Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутатнинг пойтахт ҳокимига юборган сўрови жавобсиз қолмоқда

Депутатнинг пойтахт ҳокимига юборган сўрови жавобсиз қолмоқда

Фото: «Адолат» СДП Матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Саматовнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Каттаҳовуз», «Сузук ота», «Эшонгузар», «Янги Камолон», «Камолон» маҳаллалари аҳолиси билан юзма-юз мулоқоти чоғида қатор муаммолар юзага қалқиб чиққан эди. Шу бўйича пойтахт ҳокимига депутатлик сўрови юборилган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон «Адолат» СДП матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, «Сузук ота» маҳалласининг Сўзона берк кўчасида яшовчи аҳолининг газ, электр энергияси таъминотида муаммолар юзага келаётгани, «Каттабоғ» маҳалласида 400 нафардан ортиқ болаларга мактабгача таълим муассасаси зарурлиги, Ўзгариш, Атиргул кўчаларининг ички йўлларини таъмирлаш кераклиги ҳамда Каттабоғ кўчасида аҳоли фойдаланиши учун канализация йўқлиги каби муаммолар анчадан буён ечимини кутиб ётибди.

Ушбу масалалар жойида ўрганилганда «Каттабоғ» маҳалла ҳудудидаги Зомин кўчасида бир вақтлар болалар боғчаси бўлган Республика кўзи ожизлар жамиятига тегишли бино ташландиқ аҳволга келиб қолганлиги, унда тадбиркорлар фаолият олиб боришаётгани аниқланган. Мазкур бинони аҳолига боғча сифатида хизмат кўрсатилиши масаласини кўриб чиқиш таклифи билдирилган.

Шунингдек, сўровда «Янги Камолон», «Камолон» МФЙлар ўз биносига эга эмаслиги сабабли «Камолон Дарвоза» маҳалласи ҳудуди 8а-уй рўпарасида маҳалла идорасини қуриш, 43-сонли Оилавий поликлиника ва 491-сонли МТМ олдида пиёдалар ўтиш йўлагини таъмирлаш ва жами 11 та кўчанинг 3500м2  қисмига асфальт қопламаси ётқизишда ҳамда 567-сонли МТМ биноларини таъмирдан чиқаришда амалий ёрдам бериш каби мурожаатлар кўтарилган.

Депутатлик сўровининг мақсадига кўра, Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари ходимларига шарт-шароитларни таъминлаш борасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан режалаштирилаётган ишлар юзасидан ахборот берилиши сўралган. 

Гарчи қонунчиликда белгиланган муддат 10 кун ўтган бўлса-да, ҳоким томонидан депутатлик сўровига жавоб берилмади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига кўра, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат, сенатор сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб бериши лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг