Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур «лазер» гуручини яратган ўзбек олимининг тақдири қандай кечган эди?

Машҳур «лазер» гуручини яратган ўзбек олимининг тақдири қандай кечган эди?

Иштихонлик олим ва адиб, шолининг «Лазурный» навини яратган олимни шахсан билган ва таниган Зойир Зиётов бу нав ихтирочиси ҳақидаги ўз хотиралари билан бўлишди. Ачинарлиси шундаки, ўтган асрда, ўша даврдаги турли иллатлар сабаб узоқ вақт дунёга машҳур бу навнинг асл ихтирочиси деб бошқа одам кўрсатилади. Маълум муддат ўтибгина асл ҳақиқат юзага чиқади.

Тановул қилган таомига «Мазали бўпти», деб  баҳо бериш ўзбекда урф. Катта тўю-маъракаларда ош қилганга ҳам худди шундай – уни тайёрлаганлар ҳақига дуо қилинади. Ош ҳаддан зиёд мазали бўлганда «Лазер ўзи зўр гуруч чиқди-да», деб қўйишади. «Лазер» мақталади-ю лекин уни кашф қилган киши эсланмайди. Чунки унинг кимлигини ҳеч ким билмайди...

«Лазурный» нави муаллифининг ватанидан узоқдаги машаққатли меҳнати натижасидир. Изтироб ва кўз ёшлари ортидан дунё юзини кўрди. Унинг яратилиши ҳатто Фидел Кастрони тўлқинлантирди. Шуларни ўйларканман, навнинг тақдирида тўғридан-тўғри дахлдор киши сифатида унинг тарихини ёзмаслигим мумкин эмаслигини ҳис қилдим. Бу тарих сизни бефарқ қолдирмайди ва зериктирмайди.

Интернетда «Лазурный» нав шолининг яратилиш тарихида селекционерлар «девзира»дан қолишмайдиган шоли нави яратишга киришдилар ва у ўтган асрнинг 80-йилларида бор-йўғи икки йилда кашф қилинди», деб ёзади Владислав Хан. Эмишки, шолининг аъло навлари чатиштирилиб, икки марта Кубага олиб бориб келинган. Аммо муаллиф йўқ! Бу мақолага комментарийда Ботир Абдуллаев «Шолининг «Лазурный» навини машҳур шоликор, «Ал Хоразмий» совхозининг директори, социалистик меҳнат қаҳрамони Ким Николай Васильевич кашф қилган», деб ёзади.

Интернетдаги бу маълумотлар ҳақиқатдан йироқ. Тўғри, Николай Васильевич машҳур шоликор эди ва мен у кишини яхши танирдим, бироқ машҳурлик шоли нави муаллифларининг даъвогарлигига асос бўла олмайди-да. Ҳар қандай янги навнинг яратилиши буюк воқеа, чунки у селекционернинг машаққатли изланишлари ва меҳнати натижасида дунёга келади. Баъзан селекционер бир умр сидқидилдан меҳнат қилиб ҳам янги нав ярата олмаслиги мумкин.

Ўтган асрнинг 70-йиллари. Иштихон туманида хўжалик раҳбари бўлиб ишлардим. Обком секретари Виталий Куксенко райком Мурод Жўраев орқали мени суриштирибди. Бордим. Ёш раҳбарлигимни инобатга олиб, Кубага, Жаҳон ёшлари фестивалига менинг номзодимни кўрсатмоқчи эканини айтди. Рози бўлдим.

1974 йилнинг декабрь ойи бошлари. Кубадамиз. СССР делегациясининг раҳбари – космонавт Валентина Терешкова. Ўзбекистондан беш-олти нафар ёшлар делегация таркибидамиз. Дам олиш кунларининг бирида элчихона ходими «юртдошингиз билан таништираман», деб Гавана шаҳри яқинидаги «Ниния бонита» («чиройлик қиз») тажриба станциясига олиб келиб, Турсунбой  ака билан таништирди. У киши оиласи билан шу ерда, шолининг янги навини яратиш устида ишлаётган экан. Селекция ишларидан йирик мутахассис бўлмасам-да селекционернинг таваккалчилиги мени ҳайратга солди.

Турсунбой акадан «Қандай нав яратмоқчисиз», деб сўрадим, у киши «Шолининг турини биласизми?», деб савол берди.

«Селекция соҳасида ишламасам ҳам шолининг лотинча номи «ORUZA SATIVA»лигини биламан, институтда буни ёдлаганмиз», дедим. Турсунбой ака «ана шу «Оруза Сатива»ни кичик тур «индика» билан чатиштирмоқчиман», деди қатъий. Мен бирор жўяли маслаҳат беришга ожиз эдим, шундай бўлса ҳам «Турсунбой ака, бу бўлмайдиган иш-ку, қийин йўлни танлаганингизга ҳайронман», дедим. «Одамзод хачирни урчитган-ку, нега ўсимликда буни қилиб бўлмас экан?».

Турсунбой ака ўша пайтлар ўттиз беш ёшлардаги серғайрат йигит эди, унинг талаби билан 15 кунда теплица (иссиқхона) қуриб беришибди. Ўзимча «Кубада иссиқхонага не ҳожат», деб ўйлаб қўйдим, лекин ўзига ҳеч нарса демадим. Турсунбой ака ош билан зиёфат қилди, мен «Кубада қорним тўймаётувди, раҳмат, ака», деб миннатдорчилик билдирдим. Кейин билсам мамлакат аҳолини карточка системасида озиқ-овқат билан таъминларкан.

Ватандошингни узоқ юртларда кўриш жуда мароқли, лекин у кишининг селекция ишларидаги суҳбатларига тенгма-тенг фикрлар айтолмасдим. Кўп йиллар ўтиб Турсунбой аканинг оламшумул яратувчилик ишларига ўзим ҳам дахлдор бўлиб қолишимни ҳали билмасдим.

1983 йил декабрь. Москва. СССР навларни синаш давлат комиссияси. Тегишли расмиятчиликлардан сўнг шу ташкилотнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича тармоғига раҳбар этиб тайинландим. Тасодифни қарангки, мен раҳбарликка тасдиқланган республика ташкилотининг бўлим бошлиқлари ҳам шу ерда экан. Улар йиллик ҳисобот бериш баробарида янги навларни районлаштириш комиссияси ишида қатнашар эканлар. Улар мени кўргазма залига бошлаб боришди, бундаги  маҳсулотларнинг хилма-хиллигидан кўз қамашади, гўё бутунжаҳон селекция ютуқлари маҳсулотлари шу ерда жам бўлган. Ўнлаб жаҳон мамлакатларида бўлиб ҳам бундай манзарани кўрмаганман. Ходимларим менга шоли навларини кўрсатишни мақсад қилган экан.

Шоли (гуручга айлантирилган)нинг олтмишдан зиёд нави бор кўргазмада. Шулар орасидан «лазурный» деб ёзилган нав тепасига келиб «Мана бу ўзбек селекционерларининг ютуғи, у узун донли СССРда ягона нав, деб мақтанишди мутахассислар. Ҳақиқатан у бошқа гуручлардан кескин фарқ қилиб, ялтираб турарди. Ҳамма келганлар шу гуручга қизиқиб қолган. Ҳатто ҳукумат раҳбарлари ҳам келиб уни томоша қилар ва кўргазма якунида бу нав гуруч уларнинг ўзига бериб юбориларди.

Биринчи йилги синов натижаларида олинган «Лазурный» гуручига Н.Косыгин қизиқиб қолгани учун намунанинг ҳаммаси у кишига бериб юборилади. Ходимларим мендан «М.Федин қабулига кириб «Лазурный» синовини тўртинчи йил ҳам давом эттиришга рухсат олишимни» илтимос қилишди. «Буни Тошкентга борганда батафсил тушунтирамиз», дейишди. М.Федин «Лазурный»нинг нафақат синовини узайтиришга рухсат берди, балки бу навни яратилишига сабаб бўлган қизиқ гапларни ҳам айтиб берди.

Маълум бўлишича, хорижий давлатларнинг раҳбарлари мамлакатга келганда уларга тақдим этилган, таркибида гуруч бўлган таомларни кўриб «Наҳотки селекцияси ривожланган СССРдек давлат шолининг олий тоифали навларини ярата олмаса», дер экан. Бутун жаҳонда узун донли шоли етиштириш юқори технологияни англатаркан, СССРнинг ҳамма ҳудудларида экиладиган думалоқ донли шоли навлари эса паст табақа навлар ҳисобланаркан. Давлат раҳбарлари бундан таъсирланиб, олимлар олдига узун донли шоли навини етиштириш масаласини қўйишади. Дастлаб Ставрополь ўлкасида селекция ишларини олиб бориш мўлжалланади, бироқ бу ўлка иқлимида узун донли шоли пишиб етилмаслиги маълум бўлгач, КПСС Марказий Комитетининг қарори билан бу иш Ўзбекистонга юкланади. Ўзбекистон компартияси Марказий Комитети қарори билан янги типдаги шоли навини етиштириш Ўзбекистон шоличилик илмий текшириш институтига юкланади...

Тошкентга қайтгач, шу навга алоқадор ҳужжатларни ўргандим. 10-12 варақли «дело»нинг биринчи саҳифасидаги «Олимпиада» деган ёзувга кўзим тушди. У ўчирилиб, устидан ручка билан «Лазурный» деб тузатилибди. Буни Москвадаги мутахассислар тузатган экан, сабаби Москвада ўтган олимпиада (1980 йил) шарафига шолининг Ставрополь ўлкасида яратилган навга олдинроқ «Олимпиада» номи берилган. «Лазурный» номи эса гуручнинг ниҳоятда шаффофлиги учун аталган. Унинг овқатдаги мазаси ҳам, кўриниши ҳам тенги йўқ бўлиб, фақат шу навга «5» балл қўйилган. «Девзира» гуручи ҳам ҳатто 4,5 балл олган.

«Нима учун? Ахир девзирага тенг келадиган гуруч йўқ-ку», деб қизиқаман. Гуручга баҳо фақат ош (палов) бўйича берилмас экан, жаҳон андозалари бўйича бошқа овқатларда ҳам «Лазурный» гуручининг шаффоф ва донадор (эзилиб кетмаслиги)лиги эътироф этилади.

Москвадаёқ кўргазмада «Лазурный»ни кўрганимда Кубага сафаримда танишганим селекционер олим кўнглимдан ўтган эди, лекин у кишининг исми ёдимдан кўтарилган экан. «Дело»ни кўриб, унинг биринчи бетидаги  муаллиф деган жойида «Исхаков Турсунбой Эргашевич, Пулина Полина Абрамовна» деган номларга кўзим тушди. Кубада фақат Турсунбой ака билан танишгандим, Пулинанинг бу навга нима алоқаси бор экан деб ўйладим.

Ўзбекистон шоличилик илмий текшириш институти раҳбариятидан  Турсунбой акани суриштирдим. Маълум бўлишича, Турсунбой ака Кубада бир йилда уч йиллик ишни қилиб (ҳар 4 ойда бир мавсум) янги навни яратади ва ватанга қайтади, бироқ кўп ўтмасдан у кишини Фидел Кастронинг талаби билан яна Кубага олиб кетишади ва олим ҳамон Кубада ишлар экан. Селекционер ишлаган тажриба станцияни илмий текшириш институтига айлантирадилар. Янги навни эса Ўзбекистонда Турсунбой ака билан бирга ишлаган Пулина давом эттириб, Турсунбой аканинг тавсиялари билан стационар синовдан ўтказади. Шунинг учун у «Лазурный»га ҳаммуаллиф бўлади. Ачинарлиси, Турсонбой Исҳоқов Кубада бўлгани боис оламшумул гуруч навининг яратилиши тарихи билан боғлиқ тадбирларда Пулина иштирок этади ва «Лазурный»нинг ҳақида ваъзлар ўқийди...

Кейинги йилларда минглаб маҳаллий ва хорижий навлар давлат синовидан ўтадиган ташкилотни бошқарар эканман мана шу «Лазурный»ни йўқотиб қўймасликка ўзимни масъул ҳисоблардим. 1984 йилда уни Тошкент, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари бўйича, 1986 йилда эса Хоразм вилояти бўйича районлаштирдик. «Лазурный»ни кўпайтириш ва уни оммага етказишда қатъиян социалистик тузумга хос бир бюрократик тўсиқ бор эди. Хўжаликлар маҳсулотни давлатга сотиш бўйича режага эга. Ҳамма маҳсулот, шу жумладан шоли ҳам шундай. «Лазурный» эса кечки, ҳам ҳосилдорлиги паст, агар уни хўжалик кўпроқ экса давлат режасини бажара олмайди. Шу сабаб хўжаликлар уни кичикроқ майдонда экиб, кўп йиллар тор доирадаги кишилар (райком, обком дегандек) гуруч билан таъминлаб турилади. Бунинг яхши томони «Лазурный» шу йўл билан йўқолиб кетишдан асраб қолинади.

Йиллар ўтиб, шолига давлат буюртмаси бекор қилиниши биланоқ «Лазурный», эндиликда «лазер» номи билан бу гуруч бозорга чиқиб кетди ва эндиликда халкнинг севимли гуручига айланди.

Танишларим машҳур гуручнинг муаллифи билан шахсан танишишни истадилар. Бир куни таниқли ёзувчи Маҳкам Маҳмудов ва физик олим Ғуломжон Ахмеджонов билан бирга Тўйтепага, Турсунбой аканинг хонадонига бордик. Ҳамроҳларим машҳур селекционернинг кошона ҳовлиси ва қўша-қўша машиналарини кўрамиз, деб ўйлаган эди. Ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган пастаккина кичкина уй ва эски бир «Жигули»ни кўриб улар ҳайратга тушдилар. Тўғри-да, салкам 12 йил хорижда ишлаб шолининг машҳур навини яратган ва унинг бу нави  нафақат Ўзбекистонда, балки Лотин Америкаси мамлакатларида ҳам 3 миллион гектарда экилаётган  бўлса-ю селекционер  юпун яшаса. Ахир капиталистик  давлатда Турсунбой ака тенги довруғли селекционер миллионер бўларди!

Маҳкам Маҳмудов билан Турсунбой ака тенгдош чиқиб қолди.  Мураккаб комбинациялардан иборат селекцион жараённи ҳикоя қилиб бераётган олимнинг сўзларидан Маҳкам ака ҳайратда эди. Селекция ишини нейрохирургия билан қиёсласа бўлади, айниқса шоли селекциясини. Сувнинг ичида ўтириб олиб селекционер шолининг гулидан оддий кўзга кўринмас «оталик»ларини лупада кўриб, пинцет билан авайлаб «бўйни»ни узиб олиши ва шу оталик ўрнига бошқа ўсимликдан «оталик» чанги билан бунисини чанглаш керак. Кун бўйи шу жараён давом этади. Мавсумда бир неча юз ўсимлик. Оддий одам учун ўта зерикарли бўлган бу машаққатли иш Фидель Кастрони ҳам ҳайратга солган ва унинг олимга эътибори тушишига сабаб ҳам шу. «Нинита бонита» тажриба станциясини (бу станция Фидел Кастро қароргоҳи ҳудудига туташ жойлашган экан) Турсунбой Исҳоқовга суяниб, илмий текшириш институтига айлантирганида хато қилмаган экан. Кубада шолининг ҳосилдорлиги 15-17 центнердан 50 центнерга кўтарилишида Турсунбой аканинг хизмати чексиз бўлган.

Селекционер ватанига қайтгач, анча йиллар ўтиб Куба Республикасининг олий мукофотига лозим кўрилган, лекин олим бетоб бўлиб ётиб қолгани боис мукофотни олишга бора олмайди.

Маҳкам ака олимдан «Лазер» навингиз йиллар ўтиб айнимайдими, уни қандай қилиб сара уруғ қилиб сақлаш мумкин», деб сўрайди. Турсунбой ака «Ҳар қандай шоли нави умрбоқий, Худонинг амри билан бу экин айнимайдиган қилиб яратилган, оддийроқ қилиб тушунтирсам, шоли гулидаги «оналик»ни атрофи «ота»лар билан ўраб олинган ва бу «ота»лар ҳаддан зиёд «рашк»чи. Бошқа ўсимликлардан келиб қолган «спора»ларни  «она»га яқинлаштирмайдилар, уларнинг «бўйнини» узиб ташлайдилар, шунинг учун ҳам шоли нави минг йилларда ҳам айнимайди», дейди олим...

Ўша ташрифимизда тушган сурат бугун тарихий суратга айланди. Унда кўринмаганимнинг сабаби – сураткаш ўзим эдим. Бу ташрифга ҳам 10 йилдан ошиб кетди. Бу орада Турсунбой ака вафот этди, жойлари жаннатларда бўлсин. «Лазер» («Лазурный»)нинг қисқача тарихи шу.

Биз оиламизда бозордан фақат «лазер» билан «аланга» гуручи харид қиламиз. «Аланга»нинг мазаси «лазер»дан қолишмайди, лекин унинг яратилиш тарихида мавҳумлик бор. Шунга аниқлик киритиш учун Шоличилик илмий текшириш институти директори Масъуджон Сатторовга қўнғироқ қиламан. У киши «Зойир ака, бозорда сиз харид қилаётган «аланга» нави, аслида ҳозирги «Искандар» нави, унинг «дело»сини кўтариб кўрдим, муаллиф Исҳоқов Турсунбой ва бошқалар....». «Нав «аланга»дан танлаб олинган». «Аланга»нинг мазаси юқори эканлигини сабабини энди тушундим, Турсунбой ака ҳеч қачон чала иш қилмаган, олимнинг ишлари натижаси ҳам умрбоқийдир.

Ҳурматли ўқувчим, ош еб, оминга қўл очганингизда Турсунбой акани ҳам ёдга олиб дуо қилиб қўйинг, токи руҳлари шод бўлсин.

Зойир Зиётов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг