Донорлар куни йилда бир марта ўтказилади, қон эса ҳар куни керак...
Бундан бир неча йил аввал Гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт марказида бир манзарага гувоҳ бўлган эдим: шифокорлар хонасидаги столда ёнғоқ, қора майиз ва асал турарди. Бўлим бошлиғи бунга изоҳ бера туриб, «Бугун кўпчилигимиз қон топширдик…» деганди.
Ўша куни қон донорлар куни ҳам, бирор бир акция ҳам эмас эди. Марказда эса ҳаёти донор топширган қонга боғлиқ бўлган беморлар ва уларнинг умидвор яқинлари кўплигидан, тиббиёт ходимлари тез-тез қон топшириб турар экан.
Ҳар йили 14 июн куни бутун дунёда қон донорлари куни сифатида нишонланади. Шу куни инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган қонни ихтиёрий равишда топшираётган донорларга ҳамда қон ва қон маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги ва мавжудлигини таъминлаш учун мунтазам меҳнат қилаётганларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти алоҳида миннатдорчилик эълон қилади.
Ўша куни кўчма донорлик автобуслари фаоллашади, донор бўлишга тарғиб қилувчи акциялар ҳам бир авж олади. Сана ўтгач, эса… Аслида қон ва қоннинг таркибий қисмлари фақат 14 июнда эмас, ҳар куни керак бўлади. Дунё бўйича юз минглаб бемор ҳар куни қонга эҳтиёж сезади.
Қон донорлиги нима? Қон донорлиги — донор томонидан қон ва ёки унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда беришдир. Донордан олинган қон тиббиётда бир қанча мақсадларда ишлатилади:
Одам ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи бу қоннинг ягона манбаи – донорлардир. Шунинг учун қон донорлари бутун дунёда алоҳида ҳурмат қилинади. |
Ўзбекистонда қон донорлари етарлими? Республика қон қуйиш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аълонур Саидовнинг айтишича, ЖССТ тавсияларига кўра, аҳолини қон таркибий қисмлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони 1000 нафар аҳолига камида 10 нафар ёки аҳолининг 1 фоизини ташкил қилиши керак. Юртимизда бу кўрсаткич ўтган 2022 йил 1000 нафар аҳолига қарийб 7,5 нафарни ташкил этган. Демак, Ўзбекистонда қон донорлари сони етарли эмас. |
Ким қон донори бўлиши мумкин? Ўз қони ва унинг таркибий қисмларидан бир қисмини тиббиёт эҳтиёжлари учун ихтиёрий равишда берувчи жисмоний шахс донор ҳисобланади. Бутун дунёда ва Ўзбекистонда ҳам донор бўлишнинг маълум талаблари бор. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом одам ихтиёрий равишда қон топшириши мумкин. Тана вазни 50 килограмм ва ундан кам бўлган, бўйи 150 см ва ундан кам бўлган шахслар соғлигига жиддий зарар етмаслиги учун терапевт шифокорнинг ёзма хулосаси асосида донор бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, донор бўлишга қарши кўрсатма ҳисобланган бир қатор касалликлар ҳам бор. Бу касалликлар рўйхати Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги низомда тўлиқ келтирилган. Хусусан:
Шунингдек, низомда вақтинчалик қарши кўрсатмалар рўйхати ҳам берилган бўлиб, касалликнинг оғир-енгиллиги ва бўлажак донор ҳолатига қараб, 48 соатдан 3 йилгача донорликдан вақтинча четлатиб турилиши мумкин. Тўлиқ рўйхат низомда келтирилган. |
Қон топшириш тартиби қандай? Ўзбекистон фуқаролари қон топшириш учун шахсини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлардан бири билан мурожаат қилиши мумкин: паспорт, ID-карта, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий хизматчилар эса, ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар — чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси, миллий паспорти ёки чет давлат фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар билан қабул қилинади. Шундан сўнг донор тиббий кўрикдан ўтказилади. Умумий кўрикда донорнинг қон босими, гемоглобини, тана ҳарорати, тана вазни бўйи ўлчанади. Қўшимча маълумотлар олиш учун тиббий саволнома тўлдирилади. Унда донорнинг ёши, иш ёки ўқиш жойи, охирги марта қачон қон топширганлиги каби саволларга жавоб олинади. Ҳеч қандай қарши кўрсатмалар аниқланмаса, донордан беш юз миллилитрдан, шунингдек лаборатория текширувлари учун қирқ миллилитрдан ортиқ бўлмаган қон олинади. |
Донор неча мартагача қон топшириши мумкин? Қон топшириш даврийлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибга кўра, эркаклар учун бир йилда 5 мартадан, аёллар учун эса 4 мартадан ошмаслиги керак. Донор организмидаги темир захирасини тўлдириш учун ҳар бир қон олишдаги вақт оралиғи эркаклар учун 2 ой, аёллар учун эса 3 ойдан кам бўлмаслиги керак. |
Донорнинг қандай ҳуқуқлари бор? Қон донорлигини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш учун донорларга бир қанча имкониятлар яратилган. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонунга кўра,
|
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони кимларга берилади? Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Фахрий донор кўкрак нишони билан ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган Ўзбекистон фуқаролари мукофотланади. |
Бу унвон донорга нима беради? Тақдирланган донорга кўкрак нишони, гувоҳнома ва пул мукофоти берилади. Мукофот пули базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида этиб белгиланган. Ҳозирда бу 4 млн 950 минг сўмга тенг. Шунингдек, фахрий донорлар
|
Рекордчи донор ким? Дунё бўйича рекорд ўрнатиб, Гиннесснинг рекордлар китобига кирган қон донори – австралиялик Джеймс Харрисон. У ҳаёти давомида 1173 марта қон топширган. Харрисоннинг донорлик тарихи ҳам қизиқ. У 14 ёшида оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказади ва зудлик билан унга 13 литр донорлик қони зарур бўлади. Донорлар қони ҳаётини сақлаб қолганини тушунган Харрисон, келажакда ўзи ҳам донор бўлишини мақсад қилган. Шундан кейин 18 ёшга тўлиши биланоқ қон топширишни бошлаган. 1960 йилларда Австралияда янги туғилган чақалоқлар ўлими статистикаси кескин ошиб кетади. Тадқиқотлар бу фожиали статистиканинг асосий сабаби она ва ҳомиланинг резус факторлари мос келмаслиги эканини кўрсатади. Одам қон плазмасидан ажратилган анти-резус иммуноглобулин инъекциялари ёрдамида чақалоқлар ўлимининг олдини олиш мумкинлигини билган олимлар мос донорни излай бошлайди ва донорлик тажрибаси ўша пайтда 10 йил бўлган Харрисонни топишади. Харрисоннинг қони шу қадар ноёб эдики, унинг ҳаёти бир миллион долларга суғурта ҳам қилинади. 2015 йилгача Австралияда антирезус дориларнинг барчаси Харрисоннинг қон плазмасидан тайёрланган. Шу мақсадда рекордчи донор 57 йил давомида ҳар уч ҳафтада қон плазмасини топширади. Харрисон донорлик фаолияти давомида 2 миллиондан ортиқ чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамондир. |
Дилроз Абраева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter