Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода 200 нафардан ошиқ ИИБ ходими жазоланди: тафсилотлар

Бухорода 200 нафардан ошиқ ИИБ ходими жазоланди: тафсилотлар

Бухорода ўтган 2023 йил давомида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган сайъ-ҳаракатлар натижасида 5300 тадан ортиқ жиноятлар содир этилгани аниқланган. Шунингдек, 200 нафардан ошиқ ходим жазоланган. 

Бу ҳақда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов иштирокидаги матбуот анжуманида эълон қилинди.

Таъкидланишича,  12 та қотиллик жинояти, 43 та оғир тан жароҳати етказиш, 3 та босқинчилик, 642 та ўғрилик, 71 та ўлим билан боғлиқ йўл транспорти ҳодисаси ва ҳоказолар илгариги йилга нисбатан камайган.

«Юқорида қайд этилган жиноятлар кўлами 2022 йилга нисбатан паст, аммо айрим жиноятлар борки, уларнинг салмоғи ошганлигини яширишга ҳожат йўқ. Фирибгарлик жинояти 1340 та содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилда 1 153  тани ташкил этган. Номусга тегиш жинояти 36 та бўлиб,13 тага кўпайган. Худди шунингдек, 19 та талончилик жинояти содир этилгани аниқланиб, бу бир йил илгари 9 тадан иборат бўлган»,-деди Миржамол Миралимов.

Ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш ва бошқа идораларнинг ҳисобида турган

Маълум қилинишича, тазйиқ ва зўравонликка учраган, профилактик ҳисобда турган ҳамда жиноят содир қилган, ажрим ёқасига келиб қолган 14 403 нафар хотин-қизларнинг оилавий шароитлари ўрганилган. 2395 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Берилган ҳимоя ордерлари қоидаларига риоя қилмаган 287 нафар фуқаролар МЖтКнинг 2061-моддасига (ҳимоя ордери талабларини бузиш) асосан, маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳимоя ордери берилиши натижасида 1048 та оила яраштирилиб, 1149 та оилаларда низолар бартараф этилган.

Хизмат текширувлари рақамлаштирилади

Билдирилишича, вилоят ички ишлар органлари ходимларининг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, жами 220 та  мурожаатлар келиб тушган. ЙҲХХ ходимининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан - 82 та, профилактика инспекторлари устидан 100 та, терговчилар устидан 8 та  ва бошқа соҳавий хизмат ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари устидан 30 та норозилик билдирилган. 202 нафар ходимлар томонидан хизмат интизоми бузилган.

«Бундай ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди. 105 нафар ходимга «Танбеҳ», 55 нафар ходимга «Ҳайфсан»,  27 нафар ходимга «Қаттиқ ҳайфсан»,  8 нафар ходимга «Эгаллаб турган лавозимидан озод этиш», 3 нафар ходимга «Жарима» ҳамда  3 нафар ходимга «ИИОлари хизматидан бўшатиш» интизомий жазолари қўлланилди. Албатта, ходимларимиз томонидан хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиш ҳолатларининг содир этилганлиги, уларнинг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўлланган ҳар қандай мурожаат аянчли ҳодисадир. Шунинг учун биз, ходимларимизни ўқитиш, тарбиялаш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлашни фаолиятимизнинг энг устивор вазифаси, деб белгилаб олганмиз. Бундан ташқари, ходимлар билан боғлиқ ҳолатлар назоратини кучайтириш мақсадида, хизмат текширувлари жараёнларини рақамлаштирдик. Бу эса, албатта, ўз самарасини кўрсатади»,-деди Миржамол Миралимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг