «Куёв бола икки кундан кейин келар экан, қудалар тўй тараддудини тезлаштиришяпти. Ҳафта охирида тўй» — деб қолди. Мен эса «ҳангу-манг» қолдим.

Куёв бола келди ҳам. Икки кун ичида тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтишимиз лозимлиги таъкидланди. Бўлғуси турмуш ўртоғим эса вақтни тиғиз билиб, тиббий кўрикдан ўтмади, аммо, қандайдир йўллар билан соғломлиги ҳақида тиббиёт варағини ёздириб олганди...

Не-не орзу-умидлар билан элга ош бериб, тўй қилган ота-онамнинг, менинг орзуларим сароб бўлди. Келинлигимнинг биринчи ойидаёқ эримнинг, нафақат,  гиёҳвандлиги, балки унинг ОИТС касаллигига чалингани ҳам маълум бўлди. Буларнинг барини тўйга қадар аниқлаш ва чора кўриш мумкин эди. Минг афсуски, бу бедаво касаллик менга ҳам юқиб улгурган экан. Қийин-қистов билан мени бой хонадонга узатган ота-онам шифокорлар билан гаплашиб, ҳомиламни ҳам олдирмоқчи бўлишди. Лекин мен қаршилик қиляпман. Мен фарзандимни қўлимга соғлом олишим керак. Шифокорларга ишонаман»,— деди келинчак.

Ҳа, Нигора сингари ҳаётининг илк остоналарида  бахтсизлик домига тушганлар талай. Айрим ота-оналарнинг қийин-қистовлари билан турмуш қуриб, жабру ситам кўрган, ёҳуд ҳаёт йўлларида адашиб,  ўзини, оиласини, авлодини касаллик домига тортганлар қанча!

«Пала-партиш турмуш тарзида бўлган эркаклар туфайли жабр кўраётган бундай аёлларимиз кўп. Улар орасида она бўлиш истагида юрганлар ҳам бор. Биз эса болани она қорнидалигидаёқ қаттиқ назорат остига оламиз. Мунтазам равишда соғлигига дахл бўлмайдиган дори-дармонлар билан озиқлантириб борамиз. Бола туғилгач эса доимий равишда диспансер назоратида бўлади. Бундай вазиятда бола она сути билан эмас, балки боланинг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатадиган, иммунитетни кўтарадиган сунъий озиқлар билан тўйинтириб борилади. Бир ярим ёшгача бола бизнинг қатъий назоратимизда бўлади ва бу давр ичида организмидаги қон инфекциясиз ҳолга келади»,— дейди марказ врач-генекологи Муқаддам Исматова.

Муқаддам Исматованинг сўзига кўра, инфекцияга чалинган ота-она муолажалардан тўхтамай, дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилишган бўлишса, уларнинг болалари инфекциясиз  ва асоратсиз дунёга келади. 2011 йилдан ҳозирга қадар вилоятда фақат икки нафар болада инфекция билан туғилиш ҳолати кузатилган. Бу эса онанинг ҳомиладорлик пайтида муолажаларга бефарқлик билан муносабатда бўлгани оқибатида юзага келган.

Шифокорларнинг сўзига кўра, инфекция тарқатувчилар асосан, муҳожирлар бўлиб қолишган. Кейинги яқин йиллардан буён эса муҳожирлар ўз ихтиёрлари билан тиббий кўрикдан ўтишмоқда.

«Тиббий кўрикдан ўтишгани натижасига қараб, улар билан муолажалар бошланади. ОИВга қон  таҳлиллари бепул ва хуфёна тарзда амалга оширилади. Беморлар «Ишонч хоналари»да даволанишади,— деди марказ шифокори Баҳодир Авезов.

«Xabar.uz» мухбири марказда даволанаётган болалигидан тамаки чекишга ружў қўйиб, кейинчалик гиёҳванд моддалар қабул қилган ва алал-оқибат, тартибсиз яшаши оқибати орттирилга иммунититет танқислиги синдромига учраган 35 ёшли А.Ж. билан суҳбатда бўлди.

«Бухоро вилояти ОИТСга қарши кураш маркази рўйхатига олингунимга қадар вилоят наркология диспансерида ҳам бир неча бор даволаниб чиққанман. Илк бор отамга қизиқиб, сигарета тутатганимда, 5-6 ёшларда эдим. Шунга ҳам ўттиз  йилча бўлибди. Ўшанда ота-онам, ҳали бола-да, дейишиб, қизиқишларимга қарши чиқишмаган. Чунки менинг оилада бор-йўқлигим ҳам уларни ҳеч қачон ташвишлантирмаган. Ҳамманинг эътиборидан четда, аниқроғи, катта оилада ёлғиз эдим. Орадан кўп ўтмай, гиёҳванд модаларнинг ҳам истеъмолчисига айланиб кетдим.

Ишонсангиз, мана шундай диспансер ва марказлардагина ўзимнинг борлигимни, кераклигимни ҳис қиламан. Аммо, ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, ўзимда ироданинг етишмаслиги уларнинг сайъ-ҳаракатларига панд бериб келмоқда. Тўғри, шифокорлар ёш умримга ачинишяпти, танбеҳ беришяпти. Мени ҳаётга қайтариш учун кўп уринишяпти. Бироқ, мен иродасизлигим билан ўзимга жабр қилишдан тўхтамаяпман. Аввалига сигарета, кейин гиёҳвандлик... Мана, кўриб турганингиздек, бугун ОИТСдан вужудим зирқиррайди. Умрим бесамар ўтиб кетганидан пушаймонман. Худди 35 йил умримни қамоқда ўтказаётгандекман. Аммо, мен бу қисматим, аччиқ ҳаётим учун ўзимни эмас, ота-онамни айбдор ва жавобгар, деб биламан»

А.Ж. билан узоқ суҳбатлашдик. Қўлларининг мушти тугилган, вужудида титроқ, қисиқ кўзларида ёш қалқиб турарди унинг.

ОИТС. Ҳушёрлик талаб қилади.

«Айтиш жоизки, ушбу хасталикнинг 18 фоизи миграция билан боғлиқ. Ноқонуний йўл билан узоқ муддатга ишлашга кетиб, ОИТС касаллигидек бедаво дардга чалинганлар, депортация қилинаётганлар ҳам бор. Энг хавфлиси, бедаво дард исканжасига тушганлар юртига қайтгач, ўз оилаларига бу касалликни юқтирмасликларига ким кафолат беради?! Бу борада маҳалла фаоллари ва никоҳни қайд этувчи органлар вакиллари ҳушёрроқ бўлишлари талаб этилади, — деди вилоят ОИТСга қарши курашиш марказ врачи Дилафрўз Сатторова, - «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси билан никоҳланувчиларни тўйдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бежизга белгилаб қўйилмаган. ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият,  ОИВ инфекцияси эпидемиясининг ўсишида меҳнат мигрантларининг роли республика ҳукумати, Соғликни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги соғликни сақлаш бошқармаси томонидан бежизга назорат остига олинмаган».

Дилафрўз Сатторованинг билдиришича, мигрантлар ўртасида ОИВ инфекциясидан хабардорлик даражаларини ошириш ишлари Бухоро темирйўл вокзали, Халқаро аэропортда аҳолининг профилактик хабардорлик даражасини ошириш мақсадида ўзбек ва рус тилларидаги аудиодисклар тақдим қилинмоқда.

«Шу ўринда айтиш жоизки, кўпчилик бундай беморлардан касалликни юқтириш хавфи бор, деган мулоҳазага ҳам боради. Аммо шуни ишонч билан айта оламизки, мазкур касаллик ҳеч қачон бир жойдан нафас олганда ёки бир идишдан сув ичганда юқмайди»,-деди шифокор.

Биз марказ рўйхатига олинган кейинги беморлар билан суҳбатда давом этдик.

М.Л., Когон тумани, 34 ёш:

«Қўлимда яхшигина касбим бўлса-да, оила ташвиши, рўзғорни тортишда қийналиб, кўпроқ даромад топиш истагида Россияга қатнадим. То муҳожир бўлмагунимча, сигарета тутатмаганман. Афсуски, хориж ҳаёти мени, нафақат, сигарета, балки, гиёҳванд моддаларни ҳам истеъмол қилишимга йўл очиб берди. Бу орада ўша ердаги енгилтабиат аёлларга ҳам ўралашиб қолдим. Бу хасталикни юқтирганимни билган чоғимда ҳаётим дўзахга айланганини тушуниб етгандим. Аммо шифокорларнинг ўз вақтида берган маслаҳату муолажалари мени ҳаётга қайтаришмоқда. Ҳеч бўлмаса, умримни нисбатан узайишига сабаб бўлишяпти, деб ўйлайман. Улардан миннатдорман. Бугун қилган гуноҳларимдан  товба-тазаррулар қиламан. Атрофимда бу хасталикни енгишга иродасизлик қилаётганларни ҳам янги ҳаёт сари чорлагим келади. Ахир инсон ўзига шифокор, дори-дармонлар эса унинг ишончи-ку!» —дейди у.

Суҳбатдош касалликдан қутилиш учун иродасини мустаҳкам тутиб, оиласи, бола-чақаси учун ишонч билан муолажаларни олишда давом этаётган экан.

«Носоғлом оила»нинг фарзанди»лик мени бевош қилди... »

24 ёшли М.Н. исмли аёл эса мухбир билан суҳбат чоғида ўз юриш-туришидан пушаймонлигини, инфекцияга чалинганини билиб туриб, бошқа шахсларга ҳам қасддан юқтирганини иккиланишларсиз билдирган.

«Яширмайман, болалигимдан «носоғлом оила»нинг фарзанди» деган дакки билан ўсдим. Айнан шу нарса мени баттар бевош бўлишимга туртки бўлди. Чунки болалигимдан синфдошларим орасида камситилдим. Кейин коллеждаям яккаланиб қолдим. Ҳамма ота-онамни ҳам, мени ҳам қўли билан кўрсатарди. Мен ҳам тенгқурларимдек эсли-ҳушли қиз бўлгим келарди. Аммо, дуртқи-суртқилар мени баттар носоғлом ҳаётга улоқтирди. Хорижга бориб, енгил-елпи ҳаётга берилиб кетдим. «Фоҳиша» деган ҳақоратни эшита-эшита кўндим, ҳатто, хафа ҳам бўлмай қўйдим.

Ўзимга яраша ҳусни-латофатим, чиройим бор. «Мана-ман, деган эркакларнинг ҳам ақлу-ҳушини ўғирлай оламан».  Ана шундай фикру-ўй билан балчиққа ботдим. Тозаланмас, тузалмас балчиқ экан бу. Енгил-елпи ҳаёт мани ўзига тортди. Исканжасига олди. Сўнг вужуд-вужудимни ханжарлаб ташлади. Бутун бошли танам оғриқдан қақшаганда буни ҳис қиламан. Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам мен учун барибир бўлиб қолган. Фақат лаънатлайдиганим битта: жамиятдаги «носоғлом оила» ёки «носоғлом оиланинг фарзанди» деган иборани йўқотишсин. Бу аччиқ камситишдан бошқа нарса эмас! У фақат баттар ёмонлашишга хизмат қилади. Бошқа гапим йўқ!»

Бухоро вилоят ИИБ ходими, подполковник Шариф Остоновнинг сўзига кўра, ОИТС инфекцияси 1989 йилдан рўйхатга олинган бўлса, вилоят бўйича ҳозирги кунга қадар 2300 нафардан ортиқ шахслар «Д» назоратга олинган. Шундан 700 нафари вафот этган. Ҳозирда назоратда бўлган ва яшаб турганлар 1600 нафарни ташкил этади.

«Бухорода ОИВ  инфекциясининг интенсив кўрсаткичи (ҳар 100000 аҳолига) ўтган йилнинг 10 ойида 6.1 фоизга, жорий йилда 7.0 фоизга тенг, бу кўрсаткич касалликнинг  жорий йилда 0.9 фоизга ошганлигидан дарак беради. Рақамларга таяниладиган бўлса, ўтган 2022 йилда 11 нафар шахс томонидан 60 нафардан ортиқ бошқа фуқароларга бу хасталикни қасддан юқтирган ёки касалликни юқтириш хавфи остида қолдирган»,— дейди Шариф Остонов.

Маълумот ўрнида: ОИТС — орттирилган иммунититет танқислиги синдроми. Ҳозирги кунда  дунё бўйича 35 миллиондан ортиқ киши  ОИВ инфекцияси билан рўйхатга олинган. Маълумотга кўра, бу  касалликка ҳар йили 2.2 миллион, ҳар куни 7 минг киши, бир соатда 300 нафар киши чалинади.  Касалликни юқтирганларнинг 42% аёллар, 58% эркаклардан иборат. Билдирилишича, дунёда 15 миллион бола ОИТС туфайли ё отаси, ё онаси, ё ҳар иккаласидан жудо бўлган. Ҳар куни ушбу хасталикни юқтираётганларнинг 60-65 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг