Одам савдосида болаларнинг сони кескин кўпайди
Сўнгги 15 йил ичида дунёда одам савдоси қурбонлари орасида болаларнинг улуши уч бараварга ошди, аёллар ушбу жиноий ҳаракатнинг асосий нишони бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда 2 февраль куни БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан тақдим этилган Одам савдоси тўғрисидаги Бутунжаҳон ҳисоботида маълум қилинган.
Унга кўра, 2018 йилда 148 мамлакатда 50 мингга яқин одам савдоси қурбонлари аниқланган, аммо жиноий фаолиятнинг яширин хусусиятга эга эканлигини ҳисобга олиб қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтиш мумкин.
Одамларнинг яхши ҳимояланмаган тоифалари — мигрантлар, ишсизлар, шунингдек, болалар хавф остида қолишмоқда. Қизлар асосан жинсий эксплуатация учун сотилади, ўғил болалар эса мажбурий меҳнатга жалб қилинади.
2018 йилда дунё бўйича ҳар 10 та қурбонга бешта катта ёшли аёл ва иккита қиз тўғри келган. Жабрланганларнинг тахминан 20%и вояга етган эркаклар, 15%и эса ўғил болалар ташкил этган.
Сўнгги 15 йил ичида қайд этилган қурбонлар сони ошди. Устига-устак, айнан болаларнинг улуши ўсган — тахминан 10% дан 30% гача. Катта ёшли аёлларнинг улуши 2018 йилда 70% дан 50% гача камайди. Катта ёшли эркакларнинг сони шу давр мобайнида 10% дан 20% гача ўсган.
Ҳисоботда, шунингдек, аниқланган жабрдийдаларнинг 50%и жинсий эксплуатация, 38%и мажбурий меҳнат, 6%и жиноий ишларда қатнашиш, 1%и тиланчилик, қолганлари мажбурий никоҳ, аъзоларини олиш ва бошқа мақсадларда сотилганлиги айтилади.
Одам савдоси билан асосан уюшган жиноий гуруҳлардаги эркаклар шуғулланишади. Ўлжалар кўпинча ижтимоий тармоқларда «ўтиришади». У ерда фойдаланувчилар янги таниш ёки иш бўйича эълонларни излашади.
Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқарма ижрочи директори Гада Фатхи Валининг сўзларига кўра, дунёда миллионлаб аёллар, болалар ва эркаклар давом этаётган COVID-19 инқирози шароитида на иш, на ўқиш ва на ижтимоий қўллаб-қувватлашга эга. Шу боис улар одам савдосига дучор бўлишдек катта хавф остида қолишмоқда. Одам савдоси билан шуғулланувчилар коронавирус пандемиясидан фойдаланиб, ҳимоясиз қатламлардан фойдаланишларининг олдини олиш учун «мақсадли чоралар кўриш» кераклигини таъкидлади у.
Aввалроқ, 2020 йил 1 декабрда Халқаро қулликка қарши кураш куни арафасида БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш ҳозирги кунда дунё бўйича 40 миллиондан ортиқ одам қулликнинг замонавий шаклларига дучор бўлаётганлиги, уларнинг 71 фоизи аёллар ва қизлар ташкил этишини маълум қилганди.
У БМТнинг барча аъзоларини «ушбу жирканч ишларга чек қўйиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишга» чақирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter