Олимлар мияни ёшартиришнинг янги йўлини топишди
Мия — инсон танасидаги энг ноёб ва кам тадқиқ этилган органлардан бири. У бир пайтнинг ўзида кўплаб мураккаб функцияларни бажаришга қодир.
Афсуски, вақт ўтган сари инсон танасининг бошқа органлари каби мия ҳам табиий равишда қарийди. Бироқ бугун ҳаётимизда учраётган кўплаб салбий омиллар таъсири туфайли инсон мияси тезроқ қаримоқда.
Мия ёшлигини, самарали ишлашини сақлаб туриш учун улкан саъй-ҳаракат ёки қиммат дорилар шарт эмас. Бунинг учун мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш ва овқталанишга тўғри ёндашишнинг ўзи кифоя. Хусусан, исроиллик олимлар Ўрта Ер денгизи яшил парҳезини текшириб, унинг самарадорлигини исботлади.
Бен-Гурион университети мутахассислари бир ярим йилдан зиёд вақт давомида 300 нафар кишини кузатиб борган. Уларнинг 102 нафари семизликдан азият чеккан.
Кузатув давомида олимлар «мия ёши»ни ҳисоблаб чиқишди. Қизиқарлиси, аксарият ҳолларда синовдан ўтаётганлар «миясининг ёши» уларнинг шахсий ҳужжатларидаги ёшидан кескин фарқ қилди. Эътиборлиси, тажриба доирасида агар инсон жигарида ёғ концентрацияси камайса, мия ёшариши мумкинлиги аниқланди.
Табиийки, бунда параллел равишда инсон вазн йўқотади. Шу билан бирга, мия тузилмасида ажойиб ўзгаришлар рўй беради. Яъни эксперимент давомида инсон танасининг вазни 1 фоизга камайганда, мия ёши деярли 9 ойга ёшарди.
«DIRECT-PLUS» тадқиқот гуруҳи томонидан Ўрта ер денгизи яшил парҳезининг концепцияси тақдим этилди. Бу парҳезда полифенолларнинг миқдори оширилиб, гўшт эса минимал даражага камайтирилган. Ёнғоқ, кўк чой, денгиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар ҳамда бақатўндан тайёрланган махсус яшил ичимлик парҳезнинг асосий элементлари ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter