«Кўпчиликни Ёшлар Иттифоқига берилган 200 миллиард сўмнинг нима учун сарфланиши қизиқтиради...»
Кўпчиликни Иттифоққа берилган 200 миллиард сўмнинг қаерга, нима учун сарфланиши қизиқтиради. Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг раиси Алишер Саъдуллаев энди 4 та янгича тамойил асосида иш олиб бормоқчилигини эълон қилди. Бунинг натижасида ташкилот фаолиятига бўлган кўплаб саволлар ҳам ўз жавобини топади. Ёш раҳбар мазкур тамойилларни амалга оширишни ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар фикрини ўрганишдан бошлади.
— Мақсадимиз аниқ. Ёшларимиз билан 4 та асосий тамойиллар, яъни Очиқлик (Кадрлар ва Молиявий соҳаларда), Мулоқот (ёшлар хоҳиш ва таклифлари), Доимий изланиш, таҳлил этиш ва ривожланиш (ташкилот замон билан ҳамнафас, янгилик ва таклифларга доимо очиқ бўлиши) ва Қўллаб-қувватлашни белгилаб олдик, – дейди Алишер Саъдуллаев.
Ташкилот ишлаб чиқилган 4 та тамойилга амал қилган ҳолда ёшларнинг таклифлар юбориши учун Gооglе формани йўлга қўйди.
Бундан ташқари, энди ташкилотнинг дастлабки тамойили бўлган кадрлар ва молиявий соҳалардаги очиқлик асосида энди Ёшлар иттифоқига ажратилган маблағларнинг қаерга қандай сарфлангани ҳақида молиявий ҳисобот тақдим этиб турилади.
—Ёшлар иттифоқидан яхши чақириқ бўлди. Айниқса, Очиқлик принципида ишламоқчи экани эътиборга молик, – деб ёзади журналист Азиза Қурбонова ўзининг телеграмдаги каналида. —Ҳозирча ойлик, чораклик, молиявий ҳисоботни доимий тақдим этадиган бирор ташкилотни билмайман. Йил охиридаги матбуот анжуманларининг нафи кам. Чунки пул тасарруф этиб бўлинган бўлади. Бу ўз ўрнида бюджетдан молиялаштириладиган давлат ва нодавлат ташкилотлари учун яхши янгилик бўлади.
Кадрларни тайинлаш бўйича ҳам очиқлик тамойили жуда муҳим. Энди энг кичик бўғиндаги кадрлар салоҳияти ва малакасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Кадрлар малакасини ошириш бўйича керакли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади.
Яна бир тамойил эса ёшларнинг хоҳиш истаклари ва таклифларига қаратилган бўлиб, энди ташкилот ёшларни тинглайди. Иттифоқ уларнинг эзгуликка йўғрилган ташаббуслари ва долзарб таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бу борада очиқ мулоқотлар мунтазам равишда ташкил этилади.
Шаҳноза Нуруллаева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter