Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ортиқхўжаевнинг қарори Олий судда бекор бўлди

Ортиқхўжаевнинг қарори Олий судда бекор бўлди

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кўп мунозара ва тортишувларга сабаб бўлган қарори барибир бекор қилинди.

Гап шундаки, пойтахт раҳбари икки ярим йил аввал «Building and Supplies» МЧЖга кўп қаватли турар-жой қуриш учун Яккасарой тумани «Юнус Ражабий» маҳалласидан 0,50 гектар ер майдони ажратиш ҳақида қарор чиқарганди. Ҳоким қарори билан ажратилган ер майдони бир эмас, тўртта кўп қаватли уйлар оралиғида эдики, бу ҳол шу ерда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлди.

Бироқ аҳолининг эътирозига биров қулоқ солгани йўқ: мурожаатларнинг натижаси «0» (ноль)га тенг бўлаверди...

Шундан сўнг маҳалланинг фаол фуқаролари Чилонзор туман маъмурий судига бош уриб бордилар: ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас, деб топишини сўраб. Бироқ суд уларнинг аризасини рад этди (11.12.2019 й.): ҳокимнинг қарори — қонуний, бекорларни айтишибсан, дегандай гўё...

Тошкент шаҳар маъмурий суди ҳам туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдирди (27.01.2020й): балли, коллегия!

Икки бор суддан тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтган аризачилар бу гал Бош прокуратурага мурожаат қилди. Уларнинг мурожаати маҳкаманинг маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармасида жиддий кўриб чиқилди.

Қаралдики, мурожаат асоссиз эмас. 

Нега?

Бошқарма бошлиғи Дилшод Аҳмедовнинг «Xabar.uz»га тушунтиришича, ер майдони ажратиш ҳақида юқоридаги қарор чиққан пайтда Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳрида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ «Тошкент шаҳрида ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш бўйича комиссия томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори амалда бўлган. Хусусан, унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган комиссиянинг қарорисиз Тошкент шаҳар ҳокимиятига ер участкалари ажратиш тақиқланади. Шаҳар ҳокимлиги айни шу талабга риоя этмаган, бу — бир. Иккинчидан, «Building and Supplies» МЧЖ ҳокимнинг қарори чиқиши ҳамоно қурилиш ишларини бошлаш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, ташкилотларга келишиш учун юборган. Бунга «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК рад жавоби берган! Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматининг хулосаси-ку умуман олинмаган?!

Яна бир муҳим ҳолат. Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик норма ва қоидаларига кўра кўп қаватли уйлар оралиғига (болалар ўйин майдончалари, кийим-кечак қуритиш майдончалари, автомобилларнинг вақтинчалик тўхташ жойларидан ташқари) ҳар қандай бошқа мақсадли объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. «Building and Supplies» МЧЖга  ажратилган ер майдони эса бир эмас, тўртта «дом»нинг оралиғида жойлашган бўлиб, яна денг, бу ерга кўп қаватли уйлар қуришга рухсат этимоқда.

Бундай ҳолатда шаҳар ҳокимининг қарорини қонуний деб бўлмайди. Суд эса қонунсизлик «мана ман» деб турган нуқталарга умуман эътибор бермаганига нима дейсиз?!

Шу тариқа суд қарорларига нисбатан назорат тартибида протест киритилди.

...Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова имзолаган протест Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўрилиб, қуйи инстанция суди қарорлари бекор қилинди. Шу баробарида судлов ҳайъати янги қарор қабул қилдики, унга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг «Building and Supplies» МЧЖга кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер ажратиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Бу — ким-ким, пойтахт ҳокимининг «панжасига панжа уришга» журъат этган фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланганини англатади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг