Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутатни «РУВД»га «жиддий» раҳбар чақирди (аудио)

Депутатни «РУВД»га «жиддий» раҳбар чақирди (аудио)

Тошкент шаҳар Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдиновни «ИИО подполковниги» деб таништирган одам орган биносига чақираётганини ҳақида аудио тарқалди.

ЎзЛиДеП партиясидан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия аъзоси, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар асосчиси ва маъмури Нуриддин Зайнитдинов бир неча депутатлик текширувлар ўтказгани ортидан унга «сиёсий буюртма» билан провокация уюштирилаётганини маълум қилди.

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, президент Администрацияси ва Бош прокуратурага йўллаган мурожаатида депутат унга «айрим мансабдорларнинг думини босиб олгани» сабаб таҳдид бўлаётганини қайд этган.

«Менга нисбатан жамоатчилик назорати фаоли ва маҳаллий Кенгаш депутати сифатида қонуний ҳақ-ҳуқуқларим бузилиб, ҳар томонлама тазйиқ ва сиёсий босим бўлмоқда», деб ёзади у.

Маълум қилишича, 21 октябр куни унинг шахсий телефон рақамига қўнғироқ бўлиб, унда ўзини ички ишлар органлари подполковниги деб таништирган шахс, Учтепа тумани ИИО ФМБ биносига зудлик билан етиб келишини талаб қилиб, келмаса қаерда бўлса ҳам топиб олиб кетишларини айтиб таҳдид, босим ва провокация уюштирилган.

«Бундан ташқари ички ишлар ва бошқа органлар ходимлари қариндошларимга тегишли бўлган уйларга борган, мени қидираётганларини маълум қилиб, уларнинг қўни-қўшниларига саволлар берган. Ички ишлар органлари ходимининг фикрига кўра, депутат бўла туриб, ташрифдан олдин халқни фикрини бузиб, бузғунчилик ва ғаламислик қилаётган эканман. Танқид ҳам қилмаслигим, имкони бўлса гапирмаслигим керак экан.

Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда тумандаги битта орган раҳбари кутилаётган давлат тадбири олдидан ички ишлар органи биносига мени чақиртириб, дахлсизлик ҳуқуқим борлигига қарамай, қонунларни бузиб, МЖтКнинг 194 моддасини асоссиз қўллаб, 15 сутка қамоқга жўнатишмоқчи бўлишган», — дейди у.

Ҳолатга бошқа депутатлар ҳам ўз муносабатини билдиришди.

«Асл аҳволимиз ҳақида бошқа гап йўқ: нафақат депутатлик балки фуқаро сифатидаги Конституцияда кафолатланган дахлсизлик ҳам амалда расво.

Нормал, ҳуқуқий давлатда Парламент тизими вакили – маҳаллий Кенгаш депутатини асоссиз ва дахлсизлик ҳуқуқини ечмай 15 сутка қамоқга жўнатиш мумкинлигини тассавур қилиб бўлмайди», дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг