Бухорода экокузатув камералари ишга тушди
Бухоро экологик ҳуқуқбузарликларни аниқловчи онлайн кузатув камералари ишга тушди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, 20 дан ортиқ экокузатув камералари ҳуқуқбузарликни онлайн кузатиб туриш мақсадида ўрнатилган.
«Атроф-муҳитни асраш ва унга зиён етказмаслик ҳар биримизнинг ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчимиздир. Мана шу бурчни янада ошириш мақсадида Бухоро шаҳрида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд, Шербуддин, Меҳтар Амбар, Абдураҳмон Жомий кўчалари ҳамда Когон туманидаги «Қизилгул» массивида онлайн кузатув камералари ўрнатилди. Шу орқали ахлатхонага боришга эринаётган ёки тозаликка риоя қилмаётган фуқароларнинг йўл четларида, кўчаларда ахлат ташлаб кетишларининг олдини олишга қаратилган», — деди бошқарма матбуот хизмати ходими Маржона Шукурова.
Таъкидланишича, ушбу камералар 360 даражада тасвирга олиш имконини беради. Эътиборли томони шундаки, ушбу камералар нафақат белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш балки, бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликлар ҳам четда қолмайди. Экологик ҳуқуқбузарликка ким томонидан қилингани Ички Ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда аниқланади. Ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан ўз вақтида чора кўриш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик учун фуқароларга 340 000 сўмдан 1 020 000 сўмгача, мансабдор шахслар учун эса 3 400 000 сўмдан 6 800 000 сўмгача жарима жорий этилган.
Камера тасвирдаги жараёнлар Экология вазирлиги Диспертчилик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан доимий кузатиб борилади. Ҳудудларда камера ўрнатилгандан буён 14 та экологик ҳуқуқбузарлик ишлари аниқлангани билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter