Бухорода отасининг 100 минг долларига эга чиққан ўғил қўшнисини сувга чўктирди
2018 йилнинг 1 февраль куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида ўта оғир жиноятларни содир қилган фуқаролар Ш.Зарипов ва Ш.Камолов(барча исм-фамилиялар ўзгартирилди) га нисбатан айблов ҳукми ўқилди.
Жиноят иши тафсилотларига кўра судланувчи Ш.Зарипов тадбиркорлик билан шуғулланувчи отаси Г.Зариповнинг Самарқанд вилоятидаги бизнес-шерикларига 100 минг АҚШ доллари юбориш ҳақидаги режасидан хабар топган ва таниши Ш.Камолов билан жиноий тил бириктириб, пулларни Самарқанд шаҳрига етказувчи киракаш(Т.Абдуллаев)ни «у орқали Самарқанд вилоятида яшовчи танишига кучукча юбориш» баҳонасида алдов йўли билан уйига чақирган.
Тадбиркор Г.Зариповдан пулларни Самарқанд шаҳрига етказиш топшириғини олган киракаш (Т.Абдуллаев) Ш.Зарипов ва Ш.Камоловларнинг жиноий мақсадидан хабарсиз ҳолда Ш.Зариповнинг уйига борган. Жиноий шериклар киракашга руҳий касалларга тинчлантириш мақсадида бериладиган «Азалептол 100» дорисининг 3 донасини лимон шарбатига аралаштириб ичтиришган.
Т.Абдуллаев шундан сўнг Ш.Зариповнинг уйидан чиқиб ўзининг «Ласетти» автомашинасида Бухоро-Самарқанд йўналиши бўйича Самарқанд шаҳрига қараб йўлга чиққан. Жиноий шериклар эса вақтни қўлдан бой бермай «Каптива» автомашинасида унинг ортидан кузатиб боришган. Охир-оқибат Т.Абдуллаев дори таъсирида Вобкент тумани Янгиҳаёт қишлоғи ҳудудидан ўтувчи М-37 йўлининг 247-километрида тўхтаб, ухлаб қолган. Бундан фойдаланган жиноий шериклар (Ш.Зарипов ва Ш.Камолов) «Ласетти» автомашинаси олд томон йўловчи ўриндиғи остида бўлган 100 минг АҚШ долларини олиб кетишган.
Бу ҳолат юзасидан тадбиркор Г.Зарипов ҳам, киракаш Т.Абдуллаев ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишмаган.
Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолаётган эди, лекин...
2017 йил июнь ойининг бошларида Ш.Зариповнинг қўшниси Р.Каримов жиноий шериклар Ш.Зарипов ва Ш.Камоловларнинг қилмишларидан хабар топиб қолади. Ушбу ҳолатдан фойдаланиб қолишни кўзлаган «уддабурон» қўшни Ш.Зариповдан ҳақ талаб қилиб, агар 40 минг АҚШ доллари бермаса, содир қилинган босқинчилик жинояти тўғрисида отаси (тадбиркор) Г.Зарипов ва бошқаларга айтишини билдириб, уни қўрқитган. Ш.Зарипов содир қилган жинояти фош бўлишидан қўрқиб, Р.Каримовнинг 25 млн. сўмлик қарзидан воз кечган ҳамда босқинчилик йўли билан эгалланган маблағ ҳисобидан 10 минг АҚШ доллари берган.
Аммо Р.Каримовни қўшнининг «ҳиммати» қаноатлантирмади ва у яна пул талаб қилишда давом этди. Шундан сўнг Ш.Зариповда Р.Каримовни йўқ қилиш нияти пайдо бўлди. У ва жиноий шериги Ш.Камолов келишиб, содир қилган босқинчилик жиноятини яшириш ва фош бўлишининг олдини олиш мақсадида Р.Каримовни ўлдириш режасини тузишди.
Жиноий шериклар (Ш.Зарипов ва Ш.Камолов) 2017 йил 14 июнь куни соат 22:00 лар атрофида қўшни(Р.Каримов)га қўнғироқ қилиб, у талаб қилган пулнинг қолганини бериш учун Бухоро шаҳридаги Темирйўлчилар ва Когон кўчалари кесишган жойда учрашишни таклиф қилишди ва соат 23.00 ларда у билан учрашишди. Улар пул бошқа бир шахснинг қўлида эканлигини айтиб қўшни (Р.Каримов) бошқарувидаги «Ласетти» автомашинасида Когон тумани йўналиши бўйича ҳаракатланишни бошлашди. Йўлда кетаётганларида қўшни (Р.Каримов) охирги кунларда унда бел оғриғи пайдо бўлганини айтиб шикоят қилган. Бу ҳолат қотилликни янада енгиллаштиришини сезган жиноий шериклар оғриқ қолдирувчи дори деб «Азалептол 100» дорисининг 2 донасини унга алдаб ичиришган. Орадан бироз вақт ўтиб қўшни (Р.Каримов) ҳушидан кетган ва вафот этган. Мурдадан қутулиш мақсадида жиноий шериклар уни ўз автомашинаси билан «Аму-Бухоро» каналига чўктириб юборишган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳукмига кўра судланувчиларнинг ҳар бирига 20 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят иши маҳкумларнинг шикоятига асосан апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2018 йилнинг 16 майдаги ажримига асосан маҳкумларнинг шикоятлари қаноатлантиришсиз ва биринчи босқич суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди ҳамда шу кундан бошлаб суд ҳукми қонуний кучга кирди.
И.Муслимов,
жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилоят суди раиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter