Бухорода эшакнинг қулоқлари шафқатсизларча кесиб ташланди. Жонивор уч кун азобланиб, сўнг ўлган
Пешкўда эшак қулоқларини кесиб ташлаган шахс ҳатти-ҳаракати юзасидан иш очилди.
Бухоро вилояти, Пешкў тумани, Туркистон МФЙ, Тегирмончи қишлоғида яшовчи Умид Аллаев ҳамқишлоғи Жамшид Худойқуловга тегишли бўлган эшакнинг қулоқларини шафқатсизларча кесиб ташлаган.
«Xabar.uz» мухбирининг аниқлик киритишича, қулоқлари тагидан кесиб ташланган эшак ўлган.
«Бундан олти ой илгари ҳамқишлоғим Умид Аллаев ҳеч сабабсиз айнан шу эшагимнинг думини кесиб ташлаб, шафқатсизларча муносабатда бўлган эди. Инсонийлик жиҳатдан нега бундай қилганини сўраганимда, «Мен хоҳлаган ишимни қиламан, қаерга мурожаат қилсанг қил. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди», дея иддао қилган. Ёмонлик ҳамманинг қўлидан келади. Бироқ, ҳамқишлоқлик андишасини сақлаб, гапирмагандим. Уч кун олдин эса шундоқ томорқа еримизга яқин жияк (чел)да боғлиқлик эшагимизнинг икки қулоғини ҳам тагидан кесиб, ўта шафқатсизлик қилибди. Эшагимиз жуда кўп қон йўқотди. Муолажаларимиз, қилган дори-малҳамларимиз хайф кетди. Уч кунда қулоқлари қуртлаб кетиб, учинчи кун кечқурун ўлди. Рўзғоримизни тортиб турган шу эшак эди. Кимдир «э-э, бир эшак-да», дер. Аммо, ҳайвон тилсиз бўлгани билан унинг ҳам жони бор... Бу гал ҳамқишлоғимга белгиланган тартибда қонуний чора кўришларини сўрайман», - деди Жамшид Худойқулов.
Ҳолат юзасидан журналист ўрганувига кўра, Умид Аллаев узоқ йиллардан буён эшак олди-соттиси билан шуғулланиб келган. Унинг одамлардан эшакларни олиб, уларни бир жойга тўплаб, сотишидан кўпчилик хабардор бўлган.
«Умид Аллаев бир неча маротаба уйланиб, ажрашган. Кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Ўтган йил вақтинча жамоатчилик ишларига жалб қилинган эди. Ҳақиқатан Умид Аллаев бугунги кунда қишлоқлардан эшак тўплаб, сотади. Кўпчилик одамлар сотиб бериши учун эшагини олиб келади. Аммо, 20-30 талаб эшакларни тўплаб, қаерга олиб бораётгани ҳақида менда маълумот бергани йўқ», дейди маҳалла раиси Мухлиса Жабборова.
Маҳалла раисининг қарашича, бу ҳам тирикчиликнинг, қолаверса, тадбиркорликнинг бир кўриниши. Қизиқ, эшак олди-соттиси билан шуғулланиш қонунда белгиланмаган тартибда тадбиркорликнинг бир кўриниши экан, унда маҳалла масъуллари нега 20-30 талаб эшакларнинг айнан қаёққа олиб кетилиши билан ҳеч қизиқишмаган. Беихтиёр кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда яширин равишда эшакларнинг сўйилиб, гўштларининг сотилаётгани хусусидаги хабарлар кўз олдингизда гавдаланади.
«Умид Аллаев 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан айбланиб, жазо муддатини ўтаб қайтган. Айни пайтда тирикчилик учун худди мол савдосидек эшак савдоси билан шуғулланади. Бу савдо билан шуғулланадиган фуқароларда қонунда жавобгарлик масаласи йўқ. Лекин мен ҳам фуқаронинг эшакларни тўплаб, қаерга олиб бориб, сотишидан хабардор эмасман. Унинг қўшнисининг эшаги қулоғини шафқатсизларча кесиб ташлаб, эшакнинг ўлимига сабабчи бўлганини кечқурун эшитдим. Унинг ҳатти-ҳаракати юзасидан иш бошладик. Бевосита Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддаси билан жавобгарлик масаласи белгиланган. Тарафларни чақириб, ҳолат бўйича аниқлик киритиб, унга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Бу ҳақда маълум қиламиз», дейди ҳудуд профилактика инспектори Насим Боғиев.
Маълумот ўрнида: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш)га кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter