Когонда чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводи иш бошлади
Бухоро вилоятининг Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводи иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Корхонага тумандаги фойдаланилмай ётган бўш бино ва иншоотлар инвестиция киритиш мажбурияти билан «ноль» қийматда берилди. Шартномага кўра, 1,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ёрдамчи бинолар таъмирланди. 5,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, заводнинг асосий ишлаб чиқариш бинолари қурилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва унинг вилоят филиали томонидан ажратилган 6 миллион АҚШ долларидан зиёд кредит ҳисобидан лойиҳанинг биринчи босқичи ниҳоясига етказилди. Хитойда ишлаб чиқарилган чиқиндиларни саралаш линияси ўрнатилди. У бир кеча-кундузда 450 тоннагача чиқиндини қабул қилиш қувватига эга. Заводнинг чиқиндиларни саралаш линияси, аниқроғи, корхонасида конвейер асосида дастлаб оғир жисмлар – металл, тош ва шиша, сўнгра яроқсиз резина ва автошиналар, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шабба ва хазон, макалатура, қурилиш чиқиндилари, пластмасса идишлар, яроқсиз ва қийқим матолар сараланади. Барча жараён тўлиқ ва ярим тўлиқ автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.
Чиқиндилардан тайёрланаётган иситиш қозонхоналарида фойдаланиладиган муқобил пиролиз ёқилғиси, брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, пишган ғишт, биогумус ва бошқа маҳсулотлар харидоргир. Ҳадемай, мато қийқимлари ва яроқсиз матолардан тўқимачилик газламаси ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.
Ҳозирги пайтда чиқиндиларни ташиш хизмати, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш цехлари ва бошқа ёрдамчи бўлинмаларда 350 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter