Ишдан ортмаган ота ўғлининг ўлимидан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат қилди
Портлендлик (АҚШ) Жей Ар Стормент охирги саккиз йилини фақат ишга бағишлади. Меҳнатлари зое кетмади — оиласини яхши таъминлай олувчи бизнесни йўлга қўйди. Бироқ... Пул топаман деб кўп нарсани йўқотиб қўйганини энди англамоқда.
«Роппа-роса саккиз йил аввал биз эгиз фарзандлар кўрдик, яна мен «Cloudability» асосчиларидан бири бўлдим. Уч ой олдин мен компаниянинг тўлақонли хўжайинига айландим. Уч ҳафта илгари эса эгизакларимиздан биридан ажралиб қолдик».
Жей Ар Стормент
Хотини нохуш хабарни айтиш учун қўнғироқ қилганида Стормент йиғилишда эди. «Вайли ўлди», — деди Жессика совуқ овозда. Жей Ар шу он уйига учди. Уйига келса бир нечта тез ёрдам ва полиция машиналари турибди. Саккиз ёшли бола қўққисдан вафот этса, бунинг тагида жиноят аломатларини қидиришади.
«Ўғилгинамни кўриш учун икки соатдан ортиқ азобли онларни бошдан ўтказдим. «...» Бизга хонага киришга рухсат беришганида, мени ёқимсиз хотиржамлик чулғаб олди. Унинг кроватига ёнма-ён ётиб, қўлларини ушлаб: «Нима бўлди, оғайни?», деб сўрадим».
Жей Ар Стормент
Вайлининг жони кечаси узилган экан. Эрталаб онаси ухлаяпти деб ўйлаб, уйғотмаган. Кейин келиб қараса, танаси совиган... Ҳеч нарсадан бехабар укаси ёнида айпад ўйнаб ўтирган.
Ўтган йили Вайлига хавфсиз роландик эпилепсия ташхисини қўйишганди. Ота-онасининг фикрича, бола тутқаноқ пайтидаги фавқулодда ўлим синдромидан нобуд бўлган.
«Биз гаплашган ҳамма педиатрлар ва неврологлар хавотирланишга ҳожат йўқлигини айтишганди. Эпилепсияси бор ҳар 4500 та боланинг биттасида шу синдром борлигини айтишганди. Врачларга, статистикага ишонибмиз».
Жей Ар Стормент
Фожиадан бир ҳафта ўтиб ота-она қалбидаги ғам-аламни бутун дунёдаги ҳамкасбларига тўкиб-сочишди. Жей Ар ва Жессика ҳаётдан асл мақсадни англаб етиш, оила билан ўтказиладиган ҳар бир онни қадрлашга чорлашди.
«Бу вазиятда олганларимиз шу бўлдики, ҳаёт жуда нозик, берилган вақт эса жуда қисқа».
Жессика Брандес
«Кўплар бизга қандай ёрдам керак, дейишмоқда. Болаларингизни бағрингизга босинг. Ишда кеч қолиб кетманг. Вақти қазонгиз етиб келганида, умрингизни беҳуда ўтказганингизга куйиниб қолманг».
Жей Ар Стормент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter