Ўзбек ҳукмдорларининг бугунги авлодлари қаерда?
Ўзбек давлатчилиги уч минг йилдан ортиқ тарихга эга. Шу давр ичида мамлакатимиз ҳудудида юзлаб турли сулолалар ҳукмронлик қилган. Уларнинг айримлари бугунги Ўзбекистондан бир неча баравар катта ҳудудларни бошқарганлар. Мамлакатимиз ҳудудидаги сўнгги монархия тарих саҳнасини тарк этганига бир асрдан ошди. Ўзбекистон роппа-роса юз йил муқаддам Совет иттифоқи таркибидаги республика мақомини олди ва 1991 йил 1 сентябрда ўз мустақиллигига эришди. Хўш, юртимизда ҳукм сурган тождорларнинг авлодлари бугун қаерда? Улар нима билан машғул? Келинг, улардан айримлари ҳақида фикр юритамиз.
Бобурийлар
Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шайбонийлар томонидан Мовароуннаҳр тупроқларидан сиқиб чиқарилгач, 1525 йилдан эътиборан Ҳиндистонга кириб боради ва ўз давлатига асос солади. Бу сулола 1858 йилда инглизлар томонидан маҳв этилади. Салтанатнинг сўнгги вакили Баҳодиршоҳ Зафар II Бирмада, сургунда вафот этади. Айрим маълумотларга кўра униг оила аъзоларидан аксарияти инглиз ҳукуматининг топшириғига биноан қириб юборилган.
Зайниддин ака Мавлонов ўзини мазкур сулоланинг Ўзбекистондаги сўнгги вакилларидан деб билади. 1950 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган, ҳозир Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Зайниддин ака Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг эркак шажараси бўйича 15-авлоди ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, инглизлар Ҳиндистонга ҳужум қилганида унинг 6 ёшли бобоси шаҳзода Мирҳазор (Мирзо Муҳиддин) Бобурийлар сулоласининг аёллари томонидан Кашмирга қочириб юборилади. Кейинчалик инглиз разведкаси шаҳзода ҳақида хабар топгач, у Кашмирдан Кобулга ўтиб, Моваруннаҳрга келади ва Бухоро амирлигида яшаб, шу ерда оила қуради.
1920 йилда Бухорони эгаллаган Фрунзе бошлиқ қизил аскарлар шаҳзода Мирҳазорни отиб ташлайди ва Зайниддин Мавлоновнинг отаси, Бобурнинг 14-авлоди Носириддин Мирзони оиласи билан Сирдарё (олдинги Мирзачўл)га сургун қилади.
Бобурийлар сулоласининг давомчиси бўлган ушбу оила ҳақида аста-секин кўпчилик хабар топади. Зайниддин Мавлонов кўплаб ҳужжатлар, китобларни ўрганиб, ҳақиқатдан ҳам Мирзо Бобурнинг авлоди эканлигини кўпчиликка исботлайди. Бобурийларнинг сўнгги ҳукмдори Баҳодиршоҳ Зафар II нинг қизларидан туғилган авлодлари бугун Ҳиндистонда ва Покистонда истиқомат қилишади.
Бухоро амирлиги
1750 йилларда Аштархонийларнинг инқирозга юз тутиши оқибатида давлат тепасига келган ўзбек манғитлари 1920 йил 1 сентябрга қадар Бухоро амирлигини бошқарган. Бухоро Совет қўшинлари томонидан эгалланганидан сўнг Афғонистонга қочишга мажбур бўлган сўнгги амир Сайид Олимхон умрининг сўнггига қадар қоракўл савдоси билан шуғулланиб ўртамиёна кун кечирган, 1944 йилда Кобул шаҳрида вафот этган.
Бугунги кунда Амир Олимхоннинг 500 дан ортиқ авлодлари, невара-чеваралари аниқланган. Амир Олимхоннинг маълумотларга кўра, 37 фарзанди, жумладан 15 ўғли бўлган. Олимхон Афғонистонга чиқиб кетган пайтида Бухорода унинг уч ўғли қолади: Султонмурод ва Раҳимхон қатағон йилларида халқ душмани сифатида қатл қилинган, Шоҳмурод кейингчалик совет ҳукумати тазйиқи билан отасидан воз кечган, совет армияси сафида хизмат қилган, генерал-майор унвонига эга бўлган. Рус аёлига уйланган ва 1985 йилда Москвада вафот этган.
Бугун амирнинг авлодлари Ўзбекистонда, шунингдек, Россия Туркия, Афғонистон, АҚШ ва бошқа давлатларда яшашади.
Амирнинг бир қанча ўғиллари Афғонистонда юз берган савр инқилобидан сўнг 1978 йилда Покистон орқали Туркиянинг Ғозиантеп шаҳрига қочиб келишган. Амирнинг ўғилларидан бири Абдулкабир Олимий шоир бўлган, Азимий тахаллуси билан шеърлар ёзган. 1932 йилда Афғонистоннинг Кобул шаҳрида туғилиб, 2013 йил 3 августда Ғозиантепда вафот этган. Ҳозир ака-укаларнинг кенжаси, амирнинг 1943 йилда туғилган ўғли Абдулсаттор Олимий Ғозиантеп шаҳрида ўз авлодлари билан истиқомат қилади.
Қўқон хонлиги
Қўқон хонлигининг юзага келиши ҳақида турли маълумотлар бор. Хонлик даврида яратилган турли манбаларда бу салтанат вакилларини Заҳириддин Муҳаммад Бобурга тақаш анъанага айланган. Сулола ўзбекларнинг минг уруғига мансуб ҳукмдорлар томонидан бошқарилган. Чор Россияси босқинидан сўнг Қўқон хонлиги 1876 йилдан расман бекор қилинади. Рус императорининг фитнасига учган Қўқоннинг сўнгги ҳукмдори Насриддинхон ўз ихтиёри ила тахтдан воз кечади. Унинг отаси, Қўқон салтанатини чорак аср бошқарган Худоёрхоннинг бешта ўғли бўлган. Худоёрхон рус ҳукуматининг кўрсатмаси билан Оренбургга сургун қилингач, кичик ўғли Ўрмонбек билан Россияга кетади. Кейинчалик ҳаж сафарига отланган Худоёрхон 1886 йилда Ҳирот яқинидаги Карух қишлоғида бандаликни бажо келтиради. Совет даврида ҳарбий соҳада хизмат қилган Ўрмонбек 1982 йилда вафот этади.
Хоннинг бошқа фарзандлари Қўқонда қолган. Уларнинг бир қисми тақдир тақозоси билан Андижонга, Тошкентга келишган. Чор ҳукумати хон оиласига маълум миқдорда нафақа тайинлаган. Совет пайтида хон авлодлари ўзларининг келиб чиқишини сир тутиб келишган.
Худоёорхоннинг бугунги таниқли авлодларидан бири Шоҳрухбек ҳожи Умаров Тошкентда истиқомат қилади. Айни пайтда у Қўқон хонлари тарихини ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади. У Худоёрхоннинг иккинчи ўғли Умарбекнинг набираси ҳисобланади. Бундан ташқари Худоёрхоннинг юзлаб авлодлари Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия ва бошқа мамлакатларда истиқомат қилади. Таниқли ўзбек қўшиқчиси Севара Назархон ҳам Худоёрхон авлодларидан биридир.
Хива хонлиги
Қўнғиротлар Хоразм мулкини 1804-1920 йилларда бошқарган сўнгги сулола саналади. 1873 йил 12 августда тузилган Гандимиён шартномаисидан сўнг Россия империясининг протекторатига айланган. Бироқ, амалда Хива хонлари то Совет ҳукумати тиклангунга қадар тахтда ўтирган. Фақат 1920 йилда хонликнинг сўнгги вакили Саид Абдуллахон тахтдан воз кечади ва Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) ташкил қилинади. Сулоланинг эркак жинсига мансуб барча вакиллари ХХСРдан қувғин қилинади. Муҳаммад Раҳимхон II - Ферузнинг ўғли бўлган Саид Абдуллахоннинг ўзи етти нафар яқин қариндоши билан Украинанинг Кривой Рог шаҳрига сургун қилинади. Саид Абдуллахоннинг уч ўғли бўлган: Саидабдулла, Раҳматилла ва Ёқуб Юсуф. Украинада бошланган очарчилик туфайли Саид Абдуллахон 1933 йилда оғир хасталикка чалиниб, вафот этади. Ўғилларининг кейинги тақдири ҳақида маълумотлар жуда кам.
Саид Абдуллахоннинг жияни (укаси Муҳаммадёр тўранинг ўғли) Абдурасул Мамадиёров Иккинчи Жаҳон уруши даврида Германияда асирликда бўлган ва мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Урушдан сўнг Кривой Рогга қайтиб, отбоқарлик қилган. Украин аёлига уйланиб, ундан уч қиз кўради. Ферузнинг бевосита набираси бўлган Абдурасул Мамадиёров 1990 йилда Хивага келиб бобосининг қабрини зиёрат қилади ва Укранига қайтгандан сўнг кўп ўтмай вафот этади. Қизларидан бўлган невара-чеваралари ҳозир ҳам Украинада яшашади.
Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг набираси Абдурасул Мамадиёров (1918-1990)
Албатта, бу сулолаларнинг биз билмаган яна минглаб вакиллари дунёнинг турли ҳудудларида умргузаронлик қилишмоқда. Уларнинг айримлари ҳатто ўз аждодлари ҳақида билишмаса ҳам керак. Чунки, уларнинг катта қисми мамлакатимиздан ташқарида, бошқа халқ ва миллатлар қатламига сингиб кетишган. Юртимизда ҳукм сурган сулолаларнинг қони бугун ҳар биримизнинг томиримизда оқади, десак хато бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter