Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жазирама кучаймоқда: қандай чоралар кўрмоқ керак?

Жазирама кучаймоқда: қандай чоралар кўрмоқ керак?

Фото: Xabar.uz

Таҳлилларга кўра, ўтган йили кузатилган аномал иссиқ ҳарорат Европада 60 000 нафардан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Бу — аввал прогноз қилинганидан уч баробар кўп кўрсаткич.

Хавотирли жиҳати, сайёрамизда глобал исиш жараёни давом этар экан, мазкур рақамлар йилдан йилга ортиши мумкин.

Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси жазирамадан сақланиш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилди.

Аномал ҳарорат кузатилаётган даврда иссиқ ўлкаларга саёҳат қилишдан аввал об-ҳаво прогнозидан хабардор бўлиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда йўлга чиқиш зарур.

Жазирамада доим ёнингизда салқин сув олиб юришни унутманг. Зарурат бўлмаса, ҳарорат юқори соатларда кўчага чиқмаслик ва оғир жисмоний ишлар билан шуғулланмаслик керак.

Бундай вазиятда транспорт воситаларида болалар ва ҳайвонларни қолдириш тўғри эмас. Иложи бўлса, кундузи камида икки-уч соат давомида салқин жойда вақт ўтказган маъқул.

Тунда хона деразаларини очиш, кундузи офтоб нурини қайтариш учун хоналарга пардалар тутиш ва жазирима кунларда имкон қадар ўзидан иссиқ чиқарувчи электр мосламаларидан камроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Организмнинг сувсизланишига йўл қўймаслик учун кунига етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш жуда муҳим.

Мутахассислар, шунингдек, енгил, табиий матодан тикилган ва кенг либослар кийишни, имкон қадар тез-тез салқин душ ёки ванна қабул қилишни, шакарли, алкоголли ёки кофеинли ичимликлардан воз кечишни тавсия қилади.

Кўп вақтини ёлғиз ўтказадиган яқинлар, дўстлар ва қўшнилар соғлиғидан мунтазам хабардор бўлишни ёддан чиқармайлик. Чунки иссиқ кунларда заиф одамлар ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.

Аномал ҳарорат таъсирида ўзингиз ёки яқинларингизда бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби аломатлар кузатилса, шифокорга учрашинг.

Аввалроқ жорий йилнинг 24-27 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига иссиқ ҳаво кириб келишини маълум қилинганди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг