Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Одамларга ёрдам беришни хоҳламайсанми ёки касалмисан?»

«Одамларга ёрдам беришни хоҳламайсанми ёки касалмисан?»

Республика қон қуйиш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аълонур Саидов юртимизда қонга бўлган талаб ортиб бораётганини қайд этди.

Сабаби...

Бугун мамлакатимизда тиббиёт соҳаси жадал ривожланмоқда. Натижада нафақат пойтахтимиз, балки вилоят ва туман марказларида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиляпти. Бундай муолажаларни бажариш учун биринчи навбатда қон компонентлари зарур. Айниқса, юрак жарроҳлик амалиётларида керакли аъзога муттасил қон қуйиб турилмаса, операция муваффақиятли кечмаслиги мумкин. 

Бундан ташқари, шу кунларда мамлакатимизда инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш бўйича янги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Бунгача эса тегишли низом асосида тана аъзолари кўчириб ўтказилган. Агар ушбу қонун амалиётга тўлиқ татбиқ этилса, қон маҳсулотларига бўлган талаб яна ортади.

Сизга бир мисол айтаман: Битта жигар трансплантацияси операциясини ўтказиш учун 30 литргача қон плазмаси керак. Бу компонент эса 120 нафар донордан олинади. Шунинг ўзиёқ донорлик аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Ҳар бир соғлом инсон донор бўлиши керак!

Кўпинча донорлар сони камайиб кетса, қон хизмати ходимларига эътирозлар ортади. Бироқ қон захирасини яратиш фақат соҳа ходимларининг вазифасигина эмас. Бунинг учун, аввало, халқнинг ўзида донорлик маданияти юқори бўлиши лозим. Қаерга, қайси ташкилотга борсак, ҳамма «лаббай» деб қон топшириши зарур. Ўзингиз ўйланг: агар бу ишга ҳеч ким бош қўшмаса, қонни ерда қазиб ололмаймиз-ку!

Чет мамлакатларда бу жараён жуда яхши йўлга қўйилган. Уларда ҳар қандай соғлом инсон қачон қон топшириши кераклигини яхши билади. Ҳатто, кўп давлатларда қон топширмайдиган инсонга ёмон кўз билан қарайди. «Одамларга ёрдам беришни хоҳламайсанми ёки касалмисан?» дейди.

Шундай экан, юртимизда ҳам қон хизматини ривожлантириш учун ҳар бир соғлом инсон донор бўлиши керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг